«Uzpost» — Ўзбекистоннинг йирик оператори янги брендга ўтди! (видео, фото)
Сир эмас, мамлакатимиз почта тизимида оқсоқлик бор эди. Қилинаётган ишлар яққол кўзга ташланмаётгани ҳам бор гап. Аммо бугун «Ўзбекистон почтаси» AЖ катта ишлар бошлаганини эълон қилди. Энди миллий почта тизими қандай йўлдан боради, аҳолининг почта хизматларига эҳтиёжлари қандай қондирилади?
Бугун, 14 декабрь куни «Hyatt Regency» меҳмонхонасида «Ўзбекистон почтаси» AЖ «Янги имкониятлар кучи» номли ребрендинг тақдимотини ўтказиб, шунга ўхшаш саволларга жавоб қайтарди. Камтаргина, ортиқча шов-шувларсиз ўтган тақдимотда почта мутасаддилари келгуси вазифалар ҳақида маълумот беришди. Чиқишлардан англаганимиз, энг биринчи вазифа – мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш.
Миллий почта оператори хизмат кўрсатишда ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишни мақсад қилган.
Энди компания «Uzpost» – янги ном, янги логотип остида хизмат кўрсатишга киришади. Логотип қанотида почта йўлларининг рамзи бўлган учта чизиқни кўриш мумкин, бош томондаги «тасдиқ» белгиси эса муваффақиятли етказиб берилган почта ва бажарилган вазифаларни англатади.
Янги тизим жараёнларни оптимизация қилишга, почта жўнатмаларини расмийлаштириш босқичларини қисқартиришга ёрдам беради. Эндиликда «Ўзбекистон почтаси» мижозлари ўз уйларидан чиқмасдан туриб ўз жўнатмаларини веб-сайт, мобил илова ёки телеграм бот орқали расмийлаштиришлари мумкин. IT-код олган мижоз ўзига яқин почта бўлимига келади ва уни кўрсатган ҳолда, оператор мижоз томонидан олдинроқ киритилган маълумотлар билан тизим орқали танишиб, жўнатмани расмийлаштиради.
Шунингдек, «Ўзбекистон почтаси» мижозлари эндиликда янги тизим орқали улар онлайн тарзда жўнатмаларини кузатиб боришлари мумкин. Ушбу ўзгариш нафақат почта мижозларига, балки компаниянинг ўзига ҳам ёрдам беради. Чунки, почта жўнатмаларнинг қайси босқичларида энг узоқ узилишлар ёки кутишлар кузатилиши ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлади. Ушбу маълумотлар асосида компания жойлардаги муаммоларни аниқ ҳал қилишга муваффақ бўлади.
Таъкидлаш лозим, «Ўзбекистон почтаси» AЖ автопарки ва инфратузилмаси ҳам янгиланиб, компания томонидан 27 та «Damas», 75 та кичик «Keddi», 4 та катта «ISUZU» ва иккита юк ортувчи «Gazel» автотранспортлари ҳамда 417 та электроскутер ва 200 та велосипед харид қилинди. Шунингдек, 15 фоиз почта бўлинмалари қайта таъмирланди ва қолган барча бўлинмалар ҳам босқичма-босқич равишда таъмирланмоқда. Почта бўлинмаларига янги компьютер, тўловни қабул қилишнинг мобил қурилмалари тақдим этилди.
Янги форматдаги ва янги дизайндаги пилот бўлинмалар очилди, келгусида уларнинг андозаси бўйича мамлакат бўйлаб барча почта бўлинмалари янгиланади. Шунингдек, компания автоматлаштирилган мажмуалар – почтаматларни ҳам жорий қилди. Улар орқали мижозлар ўз жўнатмаларини ўзлари олишлари мумкин бўлади. Бугунга келиб республика бўйлаб 30 та почтамат ўрнатилган.
Ўзбекистон бўйлаб 900 дан ортиқ почта бўлинмаларида кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 34 тага етказилди. Кейинги йил бошида «Ўзбекистон почтаси» AЖ томонидан Тошкент, Бухоро, Хоразм ва Aсака шаҳарларида 4 та фулфилмент марказлари ишга туширилади. 2025 йилгача мамлакат бўйлаб автоматлаштирилган фулфилмент марказлари сони 30 тагача етказилиши режалаштирилган.
Компаниянинг «Unisavdo» деб ном олган платформаси Android va iOS тизимлари учун мобил иловалари 2021йилнинг май ойида тақдим этилган. 300 дан ортиқ тадбиркорлар «Unisavdo»да ўз маҳсулотларини жойлаштириш учун шартнома имзолашган. Бугунги кунга келиб платформада 14 000 дан ортиқ маҳсулот жойлаштирилган ва улар республика бўйлаб етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон почтаси» AЖ тўловларни қабул қилишнинг пул ўтказмаларини амалга оширишнинг янги тизими – «Aввал»ни ишга туширди. «Aввал» тизими почта томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлар учун тўловни амалга оширадиган ягона марказлашган дастур бўлиб, ушбу тизим ёрдамида мижозлар 100 дан ортиқ хизматлар учун тўловни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Дастур қуйидаги имкониятларни беради:
- дастурга янги сервислари улаш;
- мобил қурилма ёрдамида почта операторлари ўз участкасида тўлов қабул қилиш;
- мобил илова орқали мижозлар тўловларни амалга ошириши мумкин;
- бошқа дастурий махсулотлар билан интеграция килиш имконияти мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter