«Ўзбекистон почтаси» 240 та электроскутер сотиб олди
Почта ва куръерлик жўнатмалари, даврий матбуот нашрлари ва бошқа жўнатмаларни етказиш учун 240 та электроскутер сотиб олинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
«Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбаи этиб, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг 100,0 млрд.сўм миқдордаги оддий акцияларини қўшимча чиқариш белгиланган.
Ҳозирги кунга қадар, тижорат банклардан кредит ва лизинг маблағларини жалб этган ҳолда почта ва куръерлик жўнатмаларни, даврий матбуот нашрларни ва бошқа жўнатмаларни марказдаги почта саралаш бўлимидан олиб, олувчиларга етказиб бериш (бунда алоқа бўлимлари почта жўнатмаларини етказиб бериш фаолияти билан шуғулланмайди) амалиётини жорий этиш мақсадида 240 та электроскутер сотиб олинди ва иш жойларига берилди. Почта алмашинувларини амалга оширишда фойдаланилаётган автотранспортлар сони эса 388тага етди.
«Гибрид почта» хизматидан фойдаланиш бўйича 50дан ортиқ ташкилотлар билан шартномалар тузилди. Шунингдек, ушбу хизматни ривожлантириш ва иш унумдорлигини ошириш ҳамда почта жўнатмаларига ишлов бериш жараёнида қўл меҳнатини қисқартириш мақсадида, 2та «Neopost» автомат конвертлаш ускунаси харид қилиниб, Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишлатилмоқда.
Мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи 30 та автоматлаштирилган комплекслар (почтаматлар) сотиб олинди ҳамда Тошкент шаҳридаги 13 та почтамат почта алоқаси объектларига ва аҳоли гавжум ҳудудларга, 17 та почтамат Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Нукус, Навоий, Самарқанд, Наманган, Фарғона (3 та), Қарши, Сурхондарё, Тошкент вилояти (3 та) ва Урганч шаҳрига ўрнатилди. Бугунги кунда, уларни тармоққа улаш ва ахборот тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи «UNISAVDO» бренди остида Миллий онлайн савдо майдончаси 2021 йил феврал ойидан синов тариқасида ва март ойидан бошлаб тўлиқ ишга туширилди. Шунингдек, май ойидан мобил иловаси ишга туширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter