Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Гитлернинг тарғибот машинаси. У қандай ишлаган?

Гитлернинг тарғибот машинаси. У қандай ишлаган?

«Ошқозон миядан ақллироқ. Чунки у қайт қилишни билади. Мия эса ҳар қандай чиқиндини қабул қилиши мумкин».

Чингиз Айтматов

1928 йил Германия, Рейхстаг (Германия парламенти)га сайлов ўзининг айни авж палласига чиққан вақт. Бу галдаги парламент сайловида Адольф Гитлер бошлиқ нацистлар партияси ҳам қатнашаётган эди. Улар сайлов тарғиботида жамият тафаккурига зўр бериб ўзларининг чиркин ғояларини сингдиришга уринишди. Аслида, Гитлер илгари сураётган национал-социализм ортида пинҳона ёвузлик пайт пойлаб ётарди!

Ишонувчан халқ Гитлерни ҳокимиятга кўтарди ва унинг ғоялари ортидан Иккинчи жаҳон урушини бошлади. 1945 йил бошида Германия урушни бой берган бўлса-да, немис халқи ҳамон ўзининг доҳийига ишонар, тасаввурда у қандайдир мўъжиза кўрсатишга қодир шахс эди. Шу ерда бир савол туғилади. Гитлерга бу даражадаги ишонч ниманинг маҳсули?

ХХ асрнинг 20-йиллардаги немис жамиятининг руҳияти

Бир уруғ ерга қадалгач, уни ниш отиб, кўкаришига унумдор ер ва қулай шарт–шароит зарур. Бир ғояни ҳам жамиятга сингдириш учун қулай муҳит керак! XX асрнинг 20-йилларида немис жамиятида аламзадалик ва тушкунлик ҳукмрон эди. Биринчи жаҳон урушидаги мағлубият ва иқтисодий инқироз немис халқининг қаддини анча эгиб қўйганди. Бундан ташқари, Германия бўйнига илиб қўйилган оғир шартларни немис халқи ўзи учун таҳқирланиш деб қабул қилди. Шундай бир оғир ижтимоий вазиятда Гитлер ва унинг маслакдошлари саҳнага чиқиб келди.

Гитлер собиқ аскар бўлиб, Биринчи жаҳон урушида қатнашган эди. У ўзининг нутқларида жаҳон урушидан кейинги хўрланишни жамиятга доимо эслатиб турди. Фюрер парламент бошқаруви ва капиталистик тузумни йўқ қилишни тарғиб қилди. Шунингдек, Гитлер немис миллатининг ўзига хослигини таъкидлаб, Германияни бирлаштириш, яъни Версаль шартномаси бўйича йўқотилган ҳудуд ва мустамлакаларни қайтариш зарурлиги ҳақида бот-бот такрорлади. Натижада, Германия жамиятида реваншизм кайфияти уйғона бошлади.

Гитлер тарғибот машинасининг яралиши

Бугун германияликлар 30 январь санасини одатдагидай қувонч билан эмас, бироз ачиниш ҳисси билан қарши олса керак!? Нега, биласизми? Айни шу санада Германия президент Гинденбург Адольф Гитлерни канцлер (бош вазир) этиб тайинлаган. Ушбу воқеа Германияда Веймар демократиясининг интиҳоси, тоталитар диктатуранинг ибтидоси бўлган.

Гитлер ҳали ҳокимиятга келмасидан халқни ўз ғояларига қандай қилиб илинтириш ҳақида ўйлаган. У ўзининг «Mein Kampf» асарида шундай ёзганди:

«Тарғибот санъати айнан шундан иборатки, ғояларнинг шаҳвоний дунёсини психологик жиҳатдан тўғри шаклда идрок этиш орқали кенг омма эътиборига, сўнгра қалбига йўл топади».

1933 йилнинг 30 январида Гитлер канцлер бўлгач, қалбининг тубида яшириниб ётган мақсадларини рўёбга чиқариш учун пропаганда вазирлигини тузди. Бу вазирликка Гитлернинг энг ишонган одамларидан бири Йозеф Геббельс бош этиб тайинланди. Шу тариқа, Германияда нацистлар мафкурасини тарғиб этувчи пропаганда машинаси ишга тушди. Унинг асосий вазифаси – немис халқини ғўрлик ботқоғига ботириш ва бўлажак урушга тайёрлаш бўлди.

Нацистлар қандай ташвиқот усулларидан фойдаланган?

Юқоридаги мақсадга эришиш учун нацистлар бир қанча ишларни амалга оширишди. Хусусан, пропаганда вазирлиги мамлакатдаги барча газета, журнал, китоблар, санъат, театр, мусиқа, кино ва радиони ўз назорати остига олди. Инсонлар онги шу даражада манипуляция қилиндики, кўзи ва қулоғи беркитилган немис халқи Адольф Гитлерни янги пайғамбар деб тасаввур қилди. Журналлар, фильмлар, мултфилмлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида яҳудийларнинг салбий ҳаракатлари кўрсатилди. Жамият орасида нацистларнинг тарғиботини кенг ёйиш учун халққа арзонга радиолар тарқатилди. Жамоат жойларида нацистларнинг нутқлари радио ва овоз кучайтиргичлар орқали эшиттирилди. Ёшлар орасида Гитлер ёшлари (Гитлерюгенд) ва немис қизлар иттифоқи каби гуруҳлар ташкил этилди. Бу ишлар нацистлар қўлига жамият тафаккурининг калитини тутқазди.

Пропаганда машинаси ижтимоий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларига кириб бориб, инсоннинг ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатишга уринди. Ўқувчидан «нега айнан ҳис-туйғуларга», деган савол туғилиши табиий. Одамларни ҳис-туйғуларини бошқариш орқали ҳар қандай ғояни жозибадор кўрсатиш ва унга ишонч ҳосил қилдириш мумкин! Бундан ташқари, инсон агар ҳиссиётга берилса, тўғри тафаккур қилишдан узоқлашади. «Инсонлар ақлан дангаса бўлса, истаган ишимизни қиламиз», деган эди пропаганда отаси Геббельс.

Тафаккур қилувчи инсон нацистлар партияси амалга ошираётган ишлар таг замирида нима яширинганини англай оларди. Шу боис партия тарғиботига қарши чиққанлар дарҳол концлагерга ташланди. Тез орада Германияда ахлоқий қонун-қоидалар ишлаб чиқилиб, ундан бир қадам четга чиққанлар хоин, деб аталди. 1934 йилдан бошлаб партия ва унинг лидерларини танқид қилиш қонунан тақиқланди. Ҳатто, Гитлер ҳақидаги ҳазил ҳам хиёнат сифатида қабул қилинадиган бўлди.

Пропаганда машинаси мактабларни ҳам қамраб ола бошлади. Мактаб дарсликлар янгидан ишлаб чиқилиб, нашр этилди. Янги дарсликларда ўқувчиларнинг онгига фашистлар партиясига итоат этишлари, Гитлерни севишлари ва яҳудийлардан нафратланишлари қуйилди!

1930 йилнинг баҳорида нацистлар ғоясига тўғри келмайдиган китоблар рўйхати тузилди. Рўйхатга яҳудий муаллифларнинг китоблари ҳам киритилди. 1933 йил 10 май кунига ўтар кечаси бу китоблар ёқиб юборилди. Ўша куни немислар кўча бўйлаб машъала ушлаганча юриб, қўшиқ куйлаб, китобларни ёқиб юборишди. Маълумотларга кўра, шу куни 25 000 дан ортиқ китоб ёқиб юборилган.

Учинчи рейх пропагандасида кино тарғиботи ҳам бўлиб, 150 га яқин ҳарбий мавзудаги фильмлар халққа намойиш этилган. Инсонлар фильм томоша қилишга борганда, уларга ҳар бир сеансдан олдин махсус суратга олинган қисқа метражли пропагандага бойитилган фильмлар қўйиб берилган.

Нацистлар партияси немис халқини информацион қобиққа солиб қўйди. Юзага келган информацион бўшлиқ эса нацизм ғояси билан бойитилди. Халқ асл ҳақиқатдан йироқ тутилиб, ёлғоннинг зарпечакларига ўраб ташланди. Шу тариқа, манқуртга айланган Германия жамияти фашизм бўйинтуруғини кийди ва навбатдаги жаҳон урушини бошлади.

Уруш вақтидаги ташвиқот

1939 йил 1 сентябрь куни Германиянинг Польшага бостириб кириши билан инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш бошланди. Уруш бошланишидан кўп ўтмай нацистлар режими хорижий радио эшиттиришларини тинглашни тақиқлади. Ахир, хориждан оқиб келаётган информация «ширин уйқу»да ётган халқни уйғотиб юбориши мумкин эди-да! Ҳатто, уруш охирида хорижий радио эшиттиришларини тинглаганлар учун ўлим жазоси белгиланди.

1945 йилнинг бошида Германиянинг Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учраши аниқ бўлди. Душман армияси пойтахт Берлинни бомбардимон қилаётган бўлса-да, манқурт халқ радиодаги Гитлернинг оташин нутқларига ишонар, ёшу-қари қўлига қурол олиб, доҳий учун жон фидо қилишга тайёр эди. Энг қизиғи, улар буни ўзлари учун шараф деб ҳисобларди.

Адолф Гитлернинг туғилган куни, анироғи, 1945 йил 20 апрель санасида немислар ўз «пайғамбар»ини қутлаш мақсадида Берлин кўчаларига нацистлар байроғи ва «Берлин ишғол қилинди, лекин бизнинг қалбимиз эмас», деган ёзувдаги шиорларни илишди. Бир неча кундан кейин улар доҳий ўз жонига қасд қилганини, Германия урушда тор-мор этилганини билишди. Лекин энди кеч эди…

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг