Конлар самарадорлигини ошириш учун Saneg объектларида GRDC модулли компрессор қурилмалари жорий қилинмоқда
GRDC модулли компрессор қурилмалари Saneg объектларида жорий қилинмоқда. Ушбу қурилма табиий газ қазиб олиш самарадорлигини оширади ва ўзлаштиришнинг якуний босқичида конларнинг ишлаш муддатини узайтиради.
GRDC бош директори Азизбек Назаровнинг сўзларига кўра, лойиҳа Saneg компаниясининг нефт ва газ объектларини ривожлантириш бўйича ҳамкори GRDC (Geo Research and Development Company) илмий-технологик маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида «Чувама», «Пирназар», «Қоровулбозор», «Шимолий Майманак» марказлаштирилган модулли компрессор қурилмалари (МКҚ) ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, бу кунига 2,75 млн кубометр табиий газни қазиб олиш имконини беради.
Иккинчи босқичда қудуқ оғзи МКҚларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бундан Saneg компаниясининг Муборакдаги конларидаги табиий газни сиқиш ва марказлаштирилган МКҚга ташиш кўзланган.
Кейин эса МТО (Methanol to Olefin) газ-кимё мажмуасини хомашё билан таъминлаш мақсадида қазиб олинаётган газ марказлаштирилган МКҚлардан «Қоракўл» газни қайта ишлаш мажмуасига ташилади.
«Saneg конларнинг ишлаш муддатини узайтириш ва қолдиқ газни қазиб олиш учун замонавий технологияларни изламоқда, – дейди Saneg ижрочи директори Тўлқин Юсупов. – МКҚ конлардан паст босимли газни қазиб олиш муаммосини ҳал қилади ва ҳар бир қудуқда қазиб олишни оптималлаштириш имконини беради. МКҚдан фойдаланиш самарадорлиги «Чувама» конида аллақачон ўз исботини топган, бу ерда қурилма ёрдамида ўртача кунлик газ қазиб олиш ҳажмини 80% га, 104 дан 178 минг куб метргача оширишга муваффақ бўлдик, кейин эса газни Муборак газни қайта ишлаш заводига ташишга эришдик».
Лойиҳа бош пудратчиси «Enter Engineering» компанияси қиймати 1,6 млн АҚШ долларига тенг бўлган технологик иншоотни қисқа муддатда қуриб битказди. Хитойнинг етакчи ишлаб чиқариш компанияси «Sichuan Jinxing Clean Energy Equipment Co., Ltd» замонавий газ поршенли ускуналар ҳамда компрессорларни етказиб берди.
Saneg Қашқадарё вилоятидаги бир қатор конларда 40 та қудуқ оғзи МКҚ компрессорларини жорий этиш ва кунига 7 млн куб метр табиий газни ташишни таъминлашни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter