Кичкина «катта» хўжайин!
Муҳаммадюсуф Махматрасулжонов
16 ёш.
12 ёшидан фрилансер.
Open Data Challenge-2018 (Хакатон)нинг энг ёш иштирокчиси.
Arkon.uz иловаси етакчиси.
Ҳозирда «Grace projects» компаниясининг VR, AR бўйича мутахассиси.
Кичкина «катта» хўжайин! Ҳамкасблари уни шундай аташади
12 ёшидан фрилансерлик билан шуғуллана бошлаган жиналаксоч, сепкилли ғаройиб болакай омма олдида эркин сўзлашдан тортинмасди. Ўшанда уни тинглаб туриб, болакайни «ёш бола» санаганлар янглишишганди. Болакай буларга парво қилмади! Кичкина юраги билан катта ғояларни илгари сурди.
Технология мўъжизалари ҳақидаги фантазияларига ишонди! Китобни ҳамроҳ билди, 10 ёшидан тил ўрганди! Ўша болакай бугун бир нуфузли компаниянинг кичкина «катта» хўжайинидир!
Ҳикоянинг давомини унинг ўзидан эшитамиз.
Ҳозирда мен ишлаётган компания – «Grace projects» жамоасида энг ёш ходим ҳисоблансам-да, аслида, IT соҳасида 4-5 йилдан буён ишлаб келяпман. Буни тарихига тўхталадиган бўлсам, танловим менинг соҳага табиий қизиқишим билан боғлиқ. Болалигимда турли янгиликларга ўчлигим, янги ихтиролар ҳақида кўпроқ билишга бўлган қизиқувчанлигим баланд эди. Шу тариқа, интилишим кучли бўлганлиги боис, 10-12 ёшимдан IT соҳаси имконятларини мустақил равишда ўрганишни бошлаганман. Яъни, интернетдан мазкур соҳа ҳақидаги маълумотларни ўрганар эканман, ITнинг келажак имкониятлари янада кенглиги борасидаги мулоҳазалар ва бу бўйича қандай янгиликлар қилиш мумкинлиги мени жуда қизиқтириб қўйганди. Хаёлим шу билан банд бўлди, қолди!
12 ёшимда фрилансер бўлиб ишлашга ҳам улгурган эдим. 12-13 ёшимда биринчи буюртмаларни олишни бошлаганман. Илк бора оқ-қора рангдаги, кичкина ҳажмли «ўйин» иловасига буюртма олганман. Биринчи даромадим ўша пайтда 40 доллар атрофида бўлган. Бу буюртма устида анча қийинчиликлар билан ишлаганим бутун умр ёдимда қолиб кетган. Чунки, бу менинг илк мустақил ишим ва соҳа остонасида илк тажрибам, шунингдек, илк мижоз билан мулоқотим эди!
Бу бурилиш нуқтасидан сўнг, секин-аста интернет орқали фриланс биржаларида ўз қобилиятимга мос буюртмаларни кузатишни бошлаганман. Кейинчалик, ўз устимда ишлашни давом эттириб, соҳага оид турли танловларда қатнашишга киришдим. Жумладан, 2018 йилда ИНҲА университетида бўлиб ўтган Open Data Challenge-2018 (Хакатон) – очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича анъанавий танловда энг яхши жамоа дея эътироф этилган жамоа таркибида иштирок этганман. Бу тадбирда биз Тошкентни келажакдаги визуал кўринишини VRда териб чиққанмиз. Лойиҳа катта шов-шувга сабаб бўлган. Кейин яна бошқа кўплаб танловларда қатнашиб, new work (янги ишни ўрганишга бўлган кўникма мазмунида) базамни кенгайтирганман.
2019 йилнинг охирида бўлиб ўтган ICTWEEK ҳафталигида тасодифан IT-Parkда фаолият юритувчи мутахассислар билан танишиб қолганман. Кейинчалик, улар мени жуда кўплаб IT танловларига жалб қилиб, ҳатто, менторлар топишимда кўмаклашишган. Бу орқали кенг жамоатчилик билан танишишни бошладим, турфа одамлар билан мулоқот ришталарини ўрнатдим. Шундай қилиб, 2021 йилдан бери расман ҳозирги кунгача IT-Parkнинг Тошкент филиали биносида жойлашган «Grace projects» компаниясида VR (виртуал реаллик), AR (кенгайтирилган реаллик) бўйича мутахассис сифатида ишлаб келяпман.
Шунингдек, бугунги кунда компаниянинг бир-иккита лойиҳаларида ҳам бандман. Шулардан бири бу – ARkon.uz иловаси. Бу илова ўз номи билан мазмунан (кенгайтирилган реаллик)ни назарда тутиб, компания маҳсулотларини ривожлантириш ҳамда уларни маркетинг қилиш билан шуғулланади. Нафақат маркетинг, балки маълум бир компанияга ўзи ҳақида одамларга кўпроқ маълумот бериш имониятини тақдим этади.
ARkon.uz иловаси 2020 йилнинг охири, 2021 йилнинг бошида ишга туширилган бўлиб, асосий мақсади – Ўзбекистон аҳолисига турли компаниялар маҳсулоти мисолида AR (кенгайтирилган реаллик) имкониятини кўрсатишдан иборат. Бу илова ўз ўрнида компания PRда ҳам яхшигина қўл келади. Arkon.uz нинг қулай кейсларидан яна бири, архитектура соҳаси инновацияси билан боғлиқдир. Масалан, яқинда айни шу йўналиш бўйича «Golden house» компанияси билан ҳамкорликда унинг Infinity тураржой мажмуаси мисолида каталог чоп этдик. Каталог тураржой мажмуаси ҳақидаги маълумотлар, унинг рендр чизмалари ва лойиҳа QR-кодини ўз ичига олган. Мижоз харидини режалаштираёган тураржойи чизмаси суратига Arkon.uz иловасини тутса, экранда қурилажак турар жойнинг 3D форматидаги кўриниши ҳосил бўлади. Бу эса мижозга оддий қоғоздаги ҳомаки тасвирдан кўра, зиёдроқ таассурот беради. Қолаверса, компания мижозлар орасида инновацион ғояларни қўллаб-қувватловчи компания сифатида ўз мавқеига эга бўлади.
AR дан ташқари, яна бир йўналишдаги лойиҳамиз борки, бу – Metaverse (Метакоинот) ва VR(виртуал реаллик). Metaverse (Метакоинот) – биз яшаб турган дунёни виртуал ҳолатга ўтказилган вариантидир. Яъни, Метакоинот иловаси сизга реал дунёда эмас, виртуал дунёда мулоқот қилиш имкониятини беради. Ушбу лойиҳа октябрь ойида Самарқанддаги «SOF EXPO SAMARQAND»– халқаро кўргазмалар мажмуаси (Экспо Маркази)да бўлиб ўтган ICTWEEK ҳафталигида тақдимот қилинди.
Метакоинотнинг афзал томони шундаки, ўша пайт ҳафталикка ташриф буюролмаган иштирокчи ёки компания вакили жисмонан бошқа маконда бўлса-да, бу илова орқали ҳафталик тадбирларида виртуал тарзда қатнашиши мумкин эди. Бу иловага нафақат компьютердан, балки планшет, телефон ва ёки исталган замонавий технология мосламасидан кириш имкони бор. Яна шунингдек, одамлар илова орқали бир-бирлари билан гаплашишлари яъни, social interaction (ижтимоий ўзаро мулоқот) қилишлари мумкин. Иловага кирган ҳар бир одам ўз аватари воситасида ҳаракатланади. Илова микрафон ҳамда камера функцияларига эга. Метакоинот иловасининг энг аҳамиятли жиҳати, бу халқаро иловадир. Яъни, илова ёрдамида дунёнинг исталган нуқтасидан турган ҳолда мулоқот қилса бўлади. Бунда, соҳалар ва фойдаланиш шакли бўйича чегаралар йўқ.
Ҳар бир фойдаланувчи бу иловадан фойдаланишни ўзига мақбул йўлини топа олади. Масалан, бу илова воситасида концерт ва кўргазма каби маданий тадбирларга ҳам виртуал тарзда ташриф буюриш мумкин. Пандемия даври бунга яққол мисол. Ўша пайтда бу илова дунё одамларига анча қўл келди.
Пандемия даврида дунё исталган вақтда тубдан ўзгариб кетишига гувоҳи бўлдик. Айнан ўша вақт, 2020 йилда карантин ҳисобига VR,AR, Metaverse йўналишлари жуда катта донг таратди, овоза бўлди! Metaverseни VR билан ривожланаётгани келажак учун жуда муҳим, деб ўйлайман.
Маълумки, технологиянинг бу йўналишлари хусусидаги фаразлар 90-йиллар бошидаёқ адабиётда учрайди. Бунга яна бир ёрқин мисол – Жорж Оруэллнинг «1984» асарида бу каби ғоялар кўрсатилган бўлса ҳамки, бари нореалликка интилиш мажбуриятидан келиб чиққан эди. Бугунги кунга келиб эса соҳани кузатсак, Apple, Meta, Facebook, Microsoft каби донгдор компаниялар соҳанинг айни йўналишига катта инвестициялар қилмоқдалар. Бу дегани, бу соҳа ва унинг айни йўналиши яқин 30, 40 йиллик келажакда ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди.
Бугун дунё суръати жадаллашган. Ҳаёт тарзимиз борган сари жуда тезлашиб кетаяпти ва аввал кўпроқ вақтимиз етган нарсаларга ҳозир етмай қолаяпти. Чунки, бутун дунё технологиянинг сўнгги ютуқлари, имкониятларига созланган. Мисол учун, Facebookдек катта корпорация ўзини Meta деган номга ўзгартирганини олайлик, бу соҳа ривожи йўлида жуда катта турки-ки, дунё ҳам шу ўзанда кетиб бормоқда.
Келажакдаги энг долзарб соҳа шу бўлади, дея эътироф этилаётганига қарамай, VR ва Metaverse ни салбий томонларини ҳам кўздан қочирмаслик зарур. Чунки, ҳамма нарса меъёрида яхши, дегандек, меъёрни йўқотиб қўйилса, «1984»ни куни келади! Одамлар ўзини ўзи уйидан чиқмасдан ўтиришга маҳкум қиладилар! Шунинг учун, мувозанатни ушлаб туриш керак! VR ва Metaverse имконятларидан реал ҳаётдан узилмаган ҳолда фойдаланиш тўғри, деб ҳисоблайман.
Бугун IT соҳасининг имкониятлари ўзини айсбергни бир қисми каби маълум қилган, холос. Ўйлайманки, унинг асосий имкониятлари ҳозирча яширин, шов-шувли янгиликлари эса ҳали олдинда! Келажак касбининг келажак лойиҳалари тақдимотларида яна кўришгунча! Албатта, Сиз билан келажак лойиҳаларимизни xabar.uz сайтида бўлишамиз!
Лобар Қобилова тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter