Шерзод Шерматов UzPost ходимларини тақдирлади
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон почтаси» АЖ ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этиб, почта ходимларини тақдирлади.
Унга кўра, корхонанинг 4 нафар ходими «Моҳир алоқачи» фахрий унвони билан, 14 нафари «Ўз касбининг устаси» белгиси билан, шунингдек, 10 нафари фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди.
Ҳозирги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ таркибий жиҳатдан 165 та туман ва шаҳар почта алоқаси тармоқлари, 1803 та почта алоқаси бўлимларидан (улардан 1358 таси қишлоқ жойларида) иборат бўлган 14 та минтақавий филиаллар, 4 та ихтисослаштирилган филиаллар – «Халқаро почтамт», «Халқаро тезкор почта», «Ўзбекистон маркаси», «Матбуот тарқатиш»ни ўз ичига олади. Шу билан бирга, республика ҳудудида почта жўнатмалари мунтазам равишда 3 та авиа, 303 та автомобил йўналишлари бўйича етказиб берилмоқда.
2021 йил 14 декабр санасида «Ўзбекистон почтаси» АЖ ребрендингни амалга оширди ва айнан шу санадан бошлаб UzPost брендига ўтди.
«UzPost»нинг мавжуд ахборот тизимлари янгиланди, тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмалари бўйича автоматлаштирилган тизим янгиланиб, AVVAL бренди остида ишга туширилди ҳамда унинг мобил иловаси ҳам яратилди. Бугунги кунда мазкур тизимда 60 дан ортиқ тўловларни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Ҳозирда республиканинг чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун 930 га яқин почта алоқа объектларида 30 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи «UNISAVDO» бренди остида Миллий онлайн савдо майдончаси 2021 йил март ойидан бошлаб тўлиқ ишга туширилган.
Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида, Андижон вилоятининг Асака туманида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида логистика маркази қурилиши бошланди.
Шунингдек, «Гибрид почта» тизими такомиллаштирилиб, Ягона миллий тизим жорий этилди. Гибрид почта хизматнинг афзаллиги шундаки, давлат органлари ва ташкилотлари почта жўнатмаларини конвертга солиш, унга марка ёпиштириш, олувчининг манзилларини ёзиш ва почтага олиб келиш вазифаларидан ҳоли бўлишади.
Бунинг натижасида почта жўнатмасини етказиб беришдаги назорат муддатлари қисқаришига эришилди, яъни аввал почта жўнатмалар энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига 6-8 кун ичида етказиб берилган бўлса, эндиликда 1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.
АКТ вазири Ш.Шерматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда 100 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари ушбу хизматдан фойдаланиб келмоқда. Гибрид почта жўнатмаларининг ҳажми 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 2 баробар кўпайиб, 3,5 миллион донани ташкил этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter