Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия ТИВ расмий вакили Захарова «Ўзбекистон фуқароларининг манфаати» ҳақида ваъз ўқиди

Россия ТИВ расмий вакили Захарова «Ўзбекистон фуқароларининг манфаати» ҳақида ваъз ўқиди

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди. У жумладан шундай деган:

«Шундай таассурот уйғоняптики, ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари ҳозирча яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси — кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўла мос келишини кўрсатмоқда».

Ушбу ҳолат Ўзбекистонда ҳуқуқшунос, журналист ва блогерлар ўртасида ҳақли норозиликни келтириб чиқарди. Хусусан, таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу ҳолат ҳақида «Путин Россиясининг энг ёқимсиз овозларидан бири — Мария Захарова Ўзбекистонда расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳаси атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирибди», дея ёзган бўлса, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев Мария Захарованинг гапларини «лаънати пропоганда» сифатида баҳолаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов бу борада шундай фикр билдирди.

1. Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради.

2. Рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши бу юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир.

3.
Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келди?


4.
Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?


Ҳозирча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлиси ва бошқа расмий идоралардан бу борада расмий жавоб бўлмади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг