Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокор аёл бирданига тўққиз фарзандидан айрилди

Шифокор аёл бирданига тўққиз фарзандидан айрилди

Ҳужум оқибатида Аъло ан-Нажжорнинг шифокор турмуш ўртоғи оғир яраланган.

Фото: AA

Ғазо секторида давом этаётган урушда қонли фожиалардан бири рўй берди. Фаластинлик шифокор аёл Аъло ан-Нажжор Исроил армияси бомбардимони оқибатида бир кунда тўққиз фарзандидан айрилди.

Буюк Британиянинг “The Guardian” газетаси ёзишича, 10 фарзанднинг онаси бўлган Аъло ан-Нажжор Ғазодаги шифохонада педиатр бўлиб ишлайди. Фарзандлари ҳаёти хавф остида эканига қарамай, у ўша машъум кунда ҳам шифохонадаги бемор болаларга кўмак бергани ишга кетган

Исроил армияси Хон Юнусга уюштирган авиаҳужум оқибатида Аъло ан-Нажжорнинг 9 фарзанди ҳалок бўлган, бир фарзанди (11 ёшли Одам) ва турмуш ўртоғи (шифокор Ҳамди ан-Нажжор) оғир яраланган.

“The Guardian” нашрига кўра, Ан-Нажжор оиласининг уйига бомба ташланиши оқибатида болаларнинг деярли барчаси ёниб кетган.

Ҳалок бўлган болаларнинг энг кичиги Сайден 6 ойлик бўлган.

Ҳамкасбларига кўра, Аъло ан-Нажжор шифокорлик касбига ҳамиша содиқ қолган. Оғир шарт-шароит ҳамда фарзандлари ҳаёти хавф остида эканига қарамай, шифокорлик вазифасини виждонан адо этган.

Эр-хотин шифокорлар Ҳамди ва Аъло ан-Нажжорлар тўнғич фарзандларини яқин фурсатда Мисрдаги Ал-Азҳар университетига ўқишга жойлашни режалаштирган эди.

“Ҳалок бўлганлар бу шунчаки қоғоздаги исмлар эмас! Биз ҳам дунёдаги бошқа одамлар каби одамлармиз. Бошқа одамлар каби биз ҳам яшаш ҳуқуқига эгамиз”, – дейди Ғазодаги Носир шифохонаси болалар бўлими раҳбари Аҳмад ал-Фарра “The Guardian”га берган интервьюсида.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёз Мансур БМТ Хавфсизлик кенгашидаги 28 май кунги чиқишида Ан-Нажжор оиласи бошига тушган кулфат ҳақида гапиратуриб йиғлаб юборган.

“Исроил жорий йил март ойида ўт очишни тўхтатиш келишувини бузганидан буён 1300 дан зиёд фаластинлик бола ўлдирилди, яна 4000 нафари яраланди. Мурғак болаларининг жасадини қучоқлаганча, улардан кечирим сўраётган оналар акс этган тасвирларни кўришга юрак дош бермайди. Бу даҳшатга қандай сабр қилиш мумкин?!” – дейди Фаластин элчиси Риёз Мансур.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 54084 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг  16503 нафари болалардир.

Ғазодаги авиаҳужумларда бир оиланинг ўнлаб аъзоси ўлдирилиши аввал ҳам қайд этилган. Жумладан, 2023 йил декабрь ойида Исроил ташлаган бомбадан “Anadolu” ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг ўнлаб яқинлари вафот этган.

2023 йил декабрь ойида Жабалия қочқинлар лагери бомбаланиши оқибатида “Ал-Жазира” телеканали Араб хизмати мухбири Мўмин ал-Шарафийнинг 22 нафар оила аъзоси – ота-онаси, ака-сингиллари, жиянлари ва бошқа қариндошлари ҳалок бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг