Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Унинг ягона мақсади ҳарбий зобит бўлиш эди...»: Фарғона чегара постида вафот этган аскар ҳақида

«Унинг ягона мақсади ҳарбий зобит бўлиш эди...»: Фарғона чегара постида вафот этган аскар ҳақида

Фото: Xabar.uz

«2019 йилнинг 6 март куни ўғлимизни ҳарбийга кузатдик. Болалигидан спортнинг кураш тури билан шуғулланган болам тенгқурларига нисбатан бақувват, мушаклари бўртиб чиққан, бўйдор бўлгани учунми, ҳарбий хизматга олиб кетаётган масъуллардан бирининг назарига тушди. Ўғлим билан алоҳида суҳбатда бўлди. «Келажакдаги мақсадларинг қандай?»—деган саволига ўғлим: «Менинг ягона мақсадим ҳарбий зобит бўлиш!»—дея қатъият билан жавоб берди. Масъул ходим ўғлимнинг елкаларига «Баракалла!» деб уриб қўйди. Ўшанда ўғлимдан фахрланиб кетганман. Кўзларимдан тирқирраб ёш чиққан.

Афсуски, ўғлим хизмат чоғида Фарғона чегара постида вафот этди. Мақсадига эриша олмади...»,—дея оғриқ билан ўғлини хотирлаб сўзлайди марҳум аскарнинг отаси Собир Мирзаев «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.

Марҳум Бобур Мирзаев 1999 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Аввалига Бухоро шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган Бобур 2018 йилдан бошлаб, Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-сонли академик лицейда ўқишни давом эттирган. Ўқиш баробарида болалигидан «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти кенгаши спорт мактаби машғулотларида қатнашган. Таниқли курашгир Собир Қурбоновдан сабоқ олган. Бундан ташқари, мустақил равишда бодибилдинг билан ҳам шуғулланган. Лицейни тамомлагач, Миллий гвардия институтига ҳужжат топширган ва етарли балл тўплай олмаган.

Шундан сўнг ҳарбий хизматни ўташни маъқул кўрган. 6 март куни Бухоро шаҳар мудофаа бўлими томонидан ҳарбий хизматга чақирилган. Ҳарбий хизмат қасамёдини қабул қилгунга қадар Фарғона вилояти, Водил туманида жойлашган ДХХ чегара қўшинларининг 9229-ҳарбий қисмида ўтаган. Сўнг Қувасой Сўнг Қувасой шаҳридаги 9229-ҳарбий қисмнинг 9-сонли чегара постига кўчирилган.

«Ўғлимнинг чегара қўшинларда хизмат кўрсатаётганига ҳали 6 ой тўлиб-тўлмаган эди. 2019 йилнинг 9 июль куни Бухоро шаҳар Мудофаа бўлимидан ўғлимнинг ўз автоматини ўқлаб турган вақтида отилиб кетгани ва ҳалок бўлгани ҳақидаги нохуш хабарни етказишди. Оёқ-қўлим танамдан узилиб тушди. На ердаман, на осмонда. Ҳуш йўқ. Тилим калимага келмайди. Бу шум хабарни онасига қандай етказишни билмай, чўнг қотганман. Ҳеч бир ота-онага бундай кулфатни раво кўрмайман»,—дейди Собир Мирзаев титраб.

Унинг ярасини яна янгилаётганимиздан узр сўрадик.

«Йўқ, ўғлимни хотирлаб келибсизлар. Шуям бизга мадад»,—дея сўзида давом этди ота марҳум ўғлининг суратларини сийпаб қўйиб.

«Ўша йилнинг 10 июль куни соат 10:00 да ўғлимнинг жасадини тобутда келтиришди. Бухоро шаҳар Мудофаа ишлари бўлими вакиллари Бобур автоматини ўқлаб турганда, бехосдан ўзини отиб қўйганини ва унинг ўлими билан боғлиқ бошқа сабаблардан хабардор эмасликларини билдиришди. Шу куни соат 13:00 да ўғлимнинг жасадини тупроққа қўйдик».

Бу гал ўкириб йиғлаб юборди ота.

Ўзи эксперт-врач вазифасида ишлаб келаётган Собир Мирзаев 2019 йилда ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат қилган. «Фарғона чегара постида отиб ўлдирилган марҳум аскар отасининг мурожаати» сарлавҳаси остидаги видеомурожаат минглаб фойдаланувчилар қалбини титратди. Унда Фарғона вилояти, Қувасой шаҳридаги Қирғизистон чегарасида тунги қоровулликда бўлган бухоролик оддий аскар Бобур Мирзаевнинг ҳалок бўлгани хусусида сўз борган.

Собир Мирзаев видеомурожаати орқали Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан ўғлининг ўлими «ўз жонига суиқасд» деб расмийлаштирилаётганидан норозилиги ва бунга ишонмаслигини маълум қилган.

«Ўғлимнинг ўлими юзасидан суриштирув-тергов ишлари якунланди. Текширув натижалари ва хулоса ҳужжатлари расмийлаштирилди. Начора, ўғлимнинг ўлими сирлилигича қолди»,—дейди ота.

Собир Мирзаев эксперт сифатида агар ўқ яқиндан отилган бўлса, қорин атрофини жароҳатлаб, куйиш ҳолатини вужудга келтириши кераклигини айтди. Билдиришича, у ўғли тупроққа қўйилмасдан олдин жасадни кўрган. Ва яқиндан эмас, ўқ узоқдан отилган, деган хулосага келган.

«Ўқ қоринга киришда кичик из қолдирган ва  бел соҳасидан чиқиб кетган ҳолатда эди. Автоматдан 1 дона эмас, 5 дона, шундан 1 донаси пахтавон, 4 донаси жанговар ўқ бўлган. Суд-тиббий экспертизада кўрсатилганидек, биринчи ўқ автоматини тозалаётган вақтда тираб отилган бўлса, кейингиларини ўқлашда аскар ўзида куч топа оладими?»— дея ҳар бир ҳолатни эслаб, баллистика ҳам тўлиқ ўтказилмагани билдиради Собир Мирзаев.

Суҳбатимизга марҳумнинг онаси Дилфуза Ражабова келиб қўшилди. Марҳум ўғлининг ғамида кўзларида дард қотган она киприкларидаги намни артар экан:

«Аллоҳ раҳматига олган бўлсин ўғлимни! Қандай вафот этган бўлса ҳам Ватан хизмати йўлида қурбон бўлди. Бундай юракпораликни ҳеч бир ота-онага раво кўрмайман. Бугун унинг ўқувчилик даврларида қўлга киритган ютуқлари, спортда эришган натижаларини қайта-қайта кўриб, ўзимга ўзим далда излайман. Яқин дўсту-жўралари билан узоқ-узоқ суҳбатда бўламан. Худди ўғлим ҳали-ҳануз даврамиздадек таскин топаман. Менинг ҳарбий зобит бўлолмаган Бобурим  мен учун энг ягона ҳарбий зобит. Ҳарбий зобит болагинам юрт хизмати йўлида жон берди. Шундай дея ўзимизни овутишдан бошқа илож йўқ»,—дейди.

Бобур таҳсил олган мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Шоҳида Очилова билан боғланганимизда, устози унинг тенгдошларига нисбатан оғир, вазминлиги, шунингдек, қувноқфеъл йигит эканини ёдлади.

«Билими кучли, фикрлаши ҳам жуда теран эди Бобуржоннинг. Китобга, айниқса, тарих фанига ҳам қизиқиши баланд эди. Гоҳида кечгача кутубхонада қолиб кетарди. Ундан ташқари, бўш вақт топди, дегунча спортзалга чопарди. Ҳар доим айтадиган гапи шу: «Мен катта бўлсам, ҳарбий зобит бўламан!»-дерди. Бошланғич синфда ўқиб юрган пайтлари юқори синфларда ўтказиладиган Чақириққача ёшларни тайёрлаш сабоқларида қатнашарди. Ўзидан катта мактабдошлари сафида туриб оларди. Фан ўқитувчиси ҳам кейинчалик юқори синф ўқувчилари қаторида қиличдек турган Бобурнинг ҳарбий машқларни ўрганишига кўмаклашарди»,—дейди Шоҳида Очилова.  

Суҳбатимиз яна Собир Мирзаев билан давом этди.

Собир Мирзаевнинг сўзига кўра, у марҳум ўғлининг қуролдошлари билан ҳам суҳбатда бўлган. Чегарада бўлган отишмадан сўнг Бобурнинг қўлидаги рациясига чиқишган. Жавоб бермагач, уни қидиришган. 20 дақиқалардан сўнг Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси ҳудудидаги окопдан мурдасини топишган. Кўп қон йўқотган бўлган.

«9 август куни  Республика ҳарбий прокуратураси томонидан менинг номимга хат келди. Унда: «Ўғлингиз, 9229-ҳарбий қисм оддий аскари Бобур Мирзаев, 2019- йил 9 июль куни чегара нарядини ўташ вақтида соат 12:10 ларда ўзига бириктирилган «АКМ» русумли ўқотар қуролдан ўзининг қорин соҳасига 1 дона 7,62 мм.ли пахтавон ва 4 дона 7,62 мм.ли жанговар ўқ узиб, ўз жонига қасд қилган. Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Бобур Мирзаевга нисбатан ҳарбий хизматчилар томонидан ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш билан боғлиқ, яъни унга раҳмсиз муомала қилиш ёки ҳаракатлар содир этилмагани, унинг ҳаётига бирор-бир шахс томонидан тажовуз қилинмаганини инобатга олиб, унинг ўз жонига қасд қилиб, вафот этганлиги ҳолатида бирор-бир шахс ҳаракатида ЎзРЖКнинг 103-моддаси ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятлар таркиби бўлмагани сабабли, 2019 йил 7 август куни ҳолат юзасидан ЎзРЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди»,—деб ёзилган эди дейди.

«Ҳарбий зобит бўлишдек мақсадлари билан бирга тупроқларга кўмилган ўғлимнинг ўлими биз учун сирлилигича қолди. Ваҳоланки, ўшанда ҳолат билан боғлиқ барча маълумотлар ҳарбий сир эканини билдиришганди. Лекин, ҳали ҳануз эшик «тиқ» этса, ўғлим билан бир сафда туриб хизмат қилган қуролдошлари ёхуд чегара ҳарбий қисми масъуллари, деб югуриб чиқаман. Марҳум ўғлимни тиригида кўрган кўзларни, у билан суҳбатда бўлган сафдош биродарларини кўргим келади. Зеро, мен охирги марта ўғлимни ҳарбийга кузатаётган чоғимдагина кўрганман...».

Отанинг бу сўзларини эшитиб, беихтиёр кўзларимизда ёш қалқиди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўғлининг суратидаги гулчамбарни янгилаб қўйган ота-онага: «Ҳарбий зобит ўғлингиз сиз учун фахр!» — дейишдан нарига ўтолмадик.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг