Ёш устанинг дастурчиликдаги муваффақияти

Муҳаммадали Мамадалиев Мухторжон ўғли Фарғона вилоятининг энг гўзал сўлим ҳудудларидан бири Фарғона туманидаги Водил қишлоғида истиқомат қилади. Айни вақтда у Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида 4 курсда таълим олиш билан бирга университетда “Дастурий инжиниринг ва киберхавфсизлик факултети деканатида ишлаб келмоқда.
Эндигина 23 ёшга тўлган қаҳрамонимиз АйТи, дастурчилик соҳасида бугунги кунга қадар катта натижаларга эриша олди. Ушбу муваффақиятларга эришишда унинг компютер технологияларга қизиқиши, замонавий илмларни, хусусан, АйТини ўрганиши сабаб бўлди. Ёш, шижоатли, билимга чанқоқ қаҳрамонимизни рақамли технологиялар доимо қизиқтириб келган.
-Болалигимизда уйимизда компютер бор эди,-дея болалик хотираларини ёдга олади суҳбатдошимиз. -Йўқ, у компютер замонавий ултрабук ёки ўйин учун мўлжалланган қудратли электрон машина эмасди. Бу оддий мен учун сирли сехр қутиси эди гўё. Онам хисобчи бўлгани учун ҳам бу қути билан кўп ишларди. Мен эса у ишламаган вақтда компютерга яқинлашиб, унинг клавиатураларини босишдан завқ олардим.
Бироқ тез орада қизиқишим фақат сичқонча ўйнатишдан иборат эмаслигини, мен уни қандай ишлатишни тушунишни хохлардим. Ўша пайтларда онам менга тез-тез бир гапни айтарди -“Компютерни бузиб қўясан, кейин ким уни тузатади?” Мен эса синашдан қўрқмасдим. Албатта, эҳтиётсизлик билан бир неча бор компютеримизнинг ички қисмларини бузганман.
Натижада бизнинг қишлоғимиз марказидаги компютер устаси мени яхши танийдиган бўлиб қолганди. Ахир ҳар гал компютерни тузатишга олиб борганимизда онам мени ҳам унинг олдига олиб борарди. “Ўзи бузган тузатишни ўзи ўргансин” дейилган гаплар мен учун жазодек туюлмасди. Аксинча, мен устанинг ҳаракатларини диққат билан кузатардим, саволлар берардим. Ва бора-бора кичик муаммоларни ўзим ҳал қила бошладим. Охир-оқибат устахона эгаси менинг қизиқишларимни пайқади ва ўзига шогирд бўлишимни таклиф қилди. Шундай қилиб, ҳали мактаб ўқувчиси бўлсамда, компютерни таъмирлаш сирларини ўргана бошладим, - дейди, болалигини эсалаган қаҳрамонимиз.
Ўрта макатабнинг 11 синфини тамомлаган Муҳаммадали дастлаб, Фарғона туманидаги транспорт ва сервиз техникумида таҳсил олади. Бу орада компютер билимларига эга бўлган ёш мутахассисни тумандаги "Аҳоли бандлик маркази" да компютер оператори лавозимига ишга таклиф этишади.
Иш жараёнида Муҳаммадали нафақат компютер билан ишлаш, балки, давлат тизимидаги турли платформалар билан танишиш имкониятига эга бўлади. Аммо дастурлаш илмини мукаммал ўрганишни мақсад қилган қаҳрамонимиз учун бу етарли эмас эди. Ҳам техникумда ўқиш, ҳам ишлаш баробарида Муҳаммадали энди Марғилон шаҳридаги рақамли технологиялар марказига бориб С++ дастурлаш тилини чуқур ўрганиб, сертификат олади. Орадан бироз вақт ўтггач, техникумни тамомлаган ёш дастурчи бир вақтлар ўзи орзу қилган олийгоҳ - Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалига талабаликка қабул қилинади. Бу ёш айтичи учун яна бир катта имконият эди. Чунки ўқиш даврида у АйТи ва дастурлашнинг сир-асрорларини янада мукаммал ўрганиш шароитларига эга бўлади.
-Университет талабаси бўлиш мен учун энг катта бахт эди, - дейди, у, чунки танлаган олийгоҳимда айнан компютер соҳаси, АйТи чуқур ўргатилади. Бу ерда веб-дастурлаш, сайтлар ва онлайн платформалар, мобил иловалар яратиш, андроид учун дастурлар ишлаб чиқиш, сунъий интеллект ва автоматлаштириш, ақлли тизимлар яратиш каби соҳаларни чуқур ўргана бошладим.
Илк яратган дастурим эса болалар ўйингоҳи учун мўлжалланган мобил илова бўлиб, фойдаланувчилар ўйингоҳга кириш-чиқишни кузатиши ва тўловларни назорат қилишлари учун мўлжалланган эди. Кейинчалик эса интерактив ўйинлар, овоз орқали бошқарадиган савдо иловасини яратдим. Овоз орқали бошқариладиган ушбу савдо иловаси дўкон эгалари қўлларини банд қилмаган ҳолда, буюртмалар бера олишлари учун ишлаб чиқилган, дея, илк яратган дастурлари билан ўртоқлашди суҳбатдошимиз.
Университетда дастурлаш соҳасида тажриба ортиргани сари қаҳрамонимиз учун АйТи соҳаси шунчаки иш эмас, ҳақиқий ҳаёт тарзига айланганди. Ҳозирги кунда эса у ўқиш билан бирга университет жамоаси сафида ишлаб, янгидан янги лойиҳалар яратиш ишқи билан яшамоқда.
Хусусан, айни вақтда у таълим сифатини янада оширишга қаратилган илова Uni Coin иловасини яратиб, уни ҳаётга тадбиқ этиш ҳаракатида юрибди. Uni Coin иловаси эса талабаларнинг билимларини адолатли баҳолаш, иқтидорли талабаларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш тизимини яратишга йўналтирилган. У асосан blokcheyn технологияси асосида ишлайди. Ушбу лойиҳа ёрдамида талабалар билим даражаси бўйича Uni Coin токенларини қўлга киритадилар.
Бу эса уларнинг рағбатини оширади ва университет ичида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Ушбу илова орқали талабалар ўз интеллектуал ютуқлари эвазига токенларга эга бўлишади ва келажакда бу токенларни халқаро грантлар ёки махсус амалиёт дастурларида ишлатиш имкониятларига эга бўлишади. Ушбу лойиҳа орқали Муҳаммадали таълим соҳасида иновацион ёндошувларни жорий этишни, талабаларнинг билим олиш жараёнига бўлган қизиқишни оширишни ва энг муҳими, ўқув жараёнининг шаффофлигини таъминлашни мақсад қилган.
АйТини ўрганиш баробарида қатор замонавий касбларни ҳам ўргана бошлаган қаҳрамонимиз, олган билимлари асосида яхшигина натижадорликка эриша бошлади. "Хусусан, график дизайн, брендинг, видеомонтажорлик, операторлик каби касбларни ҳам ўрганди. Олган бу билимларим менга ҳаётимда жуда кўп ас қотмоқда. Хусусан, видеомонтажорлик қилиб ўз маҳсулотларим учун алоҳида телеграм канал очдим. Ҳозирда ушбу каналимда 6500 дан ортиқ хорижий ва ўзбек фойдаланувчилари кузатиб, улар видео монтаж билим сирларини онлайн ўрганиб боришмоқда. АйТида ўрганган турли иловалар ва ушбу телеграм каналим орқали ойлик даромадим 8 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу эса ҳозирчага, яна фойдали ва даромадли иловаларни ишга туширишни ўйлаб турибман", - дейди, Муҳаммадали.
Бугун АйТини ўрганиш нима учун муҳим деб берган саволимизга суҳбатдошимиз "ҳаёт рақамлашиб бормоқда, бу эса яшаш тарзимизга қатор қулайликларни яратмоқда", -деб, жавоб берди. Мисол учун оддий чўпонлик касбини олайлиик, илгарилари қўйларни қўлда боқиш, уларни кечаси қўриқлаш ва соғиш ишлари қўлда бажарилган. Аммо ҳозир чўпонлик ҳам АйТи технологиялари тизимидан фойдаланилмоқда.
Қўй подалари ўз вақтида кириб-чиқиши учун дарвозалар автоматлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир ҳайвоннинг саноғи, ҳаракатланиш ҳолати ва соғлиғи электрон кузатилиб борилмоқда. Фермаларда роботлаштирилган сут соғиш мосламалари яратилди. Бу каби ҳолатни барча корхона ва ташкилотларда кўриш мумкин. Электрон тизим иш жараёнини янада осонлаштирмоқда. Бу дегани АйТи ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда, дегани. Биз ёшлар эса бу билим ва технологияларнинг сир-асрорларини чуқурроқ ўрганишимиз керак. Ана шундай билимларни олган ёшлар эса улкан муваффақият қозонмоқдалар.
АйТи соҳаси эса бизга исталган жойда ишлаш имкониятини, фрилансер, remote каби ишлар тезкор ривожланиш ва юқори даромад топиш имкониятларини улашади, креатив фикрлашга ўргатади. Шу сабаб биз ёшлар учун Айти ва келажак касблари жуда керакдир.
Айни вақтда ўз устида ишлашда давом этаётган қаҳрамонимиз Veb3, Solditiy, blokcheyn, Remiks IDE, Visual Studio Code, Hardhat каби дастурларда ишлаб келмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект билан боғлиқ технологиялар ChatGPT, Midjourney, Goggle Gemini каби АйТи воситаларидан фойдаланиб келмоқда.
Pyton дастурлаш тилида турли бот ва автоматлаштириш тизимларини яратиш, Figma орқали дизайн ишлари билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари Adobe Primere, Pro, Avter, Effects каби дастурлар орқали видеомонтаж ва контент яратиш ишлари билан шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, Муҳаммадали Электрон дафтар иловасини яратган бўлиб, унда дўконлар учун ҳаражат ва даромадларни юритиш, солиқ органлари билан интеграциялашган тизим саналади. Бу илова кичик бизнеслар учун молия бошқарувини осонлаштириб, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, ҳарбийлар учун Web3 chat Dap Matrix технологиясидан фойдаланилган ҳолда хавфсиз ва шифрланган чат платформаси устида ишламоқда. У давлат ташкилотлари, ҳарбиий бўлинмалар ва махсус хизматлар учун алоқа тизимини яратиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Ким ошди савдоларини шаффофлаштириш иловаси эса коррупсияни камайтириш ва адолатли тақсимотни таъминлашга ёрдам беради.
Шу каби яратилаётган фойдали иловалар инсонлар ва давлат ташкилотларида мехнат қилаётган ходимлар учун манфаатли хизмат қилади.
Ҳаёт шиддат билан худди оқар сой каби оқиб бормоқда. Вақтнинг ҳар бир онидан унумли фойдаланиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқдир. Бугун рақамли технологиялар орқали ҳаётимизга янада осонлик, қулайлик ва фаровонлик олиб кириш учун фақатгина замонавий келажак касбларидан хабардор бўлсак бас. Бир вақтлар қилинган ширин орзу ва ҳаёллар, албатта, ҳақиқатга айланажак.
Фотима МАНСУРОВА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter