Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хориждаги юртдошимиз: Кичик стартаплар тезроқ ҳаракат қилади, қарор қабул қилади ва мослашади

Хориждаги юртдошимиз: Кичик стартаплар тезроқ ҳаракат қилади, қарор қабул қилади ва мослашади

Анча вақтлардан буён «Хориждаги юртдошимиз» рукнини сизлар билан бўлишолмай келаётгандик. Аммо, ўз лойиҳалари билан бирмунча муваффақиятларга эришган ва хорижда ўз ўрнига эга бўлган ёшларимиз талайгина. Шу каби ёшларимиздан бири Маҳаммадюсуф Абдураҳимов билан онлайн суҳбат уюштирдик.

Қаҳрамонимиз Ўзбекистонда бир нечта start-up лойиҳаларини муваффақиятли кўтарган, жумладан, 2020 йили пандемия шароитида таълим тизими бўйича онлайн платформа яратган. Шунингдек, Epam Systems компаниясида фаолият юритаётган вақтида бир нечта йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилишга эришган.
Ҳозирда АҚШда Дастурий муҳандислик ва бизнес администрация соҳасида таҳсил олмоқда.

– Дастурлаш соҳасига қизиқишингиз эрта бошланганини ёзган экансиз, буни айнан нима билан боғлайсиз, батафсилроқ айтиб берсангиз?

– Дастурлашга қизиқишим бир нечта муҳим омиллар туфайли эрта бошланган. Олти ёшимдан оиламизда кучли NVIDIA видео картали компютер бўлган – ўша даврда бундай қурилмалар жуда камёб эди. Аниқ фанларга, айниқса, математикага қизиқардим ва ота-онам 3-синфдан бошлаб инглиз тили курсларига беришган.

Аммо энг муҳим омил – менда пайдо бўлган саволлар эди: «Бутун дунё ишлатаётган дастурларни кимлар яратяпти?» ёки «Қандай қилиб миллионлаб одамлар бир платформани мулоқот учун ишлата олади?». Буларнинг барчаси мен учун ажойиб мўжиза эди.

7-синфда информатика ўқитувчимиз айтган бир фикр ҳаётимни ўзгартириб юборди: «Ҳар бир фойдаланувчидан $1 олиш мумкин. Агар минглаб инсонлар муаммосини еча олсанг – минглаб долларлар, миллионлаб инсонлар муаммосига ечим бера олсанг – миллионлар ишлаб топишинг мумкин». Ўша кундан бошлаб қандай бўлмасин дастурчи бўлиб, инсонлар муаммоларига ечим беришни мақсад қилдим.

– Илк муваффақиятли start-up лойиҳангиз ва нега айнан шу йўналишни танладингиз?

– Биринчи ҳақиқий стартапимизни дўстларим Азизбек Эргашев ва Ҳабибулло Хатамов билан бирга 17 ёшимизда бошлаганмиз. Биз Westminster халқаро университети академик лицейида бирга ўқигандик. Пандемия туфайли сўнгги семестрни онлайн ўтказишга мажбур бўлдик ва бу бизда ғоя туғилишига сабаб бўлди – Ўзбекистонда онлайн таълим платформалари жуда кам эди, шунинг учун онлайн курслар маркетплейсини яратишга қарор қилдик.

2020 йил август ойида лойиҳани оммага тақдим этдик. Ҳаммамиз ўз уйимиздан туриб, дастурнинг турли қисмларини ишлаб чиқардик. Ҳар куни эрталаб соат 4-5ларда онлайн учаршув қилиб олардик. Дастур ишга тушган биринчи ҳафтадаёқ, кичик маркетинг ҳаракатлардан сўнг, андижонлик бир инвестор 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоя таклифи билан алоқага чиқди. Дастур янги эди ва уни кенгайтириш учун маблағ зарур эди, лекин биз қийинроқ йўлдан юришни ва биринчи кундан катта улушни беришни истамагандик.

Қаттиқ меҳнат натижасида дастур аввалига 1000, кейинчалик 5000 фойдаланувчига етди. 2021-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг  Тараққиёт Дастури (UNDP) ва Ёшлар ишлар агентлиги томонидан ўтказилган «Just Start» стартаплар акселерасиясида 137 стартап ичидан 30 та энг яхши стартаплар қаторига сараланиб, улар орасида 1-ўринни қўлга киритдик ва 5000 АҚШ доллари миқдорида грантни қўлга киритдик.

Бу стартапни молиявий жиҳатдан фойдага кўтарилган деб бўлмаса-да, 2 йил давомида минглаб инсонларнинг фойдали курсларда илм олишларига сабабчи бўлганимизни чинакам муваффақият деб ҳисобласа арзийди.

– Digital Generation Uzbekistan’даги фаолиятингиз ҳақида, қайси лойиҳаларингизни давлат раҳбарига тақдим қилгансиз?

– Digital Generation Uzbekistan жамоасига дастлаб дастурчи ментор асистент сифатида қўшилганман, кейинчалик эса дастурчи ва лойиҳа менежери сифатида ҳам фаолият олиб борганман. Жамоада очиқ кўнгилли инсонлар бирлашган бўлиб, Ўзбекистонда минглаб инсонларга дастурлаш, медиа ва маркетинг ҳамда робототехника йўналишларида илм улашиш мақсадини қўйишганди. Digital Generation жамоаси аъзоси сифатида 2 йил ичида умумий 30 000 дан ортиқ инсонларга IT, маркетинг ва робототехника соҳаларида билим беришда ўз ҳиссамни қўшдим.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг IT-парклардан бирига ташрифи доирасида, эшитиш имконияти чекланган инсонлар учун мўлжалланган Zamin Education лойиҳасини тақдим этиш шарафига муваффақ бўлгандим. Zamin Education лойиҳасига қўшган ҳиссаларимдан бири бу мобил иловалар интерфейси мавзусида 2 та курсда умумий 43 та дарсларни ёзганим эди. Ҳозирда ушбу лойиҳа эшитиш имконияти чекланган минглаб ёшлармизга ўзларининг IT билимларини оширишда катта кўмак бўлиб келмоқда. Zamin Education лойиҳаси доирасида нафақат онлайн тартибда, балким жамоа билан республика бўйлаб мактабларда оффлайн тартибда ҳам дарслар олиб бордик.

– Epam Systems’даги фаолиятингиз ҳақида ва қайси йирик брендлар билан ишлагансиз?

– Epam Systems'да ишлаган йирик брендлар номлари шартномадаги махфийлик битими (NDA) туфайли уларнинг номларини очиқ айта олмайман. Epam Systems доирасида катта миқёсдаги фойдаланувчиларга эга бўлган лойиҳалар билан ишлаш, уларни оптимизация қилиш орқали кўплаб дастурлаш кўникмаларимни оширдим. Булардан бири оша вақтда ойига 21 миллион ташриф буюрувчиларга эга янгиликлар платформаси бўлса, иккинчиси жаҳон миқёсида таниқли фашион брендлардан бири эди.

– Қайси йўналиш бўйича таълимни давом эттиряпсиз?

– Ҳозирда АҚШда дастурий муҳандислик ҳамда бизнес администрацияси йўналишларида таҳсилимни давом эттиряпман.

– Ҳозирги лойиҳаларингиз ҳақида?

– АҚШга кетишимдан аввароқ бошланган optochka.com лойиҳаси ҳозирги кундан юзлаб ресторанларга етказиб бериш ва ресторанларни тизимлаштириш ҳамда маркетингни тўғри йўлга қўйишда ёрдам бериб келмқода. Лойиҳада мен асосчи технологик диркетор сифатида фаолият юритганман ва асосчи Абдулазизбек Шарипов билан биргаликда 10-12 кишидан иборат жамоа қуриб, лойиҳани бошлагандик. Лойиҳа ресторанларга ўз ресторанини турли сотув платформларига, хусусан узум тезкор, яндех эатс ва телеграмдаги ўз сотув иловасини йўлга қойишга ёрдам берибгина қолмай бизнеснинг ўсишига зарур бўлган аналитик имкониятларни тақдим этади.

АҚШда амалга оширган лойиҳаларим ичида KHMApp.org лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Бу платформа минглаб инсонларга иш, уй, машина ва бошқа кундалик ҳаётдаги керакли эълонларни топишда ёрдам беряпти. Дастурни дўстим Ҳожиакбар Мўминов билан биргаликда 2023 йил август ойида ишга туширдик. Лойиҳа фаолиятининг биринчи 3 ойи ичида 100 мингдан зиёд ташрифлар ва 10 мингдан ортиқ фойдаланувчиларни жалб этдик. Ҳозирда Вентур инвесторлар билан музокара ишларини олиб бормоқдамиз.

Бундан ташқари, 2023 йил ноябр ойида Азимжон Пулатов ва Муҳаммадюсуф Абдуллаевлар билан бирга 42.uz лойиҳасига асос солдик. Ҳозирда бу платформада жаҳон миқёсидаги йирик IT компанияларда ишлаётган мутахассислар таълим бериб келмоқда. Бугунги кунга келиб 12 мингдан зиёд ўқувчи платформадан фаол фойдаланмоқда.

Умуман олганда, жуда кўп лойиҳалар билан алоқадор ва асосчи бўлганим учун ижтимоий тармоқларда 10хstartuper (10 карра стартупчи) таҳаллуси остида стартаплардан олган билимларимни улашиб бораман.

– Қўшма Штатлардаги қайси платформаларни Ўзбекистонда кўришни хоҳлардингиз?

– Умуман олганда, Visa ва MasterCard’нинг Ўзбекистонда фаолияти бошлангани билан, АҚШдаги деярли барча платформаларни Ўзбекистонда ҳам кўриш мумкин. Масалан, ҳозирда ҳеч ким Телеграмга рақобатчи дастур яратиб, уни «Ўзбекистонга кириб келди» дея олмайди, чунки тез суръатда глобаллашаётган виртуал дунё эндиликда дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ишлаш имконини бермоқда.

– Ўзбекистонда IT соҳасининг айнан қайси йўналишлари оқсайди деб ўйлайсиз ва нималарга эътибор бериш керак?

– IT жуда кенг соҳа бўлгани учун унинг барча йўналишларида бир киши мутахассис бўла олмайди, шунинг учун қайси йўналишлар «оқсаётгани» ҳақида аниқ фикр билдира олмайман. Аммо, менимча, инсонларимиздаги ўз-ўзига чеклов қўйиш, савол бермаслик ва глобал эмас, фақат локал фикрлаш бизни ҳар қандай соҳада ортга тортади.

Россияда яратилган дастурлар Марказий Осиё минтақасида фаол ишлатилаётган бир вақтда, биз ҳали-ҳануз фақат Ўзбекистон бозори учун дастурлар яратмоқдамиз. Албатта, маҳаллий даражада бошланган лойиҳаларни глобал миқёсга олиб чиқишимиз, локал фикрларни глобал фикрларга айлантира олишимиз керак.

– Ўзбекистонни IT билан яқин беш йилда қандай тасаввур қиласиз?

– Сўнгги 2-3 йил давомида кўпроқ АҚШ саноати ва бу ердаги бозор иқтисодиётини ўрганишга шўнғиб кетганим сабабли, Ўзбекистондаги барча ўзгаришлардан хабардор бўлмаслигим мумкин. Аммо Ўзбекистонда IT соҳасидаги ўзгаришлар жуда тез суръатда амалга оширилмоқда.

Бу қисман Ўзбекистоннинг нисбатан кичикроқ давлат эканлигига ҳам боғлиқ. Буни кичик стартаплар катта корпорацияларни енгиши мумкин деган қоидага қиёслаш мумкин – кичик стартаплар тезроқ ҳаракат қилади, тезроқ қарор қабул қилади ва мослашади.

Ўзбекистоннинг кейинги 5 йил ичида йирик IT ҳабга айланиши учун ёки ҳар қандай соҳада муваффақият қозониши учун, тезлик жуда катта аҳамиятга эга. Тезкор қарорлар ва амалий ҳаракатлар Ўзбекистонни IT соҳасида олдинга силжишнинг калит омили бўлади.

Маҳфуза Руйиддинова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг