Мева кўтарган гўзал. Бир сурат тарихи

Хотира уйғонса, гўзалдир
Сиз бу фотосуратни аввал ҳам кўрган бўлсангиз ажаб эмас. Гарчи, бу сурат олинганига ярим асрдан ошса-да, уни нашрлар чоп этаверади, ижтимоий тармоқларда ҳам учратасиз, музейдан ўрин олган. Атлас кўйлакдаги гўзал қиз сархил мевали лаганни елкаси баробар кўтариб кўз-кўз қиляпти. Б.Мирхозин тасвирга олган «Тўкин куз» деб номланган фотоэтюд 1973 йили «Саодат» журналининг 9-сони муқовасида эълон қилинган.
Журналда суратдаги қизнинг исм-шарифи кўрсатилмаган. Бироқ бу қиз Кўлобод маҳалласидан Ҳабибахон экани вақтида Самарқандда овоза бўлган. Ўшанда у 18 ёшда эди.
Мева кўтарган қиз сурати
Бугун ҳар қандай қиз ўз суратини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юлдуз бўлиши қийин эмас. Лекин, 70-йилларнинг тош-тарозиси бошқача эди. Бировнинг бўйи етган қизини шунчаки суратга тушириб бўлганми? Суратга олиш жараёнидаги ўзига хосликлар қандай бўлган? Самарқанднинг қадимий тор кўчалари оралаб кирганда боғ бормиди? Нега нонвой қиз қўлига мева берилди? Бутун Иттифоқ бўйлаб тарқалган сурати қизнинг ҳаётига қандай таъсир кўрсатди? Бу саволларга Ҳабиба опанинг ўзидан жавоб ололсак қанийди... Афсуски, Ҳабиба опа бугун орамизда йўқ...
Ҳабиба опанинг сингиллари Сафия опа Жабборовани излаб топдик. Улар Ҳабиба опадан бор-йўғи 3 ёш кичик. Айтмоқчиманки, эгизакдек улғайишган.

«Болалигим ўтган маҳалла Сиёб бозори билан туташ. Ўша пайтлари маҳалладаги ҳар бир хонадонда тандир бўларди. Оғзи осмонга қараган ҳақиқий нонвой тандир. Ичига ноннинг катта-кичиклигига қараб 40 тадан 60 тагача нон сиғарди. Бу ерда ҳамма нонвой эди. Маҳалла бўйлаб юриб борар экансиз, қизараётган нон ҳиди димоғингизга уриларди. Қўшниларимиздан кимдир ширмой нон қилса, бошқаси совға нон пиширарди. Бизнинг уйимиздан эса кунжутли, кунгурали нон чиқариларди. Ҳабиба опам Сиёб бозорида нон сотаётганида мухбирлар эътиборига тушган», — деди Сафия опа.
Сафия опа болалиги ҳақида батафсил сўзлайди. «Биз отадан жуда эрта қолганмиз», дейди у. Оила бошлиғи хасталикдан оламдан ўтганда беш фарзанднинг кичиги бешикда бўлган экан. Катталари эса ҳали ақлини таниб-танимаган. 30 га ҳам кирмаган аёл шу тандир орқасидан болаларини едирган, ичирган, кийдирган.
«Эсимда қолгани, онам хамир бошида йиғларди. Ҳеч вақони тушунмасак-да, баъзан биз ҳам қўшилиб йиғлардик. Қийналиб яшаган бўлсак ҳам аям ўқишимизга эътиборли эди. Ҳеч биримиз мактабдан қолмасдик. Ҳабиба опам аълочи эди. Опамга Аллоҳ ҳам ҳусну жамол, ҳам ўзига яраша қобилият берган эди. Математика, химия, физикани зўр биларди. Меҳнат дарсида энг чиройли кўйлакчалар тикарди, неча йил мактаб кўргазмасида турди.
Сафия опанинг ўзи эса шўх ва бошида мактабга қизиқиши бўлмаган. Айнан Ҳабиба яшикнинг фанеридан доска ясаб, унга ёзишни, қўшиш-айиришни ўргатганини эслайди: «У ўзини ўқитувчи ҳис қиларди. Шундай қилиб мен 2-синфда аълочи бўлдим. Лекин барибир Ҳабиба опамчалик ўқимадим. Фақат адабиёт, ашула фанлари жону дилим эди. Тадбирларда саҳнада бўлардим. Ҳабиба опам эса бу борада тортинарди. Катта опам эса анчайин бўшроқ эди. Аммо у ҳам фақат саҳна асарларидан монологларни ёддан айтарди».
Сафия опанинг айтишича, оналари болаларни мажбурликдан нон ишига солган. Чунки, кунига бир халта, гоҳида ундан кўпроқ ундан нон тайёрланар экан. Ўшанда унлар бошқача бўлгани сабаб хамир оқшомда тайёрланиб, зувала ҳолида махсус дастурхонлар қатида қўйилган. Эрталаб хамир етилганда қизлар нонни ясаб, ўғиллар тандир бошига узатиб бўлиб, мактабга йўл олишган. Оналари ёпган. Кейинчалик, улғая бориб хамирни ҳам, тандирни қизартишни ҳам болаларнинг ўзи бажарадиган бўлишган. «Кечқурун соат 6-7 ларда бир қоп унни иккига бўлиб, катта тоғорада хамир қориларди. Деразадан офтоб кириб, уй қизиб ётарди. Менинг жуссам кичик эди. Ҳабиба опамнинг бўйи ҳам, билаклари ҳам узун эди. У хамирни йўғурарди, кейин иккинчи катта тоғорага кесиб-кесиб бўлаклаб ташлаб, муштлашга берарди. Гоҳида катта опам, гоҳида акам ёки укам муштларди. Лекин бу иш кўпроқ менга қоларди. Хамир етарлича қаттиқгина бўларди, шу сабаб муштлаш қийин кечарди. Ноннинг сифати яхши муштланганига боғлиқ бўларди».
Сафия опа гап орасида муштлаганда муштининг туртиб чиққан жойлари қадоқланиши, қоп-қора доғ бўлиб қолишини ҳам айтиб ўтади. У тўй бўлганида қора бўлиб қолган қўлларини яширганини ҳам эслади. «Ўзим яхшигинаману, қўлим неча йил қадоқлари билан қолди...».
Сафия опа Самарқанднинг машҳур Сиёб бозорига Тошкентдан ижодкорлар гуруҳи келганини эшитганлари бўйича ҳикоя қилади. Ҳабиба опа шу куни одатдагидек бозорга нон сотгани чиққан. У пайтлар мактабни битирган йигит-қизларгагина бозорда савдо қилишга рухсат бўлган. Шундан, аввалига бозорга оиланинг тўнғич қизи Норбиби чиққан. Кейин навбат Ҳабибага етган.
Ҳабиба опа суратга тушган кунда аслида бозорга атлас кўйлакда бормаган, икки-уч кунда ювилиб кийса бўладиган кўйлакда бўлган. «Лекин нима кийса ҳам ўзига ярашарди, дид билан кийинарди, опам жудаям зебо эди-да, юзида биттаям доғ йўқ эди, энгагида чуқурчаси бор эди. Сочлари қалин ва узун эди, иккита ёки битта қилиб ўриб ташлаб қўярди. Фақат байрам ёки дугоналари тўйларида суратдаги каби турмакларди».
Ижодкорлар аввал мева-чеваларни, зиравор ва чақ-чуқлар расталари бўйлаб расмлар олиб-олиб келиб, нон расталари ёнида туриб қолишган. Улар гўзал қиз томонга қараб нималарнидир ўзаро гаплашишган. Бироқ, ўзига ҳеч бир сўз айтишмаган.
Нон бозорни назорат қилиб чек йиққан, бирда нонвойларга қаттиққўл, бирда қайишган аёлни бозорда ҳамма бирдек «Оя» деб чақиришарди. Тошкентлик меҳмонлар тўғри шу аяга мурожаат қилишган экан. Оя келган-да, «Ҳабибажон, қизим, айланай сендан, булар китоб чиқарар экан, сен бориб ўзингга қараб, атлас кўйлак кийиб кел» деган. Бозорда Оянинг гапи гап бўлган.
Хуллас, Ҳабиба уйга келиб атлас кўйлагини кийган, сочини чиройли турмаклаб, ўшанда симли дуррача урфда бўлган, ўшани бошига танғиб нон бозорга қайтиб боради. Унинг қўлига мевали товоқ (лаган) бериб суратга туширишган. Яна бошқа ҳолатда осиё нонлари билан ҳам бир неча кўринишларда расмга олишган.
«Ҳеч вақт ўтмай маҳаллада дув-дув гап денг. Ҳабиба «Саодат» журналига чиқибди! Ўша пайтлар ҳамма хонадонларга «Саодат», «Гулистон», «Фан ва турмуш» каби журналлар кириб борарди-да. Мактабда ўқитувчилар фахрланган. Кейин шу сурат Самарқанднинг катта альбом китобига ҳам чиқди. «Огонёк»ми, қандайдир марказий журналларда ҳам босилди деб эшитдигу, лекин қўлимизга тушмади», — деди суҳбатдошим самимият билан.
Ҳабиба опанинг яқинлари унинг жуда меҳнаткаш ва уддабурон эканини кўп таъкидлашади. «Ҳабиба опам нонни ҳам гупиллатиб пиширарди, унинг нонлари бозорда биринчи ўринда бўларди, қип-қизил қилиб, битта жойини куйдирмай пиширарди. Катта опам билан мен ўлсак ўлдик, лекин нон ёполмадик. Ҳабиба опам ҳаммасини аъло бажарарди. Нонни шундай ясардики, битта эгри-бугриси йўқ, айлана нони, кунгураларига гап йўқ. Ўзи қандай гўзал бўлса, қўлидан чиққан нон ҳам шундай чиройли эди».
Яхши ишлагандан кейин қизнинг яхши кийинишга ҳам имкони бўлган. Шифоньердаги намозшомгул, ҳаштепки, яҳудий деб аталган атлас кўйлаклари шаҳарнинг номдор тикувчиларига тиктирилган. Лекин кўпроқ тайёр либосларни, фин либосларини яхши кўриб кийган экан. Баланд ва учи ингичка, шпилка пошнали пойабзалда чиройли юра билган.
Ёшлик ҳамма даврда ҳам ёшлик! Шусиз ҳам шайдолари кўп бўлган қизгина сурати киоскаларда илиб қўйилганда унинг харидорлари янада кўпайган. «Бирам совчи келади, бирам совчи келади. Ҳали эрга тегмайман, ҳали эрга тегмайман, деб уларни ноумид қайтараверди. Ошиқ болаларнинг нечтаси унинг ишқида касаллар бўлиб ҳам қолди».
Айтишларича, Ҳабиба опанинг аччиғи ёмон бўлган. Ҳазиллашмоқчи бўлган болаларни бир уриб ариққа ағдарган пайтларини кулиб эслашади. «Гарчи назокатли, латофатли қиз бўлса ҳам ўрни келганда ўғил болага хос хислатлари ҳам бор эди. Балки рўзғор ишлари жуда эрта бошига тушганидандир», — дейди синглиси. Шунга қарамай шу қизнинг йўлини пойлаганлар кам бўлмаган.
Ҳабиба опа, суратини бир кўриб ошиқ бўлганларни эмас, ўзи севишиб, гаплашиб юрган йигитига турмушга чиқади. Бироқ, бир-икки йилда ҳаётнинг катта синовлари олдида қолади. Ўғли ёшига етмай вафот этади. Қизалоғи билан овуна бошлаётганда ўзи дардга чалинади. У энди янада кучли бўлиши керак эди. Неча йиллар Москва шифохоналарида такрор ва такрор жарроҳлик амалиётларини бошидан кечиради. Ниҳоят етти йил деганда Самарқандга қайтгач, битта ўпкаси билан бўлса ҳам соғ-саломат қайтгач, кўп ўтмай турмуш ўртоғи оламдан ўтади.
«Ҳаёт зарбаларига қарамай, ёшлиги ортда қолганда ҳам опам гўзал, меҳрли эди», — дейди Сафия опа.

Ёлғиз қизи Азизахонга умрини бағишлаб ўтказган Ҳабиба Муқимова 2018 йилда 64 ёшида, юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Азизахон ҳозирда Туркияда, фарзандлар, набиралар меҳри қуршовида яшаяпти дейишди.
«Менинг опаларим каби опа, менинг жигарларимдек жигар йўқ эди. Мен шоир эмасман. Бироқ ичимдан тўлқинланиб келганларни қоғозга тушираман, ўхшамаган бўлса узр», дея Сафия опа кўзда ёш билан бир дафтарни узатади.
Қўл узатсам, қўлим етмас, руҳи равоним қайдасан,
Оҳ урсам, оҳим етмас, жисму жаҳоним қайдасан,
Мозорингга излаб бордим, сендан садо чиқар деб,
Мозоринг жим, садо чиқмас, кўз туморим қайдасан.
Васиятлар, видолашув нечук насиб этмади,
Эзгу ният тилакларим самоларга етмади.
Орзуларинг армон бўлиб саробларга айланди,
Кўзлари йўлимда қолган интизорим қайдасан,
Ичим ғамга тўлганида ғамгусори қайдасан...
Қирқ кун бўлди, бу оламдан изи ўчган ғойибим,
Ғойиб бўлиб кетсанг ҳамки, мангу дилда ҳозирим,
Эртаю кеч, туну кун ёнимда ёнимда сен нозирим,
Мендан рози кетдингми сен, роздоним қайдасан.
Гар дунёга қайта келсанг, яна опам бўлиб кел,
Синглинг бўлай мен яна, яна опам бўлиб кел,
Дийдорингга тўймадим, ўзинг опам бўлиб кел,
Мен қақшатиб кетдинг, дилхуморим қайдасан...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter