Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дўконларга ўз маҳсулотларини сотиш, харидорларга эса пулларини иқтисод қилиш имконини берувчи лойиҳа «Open Data Challenge 2017» ғолиби бўлди

Дўконларга ўз маҳсулотларини сотиш, харидорларга эса пулларини иқтисод қилиш имконини берувчи лойиҳа «Open Data Challenge 2017» ғолиби бўлди

«Open Data Challenge 2017» танловининг ғолиб ва совриндорлари.

Фото: «Inha.uz»

2017 йилнинг 15 декабр куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида «Open Data Challenge 2017» танловининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

«Open Data Challenge 2017» хакатони 2017 йилнинг 30 ноябридан 3 декабригача икки босқичда ўтказилди.

30 ноябр ва 1 декабр кунлари рўйхатдан ўтган 400дан зиёд иштирокчилар маҳорат мактаблари ва семинарларда иштирок этдилар. Ушбу тадбирлар давомида иштирокчилар малакали мутахассислар ёрдамида дизайн-фикрлаш, жамоаларни шакллантириш, Python тили асосида маълумотларни таҳлил этиш, «Lean Startup» ва «Customer Development» методологияси, блокчейн ва бошқа йўналишлар бўйича билимларга эга бўлдилар.

2 ва 3 декабр кунлари тренинг ҳамда маҳорат дарсларида олган билимлари, очиқ маълумотлар асосида ўз лойиҳаларини яратдилар.

Хакатон доирасида 63та жамоа ҳакамлар ҳайъати эътиборига ижтимоий (47та лойиҳа) ва бизнес (16) лойиҳаларни ҳавола этишди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, «Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши бизнес лойиҳа» номинациясида «SAVE IT» жамоаси (Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг талабалари Насиба Лутфуллаева, Муҳайё Тошпўлатова, Акбархон Аминов ва Аваз Алимов)  ғолибликни қўлга киритди.

«SAVE IT» жамоаси мобил илова ва Telegram-бот ишлаб чиқди. Мазкур сервис фойдаланувчиларга яроқлилик муддати ўтиб бораётган товар ва маҳсулотларга бериладиган чегирмалар тўғрисида маълумот олиш имконини беради. Лойиҳа дўконларга ўз маҳсулотларини сотиш ва харажатларни камайтириш, харидорларга эса пулларини иқтисод қилиш имконини беради.

«Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган энг яхши ижтимоий лойиҳа» номинациясида «Umbrella Soft» жамоаси (ТАТУ талабалари Улуғбек Тўхтаев, Адизбек Эргашев, Жаҳонгир Исмоилов ва Муҳриддин Ғайратов) ғолибликни қўлга киритди.

«Umbrella Soft» жамоаси «MyID» лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа Ўзбекистон фуқароларига айрим давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) жарималари ва коммунал тўловларни амалга ошириш имконини беради. Лойиҳа доирасида иш берувчи томонидан тасдиқланадиган электрон меҳнат дафтарчасини татбиқ этиш ҳам назарда тутилган.

«All Eyez On Me» жамоаси эса «Хакатоннинг энг инновацион лойиҳаси» номинациясида ғолиб деб топилди. Ушбу жамоа аъзолари — Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг талабалари Анвар Мўминов, Тўрабек Ғайбуллаев, Беҳруз Миртурсинов ва Жавоҳир Абдуқаҳҳоровлар инсон юзини аниқлайдиган аппарат мажмуини тақдим этишди.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, «alphaZET», «Flyber Entertainment», «Diamond Solutions», «Tag» жамоалари рағбатлантирувчи мукофотга сазовар бўлишди.

Маълумот ўрнида:

«Open Data Challenge» — бу очиқ ҳукумат маълумотларига асосланган маҳсулотларни тез ишлаб чиқиш бўйича мусобақа бўлиб, у Ўзбекистон учун нисбатан янги бўлган очиқ маълумотлар ғоясини тарғиб этишга қаратилган.

Хакатоннинг асосий вазифаси Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва Ўзбекистон давлат органлари веб-сайтларида жойлаштирилган ҳамда хусусий сектор томонидан тақдим этилган очиқ маълумотлар орасида ижтимоий ва инновацион иловалар ва хизматлар яратишдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг