Социалистик лагерни вайрон қилган инқилоб ёхуд Чехословакияда коммунизм уруғини қуритган «Бахмал инқилоби»
XX асрнинг иккинчи ярми тектоник ўзгаришлар даври бўлди. Айни шу вақтга келиб коммунистик мафкура таъсири камайиб, СССР деган мамлакат чок-чокидан сўкилиб, парчаланиш арафасига келиб қолди. Варшава шартномасини имзолаган давлатлар (Албания, Болгария, Венгрия, ГДР, Польша, Руминия ва Чехословакия) бирин кетин ёлғон устига қурилган коммунистик тузумдан воз кеча бошлади. 1989 йилнинг бошида Шарқий Европанинг 8 та давлати социалистик деб ҳисобланган бўлса, йил охирига келиб 6 та мамлакат бу қобиқдан чиқиб кетди.
Ушбу мақоламизда бундан 33 йил олдин социалистик тузумнинг илдизига болта урган, Шарқий Европага озодлик тақдим этган «Бахмал инқилоби» ҳақида ҳикоя қиламиз.
Қонга ботирилган «Прага баҳори»
1968 йилда Чехословакия Коммунистик партияси раҳбари этиб Александр Дубчек тайинланди. У ўзининг «инсоний қиёфадаги социализм» деб номланган ислоҳотлар дастурини эълон қилди. Бу ислоҳотлар фуқароларга қўшимча демократик ҳуқуқларни яъни, сўз эркинлиги, ҳаракат эркинлиги, оммавий ахборот воситалари устидан давлат назоратини камайтириш каби имкониятларни тақдим этди. Бундан ташқари, Дубчек мамлакатда ҳокимиятни номарказлаштириш сиёсатини олиб борди. Бу эса ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширди. Мамлакатда юзлаб сиёсий тўгараклар пайдо бўлди. Улар коммунистик партиянинг олиб бораётган сиёсатидан норози бўлиб, мамлакатда демократик ўзгаришлар қилинишини талаб қилиб чиқдилар. Прагада рўй бераётган ўзгаришлар СССР раҳбариятини қўрқитиб юборди. Совет раҳбарияти бу воқеаларни Ғарб махсус кучлари томонидан социализмга қарши уюштирилган фитна, деб баҳолади.
1968 йил 20 август куни 500 минг кишилик Варшава Шартномаси қўшинлари Чехословакия чегарасини ёриб ўтди. Пойтахт Прага ва ҳукумат бинолари совет қўшинлари томонидан ишғол қилинди. Чехословакия армияси ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. Александр Дубчек эса Москвага олиб кетилди. Тўқнашувлар вақтида чехлардан 94 киши ҳалок бўлди, 345 та фуқаро яраланди. Бу воқеалар тарих зарварақларида «Прага баҳори» номи билан қолди. Бўлиб ўтган воқеалар Чехия халқининг қалбига ўчмас бўлиб муҳрланди. Шундан сўнг чехлар социализм ғояларига ишонмай қўйишди.
Чехословакияда «бахмал инқилоби»нинг сабаблари
XX асрнинг 80-йиллар охирида Чехословакия жамиятининг ўз ҳукуматига нисбатан ишончсизлик даражаси ўсиб кетди. Бунга қуйидагилар сабаб бўлди: нархларнинг кўтарилиши, ижтимоий дастурларнинг қисқариши, Ғарб давлатларидан Чехословакиянинг технологик қолоқлиги, сўз эркинлиги ва бир қатор демократик эркинликларнинг йўқлиги.
Чехословакияда инқилобнинг пишиб етилишига бир қанча ташқи омиллар ҳам сабаб бўлди. Хусусан, 1989 йилнинг кузида Берлин деворининг қулаши, Венгрия ва Польшанинг социалистик қобиқдан чиқиши. Шарқий Европа мамлакатларида Совет иттифоқининг геосиёсий таъсирининг камайиши.
Инқилобнинг бошланиши
Шарқий Европа давлатларининг тақдирини тубдан ўзгартириб юборган воқеа 1985 йилда Михаил Горбачёвнинг иқтидорга келиши бўлди. Янги Бош котиб эски сиёсатни четга суриб, янги сиёсий бошқарув йўлидан борди. Бу сиёсат Кремлнинг Шарқий Европадаги ҳукмрон режимларга муносабатини тубдан ўзгартирди. Илгари Москва Шарқий Европани ўзининг таъсир зонаси ва маълум даражада Ғарбнинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоя қалқони деб ҳисоблаган бўлса, энди уни қимматроқ юк сифатида қабул қила бошлади.
Чехословакия мухолифати 1985 йилда СССРда қайта қуриш сиёсати бошланиши билан ҳукуматдан геосиёсий мустақиллик учун дадил қадамлар ташлашни талаб қила бошлади. Биринчи намойишлар 1988 йилда бўлиб ўтди. Намойишчилар либерал ислоҳотларни амалга оширишни ва мамлакатни модернизация қилишни талаб қилдилар. Бу вақтда Совет иттифоқи ташқи сиёсатга катта эътибор беришга имкони йўқ эди. Сабаби, Москва чуқур сиёсий инқирозлар гирдобига тушиб қолганди. Натижада, Шарқий Европа давлатларидаги социалистик диктатуралар бирин-кетин қулай бошлади.
1989 йил 17 ноябрь халқаро талабалар куни Ян Оплетал (1939 йилда Чехословакияни фашистлар томонидан босиб олинишига қарши намойишлар чоғида ҳалок бўлган чех талабаси) вафотининг 50 йиллигига бағишланиб Чехия пойтахти Прага шаҳрида оммавий юриш уюиштирилди. 17 ноябрь куни эрта тонгида 15 мингга яқин талабалар рухсат берилган намойиш учун Праганинг Албертов туманида тўпланади. Улар Ян Оплетал ёдгорлигига гул қўйиш ва шам ёқиш маросимини ўтказишди. Бироқ талабалар маросим тугагач ўз юришларини давом эттириб, Вацлав майдони томон ҳаракатлана бошлашди. Уларга шаҳар аҳолиси ҳам қўшилди. Натижада, тинч юриш ҳукуматга қарши норозилик намойишига айланиб кетди.
Полиция намойишчиларни йўлини тўсиб, уларни тарқатишга ҳаракат қилди. Намойишнинг эртаси куни тўс-тўполон вақтида Чарлз университети талабаси полиция томонидан ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу бензинга олов сепгандай, намойишчиларни ғазаб отига миндирди. Ўлим хабарини эшитган Прага университети талабалари ҳукуматга қарши норозилик акциясини бошлаб юборди. Уларга театрларнинг ижодкор зиёлилари ҳам қўшилди. Норозилик ва иш ташлашлар бутун республика бўйлаб давом этди. 25 ноябрь куни бўлиб ўтган Прагадаги митингда 800 минг киши иштирок этди. Ҳатто, бу намойишни Прага архиепископи кардинал Франтишек Томашек ҳам қўллаб-қувватлади.
Инқилоб натижалари ва янги даврнинг бошланиши
Кўп ўтмай, Чехия Республикасининг барча мухолиф ташкилотларини, шунингдек, Словакия ҳудудида фаолият юритувчи «Зўравонликка қарши жамият»ни бирлаштирган «Фуқаролик форуми» ташкил этилди. Чехославакия коммунистик партияси Марказий комитети пленуми партия раҳбариятининг таркибини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Янги партия етакчилари ниҳоят мухолифат билан мулоқотга киришди.
Мухолифат ҳокимиятга сиёсий режимни ўзгартириш бўйича бир қатор талаблар қўйди. 28 ноябрь куни Кремлнинг «қўғирчоғи» бўлган коммунистик ҳукумат ҳокимиятни мухолифатга топширишини эълон қилди. Эртаси куни Чехословакия парламенти Конституциядан коммунистик партиянинг етакчи роли ҳақидаги моддани олиб ташлади. Ҳукумати таркиби бутунлай ўзгартирилди. Ҳукумат раиси этиб бир вақтлар Москвага олиб кетилган Александр Дубчек, мамлакат президенти этиб эса диссидент Вацлав Гавел сайланди.
Орадан кўп ўтмай Чехословакия бозор иқтисодиётига ўтишини бошлади. 1991 йилда совет қўшинлари Чехословакия ҳудудидан олиб чиқилди. Сиёсий ва ижтимоий тузумдаги ўзгаришлар жуда тез ва нисбатан тинч бўлгани учун бу тўнтариш «Бахмал инқилоби» ёки «Юмшоқ инқилоб» деб аталди.
1990 йил Чехословакияда бўлиб ўтган демократик сайловларда Вацлав Гавел ғалаба қозонади. Бироқ, бундай туб ўзгаришлар Чехословакия учун мутлақо сокин ўтиб кетмади. Инқилобдан кейин инқироз юзага келди. Бу икки халқ – чехлар ва словаклар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувида намоён бўлди. Тез орада миллатчи уюшмалар пайдо бўлди. 1992 йилда референдум бўлиб ўтди. Референдум натижасига кўра, мамлакат икки давлатга – Чехия ва Словакияга бўлинди.
Чехословакияда коммунистик тузум ўзининг ёлғонлари қурбони бўлди. Кремль бу инқилобни Ғарб махсус кучлари уюштирган, деб иддао қилди. Лекин кўришимиз мумкинки, Чехословакияда халқнинг иродаси ҳокимият тепасига чиқди. Вацлав Гавел ва Александр Дубчек ўз халқини коммунистик диктатура чангалидан олиб чиқиш учун ҳаракат қилди ва бунга эришди. Советча бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилди. Янги ҳукумат мамлакатда инклюзив сиёсий ва иқтисодий институтларни шакллантирди. Гарчи мамлакат иккига бўлиниб кетган бўлса-да, қисқа вақт ичида Чехия иқтисодий ўсишга эришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter