Бухоронинг ўрта асрлардаги деворлари ёхуд мудофаа истеҳкоми (фото)

Битмас-туганмас хазиналар маскани — қадимий Бухоро минора ва дарвозалари билан ҳам донг таратган.
Қадимий кентнинг ҳар бир дарвозаси (жами 11 та) ва миноралари (жами 17 та) ўзига хос ривоят ва афсоналарга бой. Тўғри, айрим тарихий манбааларда Бухоронинг 12 та дарвозаси мавжудлиги ҳақида баҳс-мунозаралар кечган. Тарихчилар эса аслида Бухоронинг «Мозор» дарвозаси, «Самарқанд» (шимоли-ғарбда), «Имом» (ғарбда), «Ўғлон» (шимолда), «Талипоч» (шимоли-ғарбда), «Шергирон» (шимоли-ғарбда), «Қоракўл» (ғарбда), «Шайх Жалол» (жануби-ғарбда), Намозгоҳ» (жануби-ғарбда), «Саллахона» (шимоли-ғарбда), «Қавола» ёки «Қарши» (шимоли-ғарбда) дарвозалари бўлганини ёзишган.
Ҳар бир дарвоза маълум вазифани бажарган.
Худди шунингдек, Бухорода Минораи Калон, Чор Бакр минораси, Ҳазрати Имом минораси, Вобкент минораси, Ванғози минораси, Пири дастгир минораси, Шайх-ул-олам (Сайфиддин Бохарзий) минораси, Баҳоуддин Нақшбанд минораси, Қасри Орифон минораси, Абдулхолиқ Ғиждувоний минораси, Боло ҳовуз минораси, Гавкушон минораси, Сарварий минораси, Чор Минор, Қавола минораси, Ҳазрати Амир Кулол минораси, Волидаи Абдулазизхон минораси бўлган. Ушбу миноралар ҳозиргача сақланиб қолинган.
Тошкент давлат педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, минора ва дарвозалари билан машҳур Бухоро ўз мудофаа деворлари билан ҳам азалдан қўшни ўлкаларни ҳайратга солган. Унинг айтишича, ушбу иҳота иншоотлари нафақат душмандан ҳимояланиш, хавфсизликни таъминлаш, балки, қалъа-қўрғонларнинг қудратини ҳам намоён этган. Шунингдек, деворлар шаҳарнинг ўтмиши, умумий ҳудуди, унинг топографияси, топоними, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, ҳарбий салоҳият, этнолокал маълумотларни билишда муҳим аҳамиятга эга.
«Ўғри ва йўлкесардан тинч бўлайлик»
«Бухоро воҳасида бугунги кунда учта девор қолдиқлари сақланган бўлиб, маҳаллий аҳоли уларни ажратишда аксарият ҳолларда чалкашликларга учрайди. Уларнинг биринчиси бутун воҳани ўраб олган Кампирак ёки Кампирдевор бўлиб, унинг узунлиги — 330 километр. Узунлиги 12 км иккинчи девор Бухоро шаҳрининг 555 гектарлик Эски шаҳар қисмини ўраб турган. Учинчиси шаҳар ичидаги шаҳар номи билан машҳур Арки олийнинг 800 метрга чўзилган девор қолдиқларидир. Қизилқум саҳролари орқали ўтган воҳа девори бугунги кунгача сақланмаган, фақатгина Қизилтепа туманида айрим вайрона қисмларини кўриш мумкин. Нисбатан яхши сақланган девор — бу шаҳар иҳотаси бўлиб, атиги 10-15 фоизи ҳозирда қад ростлаб турибди», — деди Шавкат Бобожонов.
Муаррих Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарида халқнинг Бухоро ҳукмдори Аҳмад ибн Холидга «шаҳримиз атрофида девор бўлиши керак, токи биз кечаси дарвозаларни беркитиб, ўғрилар ва йўлкесарлардан тинч бўлайлик», деб қўйган талаби баён этилган. Шундан кейин девор қурилишига буйруқ берилади. Жуда мустаҳкам девор қурилиб, миноралар барпо этилади, даврозалар ўрнатилади. Бу иш 849-850 йилларда бажарилади. Асарда ёзилишича, қачонки бирор лашкар Бухорога қасд қилса, деворни қайта тузатишар эди.
Беш қават девор билан ўралган шаҳар
«Бухоро шаҳар девори тарихий тараққиёт даврлари натижасида кенгайиб борган. Академик Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумот беришича, Бухорода ўтказилган археологик экспедиция натижасида моддий маданият излари орасида 15,5 метр ҳамда 18,5 метр чуқурликда ковлаб очилган қадимги икки мудофаа девори қолдиқлари топилган. Шундан биринчи мудофаа девори 2,5-3, иккинчиси 2-2,5 метр баландликда сақланган.
Мир Араб мадрасаси яқинида олиб борилган қазишмалар чоғида 4,5 метр чуқурликда шаҳарнинг қадимги мудофаа деворлари қолдиқлари қайд этилган. Девор пахса ҳамда хом ғиштдан бўлиб, 5-6 метр баландликда сақланган. Ушбу мудофаа иншооти V-VI асрларда қад кўтарган бўлиб, бир неча бор таъмирланиб, қайта-қайта тиклангани исботланган. Шу сабабдан илк ўрта асрларга келиб унинг қалинлиги 17 метргача етган. Қадимшунослик маълумотларига қараганда, мудофаани кучайтириш мақсадида девор атрофида ҳарбий қўрғонлар ҳам қурилган. Бухоро шаҳри мудофааси ҳақидаги маълумотлар Хитой манбаларида ҳам сақланиб қолган. Уларда шаҳар беш қават девор билан ўраб олингани баён этилган», — деди суҳбатдош.
Маълумотларга кўра, исломгача бўлган даврда шаҳарнинг умумий майдони 30-35 гектарни ташкил этган. Шаҳарнинг бутун айланаси 1050 саржин ёки 1-2 чақиримдан иборат бўлган. Бухоро девори кўплаб ҳукмдорлар томонидан қайта қурилиб таъмирланган. Хусусан, Бухорхудот Будин, Аҳмад ибн Холид, Масъуд Қилич Тамғочхон, Хоразмшоҳ Муҳаммад ибн Султон Такаш даврларида девор янгидан қурилиб, таъмир этилган. Масалан, Будин ҳувиллаб вайронага айланган шаҳарни тиклаб, қалъа деворини янгилаган. Сомонийлар сулоласиинг дастлабки ҳукмдорлари даврида шаҳар атрофини чўл кўчманчи босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун қалин девор билан ўраб олинган эди. Деворни таъмирлаш учун махсус солиқлар тўпланарди. Аммо амир Исмоил Сомоний Бухоро деворини қуришни ҳам, тузаттиришни ҳам рад этган ва у: «То мен тирик эканман, Бухоро вилоятининг девори мен бўламан» деб, устига олган вазифани тўла бажарган, у доимо жангларда ўзи қатнашган ва Бухоро вилояти устидан душманларнинг зафар топишига йўл қўймаган.
Ўрта асрларда Бухоро шаҳрининг мудофаа деворлари мустаҳкам қурилганлиги туфайли «мисдан қуйилган шаҳар», «мисдан ясалган истеҳком», «мис шаҳар» маъноларини англатувчи «Мадинат ус-суфрия» атамаси берилган.
Бундан ташқари, шаҳарнинг қалъа, қўрғон маъноларини билдирувчи Нумижкат, Бумискат номлари мустаҳкам шаҳар бўлганига ишорадир. Бу номлардан биринчиси Навмичкат, у форс-тожикча учта — «нав» — янги, «мич» — қалъа, истеҳком ва «кат» — қишлоқ каби сўзлардан иборат бўлган. Бир сўз билан айтганда «Янги қалъа», «Янги қўрғон» маъноларини англатган.
Мустаҳкам мудофаа деворлари
«Шаҳар девори охирги маротаба 1540-1549 йилларда шайбонийлар сулоласидан Абдулазизхон даврида кенгайтирилган. XVI асрнинг иккинчи ярмида Абдуллахон сиёсий курашларда уни қўллашган жўйбор хожаларига миннатдорлик сифатида Жўйбор туманининг ғарбий қисмини шаҳар ҳудудига қўшган. Бунинг учун Абдулазизхон қурдирган девор ғарбий қисмининг бир бўлаги бузилиб, янгитдан беш дарвозали ғарбий девор кўтарилади. Ундан кейинги даврларда девор ўзгартирилмаган. Фақат таъмирлаб турилган, холос. Бу билан шаҳар умумий майдони 440-450 гектарни ташкил этган ва дарвозалар сони 11 та етган. Дарвозалар сони XX аср бошларигача шу ҳолатда ўзгармай келган. Девор бўйлаб жойлашган 11 дарвоза орқали шаҳарга кириш-чиқиш назорат қилинган ва мустаҳкам қўриқланган. Ярим айлана цилиндрсимон шаклдаги қўш минорали дарвозалар шом намозидан кейин ёпилиб, бомдод намозидан сўнг очилган.
Сўнгги ўрта асрларда Бухорога ташриф буюрган сайёҳ ва элчилар девор билан ўраб олинган шаҳарнинг умумий майдонини 1,739 талан ёки 1 564 875 квадрат саженни ташкил этишини ёзиб қолдиришган. 1893 йилда Туркистонга саёҳати мобайнида «Моварoуннаҳр ёхуд Трансоксианага сафар» номли асар ёзган Зоҳир Бигиев «Бухоро Пекин шаҳри каби лойдан ясалган буюк девор билан ўралган. Девор тўрт сажен баландликда, икки сажен кенгликдадир. Узунлиги 11 чақирим, тўрт юз саженга яқин. Дарвозаларнинг икки тарафида эски усул бўйича жанг учун икки тош минорадек бир нарса бор», деб тасвирланган», — дея сўзида давом этди Шавкат Бобожонов.
Девор ғишт қистирмали пахсадан қурилган, ўртача баландлиги 5-10 метр атрофида бўлиб, қалинлиги пойдеворида 5-6 м, юқори қисмида 1,5-2 метрни ташкил этган. Ҳар 100 м масофада ярим айлана жами 116 та (айрим манбаларда 131 та) буржлар ҳосил қилинган бўлиб, бу орқали мудофаа қудрати оширилган. Тож шаклидаги тишли декор қисмларидан иборат деворнинг юқори қисми дандона деб номланган. Дагона деб аталувчи соқчилар йўлаги эса думалоқ мудофаа майдонлари ва шинаклар билан таъминланган.
Ўлкашунос, профессор Мусо Саиджоновнинг тадқиқотларига кўра, шаҳар атрофида хандак қилиниб, унинг баъзи қисмлари шайбоний Абдулазизхон (1557–1598) давригача мавжуд бўлган.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, девор бухороликларнинг яшаш ҳудуди этимологияси шаклланиши, хусусан, шаҳар ичкариси (аз қалъа дурун) ёки ташқариси (аз қалъа берун)да истиқомат қилишини белгилашда муҳим ўрин тутган. Жўйбори дарун ва Жўйбори берун, Дилкушойи дарун ва Дилкушойи берун ҳудудлари бунга мисол бўла олади. Девор замонавий форс-тожик луғатларида қалъа деб келтирилиб, «баланд лойсувоқли ёпиқ девор», «мустаҳкамланган қишлоқ» маъноларини англатади. Бухороликлар шаҳар деворини қалъа деб аташган. Шу сабаб Кунжи қалъа (қалъанинг бурчаги), нуги қалъа (қалъанинг учи), Миёни қалъа (қалъанинг ўртаси), Таги қалъа (қалъанинг олди) каби шаҳарнинг топографик жой номлари секин-аста шаклланган ва ҳозиргача ҳам ишлатиб келинади.
Бугун Бухоро очиқ осмон остидаги музей шаҳар сифатида қадрланади. Бундай шараф минг йиллик обидаларни мустаҳкам девор ила ўраб олган қадим қалъага нисбатан айтилган. Шаҳар девор билан бирга яхлит композицияни ташкил этади, аслида. Сайёҳлар ҳам айни шундай ўрта асрлар типини сақлаб қолган қадимий шаҳар томошасига ошиқади.
«Шундай экан, биз ҳам тарихда мустаҳкамлиги сабаб мис ва бронзага қиёсланган, ҳозирда эса олтинга баробар кўҳна кент деворини сақлаб қолишимиз даркор. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти биргина Буюк Хитой деворини кўришга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюришини эътироф этади. Бугун йилига салкам 5 миллион сайёҳ келадиган Ўзбекистон туризмига девор ва дарвозалардан иборат мудофаа иншоотлари бўйлаб сайёҳлик йўналишини киритиш, нафақат, обидаларни таъмирлаш, балки уларни аждодларимиз қудрати ва заковати тимсоли сифатида тарғиб қилишга хизмат қилади», — деди Шавкат Бобожонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter