Катта сотқинлик
Европа демократлари Ҳитлерга Чехословакияни қандай сотган эди?
Мюнхенда 1938 йил 29 сентябрда тузилиб, 30 сентябрда имзоланган Чехословакияни (Чехия ва Словакия 1993 йил 1 январгача битта давлат бўлган — tafsilot.uz) бўлиш ҳақидаги битим «Мюнхен келишуви» номи билан тарихда қолган.
Аммо охирги чорак аср мобайнида тарихчилар орасида 1939 йилнинг август ойида СССР билан Германия ўртасида «Молотов-Риббентроп пакти» номи ила машҳур бўлган битим имзолангандан сўнг Иккинчи жаҳон уруши бошланишига йўл очилди деган гапларни гапириш урф бўлди.
Немисларнинг ғурури топталганидан фойдаланиб...
Бошқа бир ҳужжат ҳақида, Европа демократияси шаънига кетмас доғ бўлиб тушган, ўн миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган урушга йўл очган ҳужжат ҳақида жуда кам гапирилади, у бўлмаганда 1939 йилги ҳужжат ҳам имзоланмаслиги мумкин эди. Гап 1938 йилги Мюнхен битими ҳақида кетмоқда, у «Мюнхен келишуви» номи билан машҳур.
Биринчи жаҳон уруши якунига кўра мағлуб бўлган Германиянинг аҳволи ниҳоятда оғир ва ҳақоратомуз эди. Собиқ империя ўзининг барча денгизорти колонияларидан маҳрум бўлибгина қолмай, Европадаги бир қатор ҳудудларидан ҳам ажралган, улар қўшни давлатларга берилган эди. Германия ғолиб давлатларга улкан миқдорда товон тўлар, бундан ташқари унинг армияси ва оғир қурол-аслаҳаларига нисбатан чеклов ўрнатилган эди. Унга 100 минг кишидан ортиқ армияга, танклар ва авиацияга эга бўлиш таъқиқлаб қўйилганди.
Адолф Ҳитлер бошлиқ национал-социалистлар айнан немисларнинг ғурури топталганидан фойдаланиб 1933 йилда ҳокимият тепасига келишди.
Ҳитлер Германиянинг ҳарбий қудратини тикламоқчи ва йўқотилган ерларни қайтармоқчи эди. Фюрернинг реваншистик планларини аҳолининг катта қисми қўллаб-қувватлади, аммо бу гапларга ишонмайдиганлар ҳам кам эмасди, улар бу планларни амалга ошириш имконсиз, чунки Англия ва Франция «Версал системаси», яъни Европада Биринчи жаҳон уруши якуни бўйича ўрнатилган тартиб бузилмаслигининг кафилидир, Германия яна бош кўтарадиган бўлса тумшуғига ўхшатиб тушириб қолишади дейишар эди.
Ҳарбий потенциалини шиддат билан тиклаб бораётган Германия 1936 йилда Рейн демилитаризация қилинган зонасига қўшин киритиб, очиқдан-очиқ Англия ва Франциянинг жиғига тегмоқчи бўлди. Бу зона Германиянинг Франция билан чегарадош ҳудуди бўлиб, Версал шартномасига кўра немислар у ерга ҳарбий кучларини жойлаштириши таъқиқланган эди.
Германияда кўпчилик Ҳитлернинг бу ишини яққол авантюра деб ҳисоблади, чунки Франция ва Англия Версал принципларини бузган немисларнинг яна тумшуғини ерга ишқаб қўйиш учун етарли кучга эга бўлиб, бу галги мағлубиятдан кейин мамлакат қайтиб ўзини ўнглаб ололмаслиги тайин эди.
Бироқ, кўпчиликни ажаблантириб, Англия ва Франция Германиянинг бу ҳаракатига бирон-бир муносабат билдирмади.
Агрессорни тинчитиш
Ғарбий Европа давлатларининг ўзини бундай тутиши кейинчалик «агрессорни тинчитиш сиёсати» деб аталади, уларнинг бундай қилишининг иккита сабаби бор эди.
Биринчиси — Англия ва Франция афкори оммаси янги катта урушга тайёр эмас эди. Биринчи жаҳон урушида улкан талофат кўрган мамлакатлар яна қон тўкилишини хоҳламадилар. Мағлуб Германиядан фарқли равишда ғолиблар ҳатто «Версал системаси» борасида баъзи ёнберишлар эвазига бўлса ҳам янги тўқнашувдан қочишни авло деб билишди.
Иккинчиси — Ғарб давлатлари тобора куч тўплаётган Германия ва Италиядан иборат фашистлар блокига эмас, Совет иттифоқи ва халқаро коммунистик ҳаракатга асосий хавф сифатида қарашарди. Англия ва Франциянинг жуда кўп сиёсатчилари кучга тўлаётган Германиядан СССРга қарши қурол сифатида фойдаланишни кўзлар эди.
Фашистларга қарши қатъий фикрига эга бўлган совет раҳбарлари буни кўрмасликлари мумкин эмасди.
Германия билан СССРнинг илк жиддий тўқнашуви Испанияда 1936 – 1939-йилларда давом этган гражданлар урушида юз берди, унда Германия ва Италия ўз ҳаммаслаклари бўлмиш Франкони, Совет иттифоқи эса қонуний республика ҳукуматини қўллаб-қувватлади.
Франция ва Европадаги бошқа мамлакатларнинг жуда кўп гражданлари интернационал бригадалар сафида республикачилар учун курашганига қарамай Европа давлатлари испан можаросига аралашмасликни маъқул кўришди.
Франконинг гражданлар урушидаги ғалабаси Европадаги фашист давлатлари блокини кучайтирди. Бундан ташқари, испан исёнчиларига ёрдам берган Германия ҳарбий қудрати қанчалик ошганини ҳаммага кўрсатиб қўйди.
Германия нималарни кўзлаётгани яққолроқ намоён бўла бошлади. 1938 йилнинг мартида Ҳитлер Австрияни Германия таркибига қўшиб олиб, аншлюсни амалга оширди. Шу пайтгача бундай мақсадларга қарши чиқиб келган Англия ва Франция Ҳитлернинг бу ишини қонуний деб тан олди. Германия ҳудуди 17 фоиз, аҳолиси эса 10 фоиз кўпайди. Австрияда тузилган олтита дивизия вермахт таркибига қўшилди.
Аммо Ҳитлер бу билан тўхтамоқчи эмас эди. Энди у Чехословакиянинг Судет вилоятига кўз тика бошлади.
Судет муаммоси
Биринчи жаҳон урушидан сўнг мустақилликка эришган Чехословакия тарқаб кетган Австрия-Венгрия империясининг бир бўлаги бўлган. У Европадаги энг ривожланган саноатга, жуда яхши қуролланган армияга ва мустаҳкам мудофаа иншоотларига, демакки, Ҳитлернинг тажовузидан бемалол ҳимояланиш имконига эга эди.
Аммо ҳамма бало шундаки, ушбу иншоотлар Судет вилоятида — этник немислар ғуж яшайдиган ҳудудда жойлашган эди. Вилоят аҳолисининг 90 фоизи немис бўлиб, Ҳитлер бу ҳолатдан фойдаланиб қолишга жон-жаҳди бидан ҳаракат қиларди. Судет немислари орасида Германияга қўшилиш ғояси тинмай ташвиқ қилинар, айни пайтда Германиянинг ўзида Чехословакиядаги немис аҳолиси камситилаётгани, хўрланаётгани ҳақида хабар тарқатиларди.
Конрад Генлейн бошчилигидаги Судет немис партияси Чехословакиядаги «бешинчи колонна» вазифасини бажарди. 1938 йилнинг баҳорида мазкур партия Судет вилоятида Германияга қўшилиш ҳақида референдум ўтказиш талаби билан чиқди ва 22 майда, Чехословакияда муниципал сайлов ўтказиладиган куни фитна уюштиришга тайёрлана бошлади.
Вермахт Чехословакия чегарасига қараб йўл олди. Чехословакия қўшинлари ҳам уни чегарада кутиб олиш ҳаракатига тушди, мамлакатда эса қисман сафарбарлик эълон қилинди.
Айни пайтда Франция ва Совет иттифоқи халқаро шартномалар билан зиммасига олган мажбуриятига содиқ қолиб Чехословакияни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақида баёнот беришди.
Вазият бундай тус олганини кўрган Ҳитлер вақтинча ён бериб, муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилишга ўтди. Унинг асосий важи шу эди — «Судетнинг немис аҳолиси Германияга интилмоқда, Германиядаги немислар эса Судетда яшовчи миллатдошлари билан бирлашишни хоҳлаётир. Ҳозирги бўлиниш Биринчи жаҳон урушидан сўнг қабул қилинган адолатсиз қарорлар туфайли юзага келган, энди бу адолатсизликка барҳам берилиши керак. Акс ҳолда бир ўзим немисларнинг бирлашишга бўлган табиий интилишини тўхтатиб қололмайман».
Фюрернинг уйдирмаси иш берди
Ялтироқ тўн кийдиришга қанчалик ҳаракат қилишмасин, гап барибир Германиянинг янги ҳудудий даъвоси ҳақида кетаётган эди. Тўғри, фюрер «бу охирги ҳудудий даъво» деганди.
Аммо мустақил бир давлатнинг «Версал системаси» билан кафолатланган суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги хавф остида қолаётган эди. Ҳитлерга қатъиян «йўқ» дейиш Англия билан Франциянинг бурчи эди.
Бунинг устига ҳарбий жиҳатдан Германия ҳали унча қудратли эмасди. Потенциали бир қадар ошганига қарамай унинг Франция ва Англияга тенглашишига ҳали анча қовун пишиғи бор эди, бу икки давлат СССР билан иттифоқ тузган тақдирда Германияни пашшадай эзиб ташлаши ҳеч гап эмасди. Чехословакиянинг ўзи ҳам агрессорга муносиб қаршилик кўрсата олиши мумкинлигини юқорида айтиб ўтдик.
Афтидан Ҳитлер тағин ёлғон-яшиқ гапларни қалаштираётган эди. Бироқ унинг уйдирмаси бу гал ҳам иш берди.
1938 йилнинг сентябр ойи бошларида Генлейн бошчилигидаги Судет немислари вилоятда ғалаён кўтаради ва Чехословакия ҳукумати уни куч билан бостиради. Бу вақтда Англия ва Франция ўзларини ғалати тутади: бир томондан улар Чехословакиянинг ёнини олишга тайёрлигини билдиришади, иккинчи томондан агар Ҳитлер тинч йўл билан ҳаракат қиладиган бўлса унинг талабини қондиришни ваъда қилишади.
Судет танглиги вақтида Полша Германиянинг иттифоқчисига айланади, кейинчалик у Иккинчи жаҳон урушининг илк қурбони ўзи бўлишини билмас эди. Полша ҳукумати Германия Чехословакияга ҳужум қилган тақдирда унга ёрдамга отланувчи совет қўшинларини ўз ҳудудидан ўтказиб юборишни рад қилади.
Бунга Полшанинг СССРга адоватигина эмас, поляк сиёсатчиларининг Чехословакия хомталаш қилинадиган бўлса унинг бир бўлагига эга чиқишни кўзлаётганлиги ҳам сабаб бўлади.
1938 йилнинг 15 сентябрида Бавария Алпида Ҳитлер Буюкбритания бош вазири Невилл Чемберлен билан учрашди, унда фюрер тинчлик тарафдори эканлигини, аммо Судет вилояти Германияга ўтмаса уруш бошлашга тайёрлиги билдирди. Чемберлен немисларнинг талабини ҳақли талаб деб атади ва бу билан сотқинлик сари биринчи қадамни қўйди.
1938 йил 18 сентябрда Лондонда ўтган инглиз-француз маслаҳатлашувида Чехословакиянинг немислар кўпчиликни ташкил қилувчи ҳудудлари Германияга ўтиши керак деган қарорга келинди.
Чехословакия билан иттифоқчилик бурчига содиқ қолган ягона давлат Совет иттифоқи бўлди. 1938 йил 19 сентябрда Чехословакия президенти Эдвард Бенеш совет томонидан тўқнашув юзага келган тақдирда СССР ўзини қандай тутишини сўради, СССР иттифоқчилик бурчини бажариб Германияга қарши урушга киришга тайёрлигини маълум қилди.
Бироқ Англия ва Франция Судет вилоятини Германияга беришга қарор қилишди ва Чехословакия раҳбарларига агар ушбу талаб бажарилмаса уларни қўллаб-қувватламасликлари ҳақида хабар беришди.
Англия ва Франция совет қўшинларини ўтказиб юбориш масаласида ҳам Полшага ҳеч қандай босим ўтказишмади.
1938 йил 21 сентябрдан бошлаб СССРнинг ғарбий чегарасидаги қўшинлар жанговар ҳаракатларга тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди.
Чех ва словакларнинг тақдири уларнинг иштирокисиз ҳал қилинди
Бу вақтда ўз пўписаси иш беришини англаган Ҳитлер Франция ва Англия олдига ултиматум қўйди: 28 сентябрга қадар Судет Германия назоратига ўтиши керак, шунингдек Полша билан Венгриянинг ҳудудий даъволари қаноатлантирилиши лозим. Акс ҳолда уруш бошланиши муқаррар.
Вазият нақадар жиддийлигини англаган Чехословакия ҳукумати 23 сентябр куни умумий сафарбарлик эълон қилди. Совет ҳукумати, ўз навбатида, мабодо Полша Чехословакия ҳудудининг бир қисмини босиб оладиган бўлса бу ҳужум қилмаслик ҳақидаги СССР-Полша шартномасининг бекор қилинишини билдиради деб баёнот берди.
Чехословакия ҳукумати СССРнинг ҳарбий ёрдамига суяниши мумкин эди. Аммо бу давлат бошлиқлари Англия ва Франциянинг таъсири остида эди, шу боис охирги дақиқаларгача уларнинг ўртага тушишини кутди.
Лекин бекор кутди. 27 сентябр куни Ҳитлер Англия ва Францияга Чехословакияга ҳужум эртага бошланишини маълум қилганида улар Германияга қарши ҳарбий чоралар кўриш ўрнига фюрерга ҳамма талабларингиз тинч йўл билан қондирилади деб ваъда беришди.
1938 йил 29 сентябр куни Мюнхенда Ҳитлер, Италия раҳбари Бенито Муссолини, Франция ва Англия бош вазирлари Эдуард Даладйе ва Невилл Чемберленнинг учрашуви бўлиб ўтди, унда «Чехословацкия масаласи» ҳал қилинди. Совет иттифоқи музокарага таклиф этилмади. Бунинг устига, учрашувга ҳатто тақдири ҳал қилинаётган Чехословакия вакилларини ҳам киритишмади.
Битим имзолангандан кейингина Чехословацкия делегациясини залга киритишди. Даҳшатга тушган чехословак дипломатлари норозилик билдирмоқчи бўлишди, аммо Англия ва Франция вакилларининг қистови билан ҳужжатни имзолашди.
Судет вилояти Германияга ўтди. Тез орада Буюкбритания ва Франция Германия билан ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида декларация имзолашди.
Полша ҳам қуруқ қолмади — Чехословакиянинг Тешинска вилоятини босиб олди.
Мюнхендан қайтган Буюкбритания бош вазири Невилл Чемберлен ҳозирги авлодга тинчлик олиб келдим дея мақтанди. Бўлиб ўтган воқеаларга бошқача кўз билан қараган инглиз ҳукуматининг бўлғуси бошлиғи Уинстон Черчилл эса шундай деди: «Англияга ё уруш, ё шармандаликни танлаш таклиф қилинган эди. У шармандаликни танлади ва албатта урушга дучор бўлади».
Интиқом
Мюнхен битимининг оқибати шу бўлди: мустақил бир давлатнинг «Версал системаси» билан кафолатланган суверенитети оёқости қилинди, Ғарб давлатлари ва СССР ҳамкорлигида тобора кучга тўлиб бораётган агрессорни тўхтатиш имконияти бой берилди.
Бундан ташқари, Англия ва Франция сиёсатчиларининг Чехословакияга нисбатан содир этган сотқинлиги Совет иттифоқининг уларга бўлган ишончини буткул йўққа чиқарди.
Бу масалада Сталиннинг мантиғи оддий ва тушунарлидир: инглизлар ва французлар ўзларига ғоявий жиҳатдан яқин бўлган Чехословакия олдидаги иттифоқчилик мажбуриятидан бу қадар осон воз кечган экан, Совет иттифоқини улар кўз очиб юмгунча «сотиб юборишади».
Айнан шу пайтда СССР Европада хавфсизликни таъминлаш масаласида ҳамма ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши керак экан деган қарорга келди. Натижада Совет иттифоқининг Иккинчи жаҳон урушига киришини бироз ортга сурган «Молотов-Риббентроп пакти» тузилди.
Мюнхен битими Чехословакия мустақиллигини узил-кесил тугатиш йўлидаги дастлабки қадам бўлди. Судетдаги мудофаа иншоотларидан, саноат потенциалининг каттагина қисмидан маҳрум бўлган Чехословакия Германиянинг кейинги босимларига ҳам қаршилик кўрсата олмади.
1939 йилнинг март ойида Чехословакия Чехия, Словакия ва Подкарпатска Рус (уни Венгрия босиб олган)га бўлиниб кетди. Чехиянинг янги ҳукумати Германияга унинг устидан протекторат ўрнатишни сўраб мурожаат қилди ва Ҳитлер бу илтимосни бажонидил қабул қилди. Германия ўзининг босқинчилик сиёсатини давом эттирди ва бунга бир неча йилдан сўнггина, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида миллионлаб аскарларнинг тўкилган қони эвазига барҳам беришга муваффақ бўлинди.
Олти йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач билиб-билмай Ҳитлернинг шеригига айланган Судет немислари жуда қаттиқ интиқомга дучор бўлишди. 1945 йилнинг май ойида суверенитетини тиклаган Чехословакия Судет немисларидан шафқатсиз ўч олди. Чехословакия президенти Эдвард Бенеш «республикадаги немис муаммосини узил-кесил ҳал қилди».
Бенешнинг декретига кўра 1945 – 1946-йилларда уч миллиондан ортиқ немис Чехословакиядан қувилди. 1938 йилда рейхга қўшилишни қувонч билан қаршилаган одамларнинг 18 мингдан кўпроғи қувғин пайтида ҳалок бўлди.
Австрияга қувилган Судет немислари ҳозиргача йўқотган мол-мулки учун товон пули олишдан умидвор, бироқ 1945 – 1946-йиллардаги қувғинни расман қоралаб чиққан Чехия ҳукумати бу мавзуда бошқа гапирмасликни хуш кўради. Немислар йўқми — муаммо ҳам йўқ.
«Tafsilot.uz» сайтидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter