«Агар хорижий тилни билганимда эди...» — кечаги орзу ва бугунги имкониятлар ҳақида

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошлари. Ўзбекистон эндигина мустақилликка эришган, электр тармоқларида муаммолар кузатилаётган, “интернет” деган сўз ҳали луғатимизга кириб улгурмаган даврлар эди. Аммо митти қалбимизда катта ҳавас бор эди — чет тилларини ўрганиш, хорижда ўқиш ва дунёда ўз ўрнимизни топиш...
Афсуски, кўпчилик учун бу орзу бўлиб қолди. Мактабда чет тилини ўқитадиган муаллимлар етишмасди, қўшимча тайёрланишга эса ҳали ўқув курслари очилмаганди. Қизиқишимиз бор, лекин имконият йўқ. Ҳатто шаҳодатномага ҳам чет тили фанидан баҳо қўйилмаганди. Ана шундай “тилсиз қанот” билан қанчадан-қанча орзуларимиз парвозсиз қолди. Биргина менда эмас, минглаб, балки юз минглаб ёшларда шундай армон қолди.
Хайриятки, бугун вазият тубдан ўзгарган. Ўзбекистон таълим соҳасида, хусусан, хорижий тилларни ўрганиш борасида кескин бурилиш даврини бошидан кечирмоқда. Давлат раҳбарининг таълимга, айниқса чет тилларига бўлган қатъий эътибори туфайли бутун тизим қайта кўриб чиқилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида чет тилларини ўрганиш тизимини такомиллаштириш алоҳида қайд этилди.
Бу мақсад йўлида қатор платформа ва дастурлар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир ҳудудда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида хорижий тилларни ўқитиш марказлари очилди. Ҳатто чекка туманларда ҳам замонавий мультимедия ускуналари билан жиҳозланган тил марказлари иш бошлади.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда халқаро тил сертификатига эга бўлган битирувчилар сони бир неча баробарга ошган.
Президент мактаблари битирувчиларининг барчаси халқаро тил сертификати (IELTS, TOEFL) олишга эришишмоқда. Баъзиларининг натижаси — 8.5 баллга тенг. Бу нафақат таълим сифатининг ошиши, балки ўттиз йил аввалги битирувчилар учун имконсиз бўлиб кўринган орзуларнинг ҳозирги авлод учун оддий мақсадга айланганини кўрсатади.
Айни пайтда, халқаро сертификатга (IELTS, TOEFL) эга ўқувчилариннг олийгоҳга киришда имтиҳондан озод этилиши, уларнинг билими тан олиниши, ҳақиқий инқилобдир.
Чет тили ўқитувчиларининг ижтимоий мақоми ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. IELTS, TOEFL, CEFR даражали сертификатларга эга бўлган педагоглар учун устамалар жорий этилди. Устозлар орасида 1000 АҚШ доллари миқдорида маош олаётганлар сони кам эмас. Айниқса, олис ҳудудларда фаолият юритаётган чет тили мутахассислари учун алоҳида рағбат механизмлари жорий қилинган.
Ёшлар замонавий технологияларнинг қулайликларидан унумли фойдаланиш орқали дунё университетларига йўл олишмоқда. Масофавий курслар, онлайн сертификатлар, фриланс платформалар орқали даромад топаётган ўзбекистонлик ёшлар сони ҳам ортиб бормоқда. Улар чет тили ва “АйТи”ни ўрганиш орқали халқаро меҳнат бозорида кучли рақобатчига айланмоқда. Google, Meta, Microsoft ва шу каби йирик IT-компанияларда ишлаётган ёшлар сони ошиб бормоқда. 2024 йилда 900 миллион долларлик IT хизматлари экспорти – бунинг катта қисми айнан чет тилини билувчи мутахассислар ҳиссасига тўғри келади.
Бу жараёндаги энг катта ютуқ инсон салоҳиятига бўлган ишончнинг қайтиши, ёш авлоднинг имкониятлари ошганидир. Чет тилларини ва замонавий технологияларни ўзлаштирган ёшлар жамиятда фаол, ташаббускор, тадбиркор ва энг муҳими – эртанги кунга ишончи мустаҳкам шахсларга айланмоқда.
Шукрки, бир вақтлар биз мактабда чет тилидан дарс ўтилишини орзу қилган бўлсак, бугун фарзандларимиздан “мен IELTS олдим, грант ютиб, хорижга ўқишга кетяпман” деган қувончли сўзларни эшитяпмиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter