Ядро таҳдиди: бойлар бункерда жон сақлайди, камбағаллар-чи?..
Кейинги ойларда ядро зарбаси вақти жон сақлаш мумкин бўлган бункерларга талаб кескин ортди. Хусусан, АҚШда айни фаолият билан шуғулланувчи Atlas Survival Shelters ширкати раҳбари Рон Ҳаббард ходимлар қўли қўлига тегмай ишлаётганини маълум қилган.
Яқин муддатда ядро қуроли ишга солиниши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалгач, Польша ва Украинадаги ўзига тўқ оилалар ошиғич равишда бункерга буюртма бера бошлаган.
«Илгари бу ҳол ақлдан озиш деб баҳоланиши мумкин эди. Аммо бугун ундай эмас. Украина ва Польшада тижоратимиз кенгаймоқда. Масалан, Украинадаги бадавлат мижозларимиз имкони бўлса бугуноқ бункер етказиб беришни талаб қилмоқда», – дейди тадбиркор.
Қайд этилишича, АҚШ ҳамда Шарқий Европада ҳам ядро таҳдидига чидамли қурилмаларга талаб ошган.
Рон Ҳаббард ширкати ишлаб чиқараётган бункерлар 40 минг доллардан 1 миллион долларга қадар баҳоланади. Масалан, баландлиги 3, узунлиги 12 метрни ташкил қилувчи стандарт бункерлар 200 минг доллар туради. Бункерлар бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлмалар, шунингдек, озиқ-овқат ва сув сақлагичларга эга. Зирҳли қурилмага кислород кўмир фильтри орқали ўтади.
«Одамлар таҳдид рўй берган вақтда оиласи билан жонини қутқариб қолиш учун хавфсиз ва қулай жойга эга бўлишга интилмоқда. Бу – АҚШдаги янги тренд! Мен ҳар ҳафта миллионлаб долларли маҳсулот сотяпман. Ўртаҳол одамлар нима қилсин дея савол беришингиз мумкин. Нима ҳам дердик, қанчалик шафқатсиз туюлмасин, бойлар камбағаллардан кўра яхшироқ яшайди», – дейди Atlas Survival Shelters ширкати раҳбари Р.Ҳаббард.
Тадбиркор сўнгги вақтларда ядро қуроли ишга солиниши эҳтимоли ҳақида муҳокамалар кучайганидан хавотир билдирган.
«Янгиликлар дастурини томоша қилар экансиз, гоҳ Шимолий Корея, гоҳ Россия, гоҳ Хитой ядро қуроли ҳақида гапираётганини кўрасиз. Хавотирли жиҳати, илгари одамлар ядро қуроли ҳақида ҳозиргичалик кўп гапирмасди. Бу эса одамларни апил-тапил бункер сотиб олишга ундамоқда», – дейди америкалик тадбиркор.
Россиянинг Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий юриши ортидан Москва ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақидаги овозалар кучайди. Украина уруши бошланган илк кунлардаёқ президент Владимир Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига масъул ҳарбий бўлинмаларни махсус хизмат режимига ўтказиш бўйича топшириқ берган эди. Апрель ойида эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ядро зарбаси хавфи мавжудлиги ҳақида тагдор баёнот берди. Бу орада Оқ уй ҳам Россия томонидан ядро қуроли ишга солинишини истисно этмаётгани маълум қилинди.
«Президент Путин ва Россия раҳбариятининг соғлом ақлдан йироқ хатти-ҳаракатлари, шунингдек, улар дуч келган ҳарбий мушкулотларни ҳисобга олганда, тактик ядро қуроли ёки кичик қувватли ядро қуролини ишга солиш борасидаги таҳдидга ҳеч ким эътиборсиз қарай олмайди», – деди АҚШ жосуслик идораси раҳбари Уильмя Бёрнс.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Ғарб мамлакатларидан кўпроқ ҳарбий кўмак сўрар экан, Россия раҳбарияти ядро ёки кимё қуролини ишга солиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Украина мудофаа вазирлиги эса ядро қуролини Путин қўлидаги сўнгги «кўзир қарта» деб атаган.
Жорий йил март ойида Оқ уй Россия ядро қуролини ишга солгудек бўлса, муносиб жавоб бериш мақсадида махсус гуруҳ тузган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter