Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ: истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришда ишончли ҳамкор (видео)

«Ўзмиллийбанк» АЖ: истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришда ишончли ҳамкор (видео)

Янги ташаббус, янги ғоя ҳамда интерактив лойиҳалар – бизнеснинг муҳим асосидир. Банклар эса ана шу амалиётни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш, саноатни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бизнес ва хизмат кўрсатишнинг янада самарадорлигини таъминлашда асосий молиявий манбадир. Бу эса ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий инфраструктураси ўзгариши ҳамда янги иш ўринларининг вужудга келишига замин яратади.

«Ўзмиллийбанк» АЖ бу борада фаол иштирок этиб, эришилаётган ижобий натижаларга муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, банк томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Бухоро вилоятига ташкил этилган пресс-тур доирасида ана шу йўналишдаги ишлар билан бевосита танишилди.

Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида банклар тадбиркорларнинг энг ишончли ҳамкори сифатида намоён бўлаётгани эътиборга молик.

Пресс-тур жараёнида журналистлар «Ўзмиллийбанк» АЖ Бухоро вилояти Бош бошқармасида бўлиб, Бухоро Амалиёт банк хизматлари маркази фаолиятини ўрганди.

Бугунги кунда «Ўзмиллийбанк» АЖ Бухоро вилояти Бош бошқармаси тасарруфида 5 та банк хизматлари маркази ва 6 та банк хизматлар офиси фаолият кўрсатади. Жумладан, банкнинг Бош бошқармаси томонидан ўтган йилнинг ўзида саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида 211,6 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 700 дан ортиқ юқори даромадли янги иш ўрни яратилди.

Ҳозирда бошқарма тасарруфидаги банкларда 17 минг 748 нафар мижозга хизмат кўрсатилади. Мижозларга пластик карточкалардан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 61 та банкомат, 11 та АДМ қурилмаси, 5235 та савдо терминали ўрнатилган. Бундан ташқари, аҳолига пластик карталар амалиётини янада соддалаштириш учун 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 16 та шохобча хизмати ташкил этилган.

Банк хизматлари марказида инновацион хизматлар кўрсатиш ҳажми тобора ортиб бориши ҳисобига айни пайтда мижозларнинг 90 фоизи масофадан бошқариладиган хизматлардан фойдаланиш имконига эга. Бу борада ҳисобрақамлар орқали банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит олиш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларини бажариш, омонатни расмийлаштириш, хорижий валюталардаги амалиётлар, пул ўтказмалари каби тезкор ҳамда ишончли банк хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Таъкидлаш лозим, вилоятда хизматлар соҳаси иқтисодиёт ривожида салмоқли ўрин эгаллайди. Биргина ўтган йил якунида хизмат кўрсатиш корхоналари сони кескин ўсган. Хусусан, «Ўзмиллийбанк» АЖ сервис тармоғини ривожлантиришга масъул этиб белгилангандан сўнг, вилоятда ўтган 4 йил давомида мазкур молия муассасаси ташаббуси билан тижорат банклари билан биргаликда хизматлар соҳасига 9,3 триллион сўм кредит ажратилган. Бу 2021 йилда 1,8 триллион, 2022 йил 2,1 триллион, 2023 йил 2,3 триллион ва 2024 йилда 3,1 триллион сўмни ташкил этди.

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Бухоро шаҳридаги «Mergantex» масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Мазкур корхона 1994 йилда ташкил топган бўлиб банк томонидан текстиль ускуналари сотиб олиш учун 4 миллион 250 минг евро миқдоридаги кредит ажратилган. Инновация, сифат ва замонавийлик экологик тоза маҳсулотларда акс этган.

- Корхонамизни ташкил топганига 31 йил бўлди. Биз шу даврга қадар Ўзмиллийбанк билан ишончли ҳамкорликдамиз. Илк иш бошлаганимизда 4 нафар ходимдан иборат корхонамизда айни пайтда ишчилар сони1200 нафарга етди. Йил якунига қадар фабрикамизда тайёр кийим-кечаклар лойиҳаси ишга тушиши натижасида ходимлар сонини 1800 нафарга етказамиз, - дейди корхона директори Иброҳим Хамраев.

Пресс-тур иштирокчилари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишувдан сўнг хизмат кўрсатиш тармоғининг муҳим йўналишларидан бири бўлган хусусий клиникада бўлишди.

«Ameri Med Diagnostics» хусусий клиникаси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, умумий лойиҳа қиймати 15 миллиард, ажратилган кредит миқдори 1,95 миллиард сўмни ташкил этади. Муасасада ишчи ўрни 25 тадан иборат.

Клиника ҳомиладор аёллар учун реабилитация маркази ва туғруқхона сифатида фаолият юритади. Бу тиббий хизматлар хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий технологиялар ёрдамида амалга оширилади.

Маълумки, Бухоро азал-азалдан сайёҳлар гавжум ҳудуд сифатида маълуму машҳур бўлиб келган. Шу боис вилоятда меҳмонхона хизматига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳар доимгидек юқори.

Ўзмиллийбанк эса сервис тармоғини ривожлантиришда айнан мазкур йўналишдаги лойиҳаларни молиялашда ҳам фаол иштирок этади. Хусусан, «Bakx Mir Palase» меҳмонхонаси ана шундай лойиҳалардан бири дейиш ўринли. Тадбиркор умумий лойиҳа қиймати 18 миллиард сўм бўлган мазкур меҳмонхона қурилиши ва ишга тушиши учун банкнинг 12 миллиард сўмлик кредит маблағидан самарали фойдаланди.

– Вилоятга сайёҳлар оқимининг кўпайиши, туризм соҳасини янада ривожланишига хизмат қилди, – дейди меҳмонхона раҳбари Соҳиб Ходжаев. – Бу борада бизга «Ўзмиллийбанк» АЖ хизматлари анча қўл келди. Улардан олинган кредит маблағлари эвазига қулай, шарт-шароитларга эга янги меҳмонхонани ишга туширдик. Натижада бинода 25 та ишчи ўрни яратилди.

«Ғиждувон Машҳураси» хусусий корхонаси 2011 йилда ташкил этилган. Унинг таркибида ишга тушган «ZHMARBLE» цехи эса ташкил топганига ҳали кўп бўлмади, лекин аллақачон Франция, Германия, Туркия, Қозоғистон ва Россия давлатларига маҳсулот етказиб бермоқда.

Бу - поливинилхлорид (ПВХ)дан тайёрланган, интерьер безагида фойдаланиладиган сунъий қурилиш материали тури бўлиб, маҳсулот мармарга тақлид қилади. Унинг юқори қисми табиий мармар, гранит, оникс ва бошқа материалларнинг текстураси ва рангига ўхшатилган қопламадан иборат.

Корхона Ўзмиллийбанкдан янги қуввати учун қиймати 2,0 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳа учун 1,5 млн АҚШ долл., миқдорида кредит ажратган.

Мухтасар айтганда, Ўзмиллийбанк Бухоро вилояти Бош бошқармаси томонидан бугун вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари ортиб, ҳудудда кўплаб истиқболли лойиҳалар ишга тушмоқда. «Ўзмиллийбанк» АЖ эса доим ташаббускор тадбиркорлар ҳамда илғор таклифларни қўллаб-қувватлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг