Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Генералми, халқ қаҳрамоними ёки хавфли мухолифатчи?

Генералми, халқ қаҳрамоними ёки хавфли мухолифатчи?

1990-йиллар Россиясида ўз сўзини очиқ айтган, Кремлга қарши жонли ҳаракат бошлаган кам сонли ҳарбийлардан бири Лев Рохлин эди. У Афғон уруши қатнашчиси, биринчи чечен урушидаги миллий қаҳрамон ва кейинчалик давлат раҳбариятини қаттиқ танқид қилган сиёсий майдондаги шахсга айланган.

Лев Яковлевич Рохлин 1947 йили Қозоғистонда туғилган. Совет армиясида хизмат қилиб, Афғонистонда жанг қилган, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Лекин унинг энг шонли саҳифаси – 1994–1996 йиллардаги биринчи чечен урушидаги иштироки эди. Россия армияси таркибида Грознийни олган Рохлин урушдан кейин орденни рад этган. Чунки бу урушни “муваффақият эмас, фожиа” деб атаган.

1995 йили у Давлат Думаси депутати этиб сайланади. Рохлин ҳукумат сиёсатини танқид қилар, коррупция ва ҳарбий ислоҳотлардаги муаммоларни очиқ-ойдин айтарди. 1997 йили у “Ҳарбийлар ҳаракати”ни ташкил қилади ва армия нуфузини ҳимоя қилувчи оммавий ҳаракатни бошлайди. Айрим манбаларда Рохлин, ҳатто 1998 йилда Кремлга қарши “марш” режалаштиргани тилга олинади.

Лев Рохлиннинг ҳаёти 1998 йилнинг 3 июлида кенг жамоатчилик учун кутилмаган тарзда якун топади – у Москва яқинидаги дачасида отиб ўлдирилади. Ҳокимият буни оилавий можарога боғлайди. Расмий баёнотга кўра, хотини Людмила Рохлина уни отиб қўйган. Лекин Рохлин тарафдорлари бу ишни сиёсий қотиллик деб ҳисоблайдилар.

Рохлин ҳақида баҳслар ҳалигача тўхтагани йўқ. У ватанпарвар ҳарбийми ёки Кремлга таҳдид қилган сиёсий фигурами? Унинг тақдири Россия тарихидаги энг зиддиятли саҳифалардан бири бўлиб қоляпти.

Нурбек Алимов

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг