Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода «Арк» қўрғони шимолий дарвозаси тикланди

Бухорода «Арк» қўрғони шимолий дарвозаси тикланди

Фото: Xabar.uz

Кейинги йилларда Бухоро туризм тармоғидаги ислоҳотлар сабаб «Арк» қўрғони қалъасининг 100 аввал вайрон қилинган 3 гектарлик ҳудудида «Археологик парк» ташкил этилгани хусусида хабар берилган эди.

Ушбу парк 2023 йилнинг 2-чорагида ишга туширилган. Маълум бўлишича, якунланаётган йилда бу археологик паркка 1,5 млндан кўпроқ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар киришган.

Маълумки, «Арк» қўрғони неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз истилочию босқинчиларни кўрган. Жорий йилнинг бошида ЮНЕСКОнинг Умумжахон мероси ҳудуди ва унинг чегараларида (чегара қисми) киритилган ушбу тарихий марказга ҳурматсиз муносабатда бўлиб, қўрғон деворлари орқали унга чирмашиб чиқмоқчи бўлган шахс жазоланган эди. 

Узоқ асрлар давомида «Осиёдаги савдо шаҳри», Нумижкат, Бумискат, «Мадинат ус-суфрия», яъни «Мис шаҳри», «Мадинат ут-тужжор», «Фохира» номлари билан боқий шаҳарга айланган Бухоро тарихининг энг бетакрор тимсоли сифатида тилга олиниб келинаётган «Арк» қўрғони бугун яна «қайта тирилиш»нинг авж палласида.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистон Президентининг алоҳида Фармони ва қарорига мувофиқ, маданий мерос объекти саналган «Арк» қўрғони қалъасини сақлаш, асраб-авайлаш ва уларни қадимий меъморчилик услубида рестоврация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланди.

Давлат дастурлари доирасида «Арк» қалъасининг ҳам умумбашарий қийматини сақлаш, техноген жараёнлар таъсирида қалъанинг қадимий деворлари ва тиргакларини емирилиши, нураши ва қулаб кетишини олдини олиш мақсадида амалий ишлар бажарилган. Кейинги 2 йилда ушбу объектда олимлар, тарихчилар, экспертлар ва лойиҳачилар тайёрлаган лойиҳа асосида 300 нафардан зиёд маҳоратли уста-реставраторлар томонидан реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари ниҳояланган.

«Ва ниҳоят, бугунга келиб, «Арк» қалъасининг шимолий қисмида 22 метр баландликда ва 200 метрдан ортиқ узунликдаги деворини мустаҳкамлаш бўйича 1,5 йил давом этган реставрация ва таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Эндиликда Бухоронинг тарихий давлатчилиги шаклланган ва ҳукмдорлар ҳаёт кечирган қадимий «Арк» яна бир неча асрлар давомида мустаҳкам тарихий ва маданий-маърифий қалъа сифатида хизмат қилади»,-деди вилоят ҳокимининг маданий мерос ва оммавий коммуникайциялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг