Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нетаняҳу энди нима қилмоқчи? Экспертлар ойдинлик киритди

Нетаняҳу энди нима қилмоқчи? Экспертлар ойдинлик киритди

Трамп Нетаняҳу сабаб Нобель мукофотидан қуруқ қолиши мумкин.

Фото: AP.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга қарши ҳарбий амалиётга АҚШ ҳам бевосита иштирок этишига ҳаракат қилмоқда. Экспертлар Нетаняҳу маъмурияти Эрондек қудратли рақибга қарши курашда Қўшма Штатларнинг бевосита кўмагига муҳтож деб ҳисоблайди.

Австралиядаги Дикин университети профессори Шаҳрам Акбарзоданинг фикрича, Исроил ва Эрон қуролли зиддияти яна давом этади.

“Зиддият бутун минтақага ёйилиши ва унга Қўшма Штатлар ҳам тортилиши эҳтимоли катта. Ихтилоф кучайиши ортидан АҚШнинг Исроил хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятини адо этишига тўғри келади. Шу тариқа АҚШ зиддиятга тортилади. Аслида, бош вазир Нетаняҳунинг мақсади ҳам шу: Қўшма Штатларни зиддиятнинг иштирокчисига айлантириш ва Эронда режимни ўзгартиришга уриниш”, – дейди профессор Акбарзода “Ал-Жазира” телеканалига берган интерьвюсида.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил Эронга қарши 13 июнь тонгида амалга оширган кенг кўламли амалиётдан кейин Оқ уй бу ҳужумдан аввалдан хабардор бўлгани, аммо бевосита иштирок этмаганини маълум қилди.

Нью-Йорк университети ҳузуридаги Яқин Шарқ масалалари бўйича марказ раҳбари, профессор Муҳаммад Баззи Исроил бош вазири ушбу ҳужумни Трампнинг дастаги ва розилиги билан бошлаган деб ҳисоблайди.

“АҚШнинг барча замонавий президентлари каби Трамп ҳам Исроилга ҳотамтойларча миллиардлаб доллар қурол-аслаҳа тортиқ қилди, Исроилни танқидлардан ҳимоя қилиш учун халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши каби институтларга босим ўтказди”, – деб ёзади профессор Баззи “The Guardian” газетасида чоп этилган мақоласида.

Экспертнинг таъкидича, Трамп “бир пайтнинг ўзида икки стулда ўтириш”га уринмоқда. Яъни ҳам Эрон билан тинчлик музокаралари олиб бормоқда, ҳам Исроилнинг Эронга қарши агрессиясини дастакламоқда.

Муҳаммад Баззи ҳам Нетаняҳу пировардида АҚШни Яқин Шарқдаги кенг кўламли қонли урушга тортади деб ҳисоблайди.

Аслида, АҚШ аллақачон Исроил ва Эрон зиддиятининг бевосита иштирокчисига айланиб улгурди. Хусусан, Эрон томонидан 14 июнга ўтар кечаси Исроил томон учирилган юзлаб ракеталарни уриб туширишда яҳудий давлати армиясига яқиндан кўмак берди. Аммо Вашингтон томонидан берилаётган миллиардлаб доллар молиявий кўмак, ажал қуролларига ҳам қаноат қилмаган Исроил маъмурияти Эронга қарши урушда АҚШ ҳарбийлари ва техникаси ҳам бевосита қатнашишига умид қилмоқда.

Тель-Авив маъмурияти 13 июнь тонгида уюштирилган ҳужумларда Эроннинг ядро объектларини вайрон қилгани ҳақида баёнот берди. Аммо расмий Теҳрон етказилган зиён у қадар жиддий эмаслиги, ер остида жойлашган ядро объектлари шикастланмаганини маълум қилган.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Исроил учоқлари Эроннинг 60 метрга қадар ер остида жойлашган ядро объектларини йўқ қилишга ожизлик қилади. Уларни йўқ қилиш учун АҚШнинг B-2А ёки B-52Н стратегик учоқлари ҳамда бункерга қарши махсус бомбалар зарур. Бундай учоқ ва бомбалар Исроил захирасида мавжуд эмас.

Эътиборга молик жиҳати, Исроилнинг Эронга қарши амалиёти Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ядро тадқиқотлари юзасидан дипломатик музокаралар ўтаётган паллада рўй берди. Гап шундаки, Исроил ҳужумидан бир неча кун аввал ҳам АҚШ раҳбари Трамп Эрон ядро масаласи дипломатик йўл билан ҳал этилишини таъкидлаб, Исроилнинг ҳужумига изн бермаганини қайд этган эди. Шунга кўра, Эрон расмийлари АҚШ раҳбариятини алдов усулини қўллашда айбламоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббо Ароқчи эса Исроилнинг “варварларча ҳужуми”дан кейин АҚШ билан дипломатик музокаралар ўтказиш маънисиз ва фойдасиз деб баёнот берган.

Расмий Теҳрон Вашингтонни АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларини нишонга олишидан ҳам огоҳлантирган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга қарши амалиёт қанча зарур бўлса, шунча давом этишини айтган. Трамп эса сўнгги кунларда Эронга қарши масхараомуз ва таҳдидли постлардан кейин, пировардида, Теҳронни ядро дастури бўйича битим имзолашга ундаган. Трамп ўз таъбирича, Эронга “иккинчи имконият” берган.

Аксар экспертлар таъкидлаётганидек, ҳозирги вазиятда Нетаняҳу учун ўз сиёсий умрини узайтиришнинг мақбул йўли Эронга қарши урушни чўзишдир. Исроил бош вазирининг ҳокимиятпарастлик қутқуси охир-оқибат тинчлик йўлидаги Нобель мукофотини олишга зўр бериб уринаётган Трампни ҳам ўз домига тортади, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

Маълумот ўрнида: 13 июнь тонгида Исроил армияси Эрон ҳудудига уюштирган авиаҳужумларда 78 киши (жумладан, мамлакат ҳарбий раҳбарияти вакиллари ва ядро физикаси мутахассислари) ҳалок бўлди, 320 киши яраланди.

Эрон томонидан 14 июнга ўтар кеча уюштирилган жавоб ҳужумида уч нафар исроиллик ҳалок бўлди, 19 нафари жароҳатланди.

Томонлар якшанбага ўтар кечаси ҳам бир-бирига ракета зарбалари йўллади


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг