Мальта Мария Захарованинг визасини бекор қилди – сабаб маълум

Мальта Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг визасини бекор қилди. У 5-6 декабрь кунлари мамлакат пойтахти Валлетта шаҳрида ўтадиган ЕХҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгашида қатнашиши кўзда тутилган эди.
Расмий Москва М.Захарова тадбир арафаси визадан маҳрум қилинганини мисли кўрилмаган ҳодиса деб баҳолаган.
«Мальта ҳукумати томонидан Россия ТИВ расмий вакили М.В.Захаровага аввалроқ берилган визанинг тадбир арафасида «бизга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра» деган важ билан бекор қилиниши мисли кўрилмаган ҳодиса саналади», – дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Германия матбуоти хабарига кўра, Болтиқбўйи давлатлари, яъни Эстония, Латвия ва Литва Мальта ҳукуматидан М.Захаровага берилган визани бекор қилишни сўраган.
Россия Украинага бостириб кирган 2022 йил февраль ойидан буён расмий Москванинг жарчиси саналган М.Захаровага нисбатан Европа Иттифоқи томонидан санкция жорий этилган. Жумладан, унинг ЕИ ҳудудига кириши ман этилади.
Дастлаб Мальта ҳукумати ЕХҲТ тадбири сабаб истисно тариқасида М.Захаровага виза берган. Аммо ЕИ қонунчилигига кўра, аъзо давлатлар бошқа аъзо давлат берган виза юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Болтиқбўйи давлатлари ана шу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда М.Захарованинг визасини бекор қилишга муваффақ бўлган.
Гарчи Россия учоқлари ЕИ ҳудудига кириши ман этилган бўлса-да, мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров истисно тариқасида Мальта ҳудудига киритилган. Бу Лавровнинг Украина босқинидан кейин ЕИ ҳудудига илк ташрифидир.
Визаси бекор қилинган Россия ТИВ расмийси Мария Захарова сўнгги йилларда Ўзбекистонга нисбатан ҳам дипломатик маданиятдан йироқ баёнотлар бергани маълум. Жумладан, у жорий йил 25 сентябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 188-мактабда кузатилган кичик бир ҳолат юзасидан Ўзбекистондан «расмий тушунтириш» сўраганди.
Ўз навбатида, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров рус дипломатига жавобан Ўзбекистоннинг «ички ишлари ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўз ишлари билан шуғулланиш»ни тавсия қилганди.
М.Захарова 2020 йил май ойида Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан мунозарали баёноти билан ҳам жамоатчиликда кучли эътироз уйғотган эди.
2020 йил июнь ойида эса воиз хоним Руминия сиёсатдонларида мустақил фикр йўқлигини иддао қилиши ортидан яна бир дипломатик можарога сабаб бўлган.
Ўша йили Россия президенти Владимир Путин айнан Захарованинг кинояли пости сабаб Сербия раҳбари Александр Вучичдан узр сўрашга мажбур бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter