Бухорода молиявий жиноятлар аниқланди

Сўнгги йилларда молиявий жиноятлар сони ошиб бормоқда. Бухорода шундай жиноятларнинг аксарияти ёшлар томонидан содир этилаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати ходими Умид Баракаев маълум қилмоқда.
Когон туманидаги Туни ироқ маҳалласида яшовчи 32 ёшли фуқаро Р.Ж. ўзи билан ижтимоий тармоқлар орқали танишган шахсга «чув» тушгани ҳақида ички ишлар органларига билдирган. Ҳолатга кўра, Р.Ж. ўзига аввалдан нотаниш бўлган шахс билан мулоқатга киришиб, унинг томонидан берилган таклиф ва ваъдаларга қизиққан. Ўзининг Англия давлатига ишга жўнаб кетиши мумкинлигига ишонган Р.Ж. суҳбатдоши жўнатган пластик карта рақамига 1миллион 800 минг сўм миқдоридаги пулларни кўчирган. Пулни кўчириши билан «блок»ка тушган Р.Ж. орадан бир неча кун ўтгач, ички ишлар органларига хабар беришга мажбур бўлган. Туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан номаълум шахсга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолатни Самарқанд вилояти, Ургут туманида яшовчи 22 ёшли шахс юзага келтиргани аниқланган.
«Айни пайтда жиноят ишида гумон қилинаётган ушбу шахснинг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги аниқлашга қаратилган тезкор-техник суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Яна бир бошқа ҳолатга кўра, номаълум шахс ғиждувонлик М.Д.нинг банк пластик картасидан 1 344 минг сўм пулларни ечиб олган. Ҳолат Навоий вилояти, Қизилтепа туманида яшовчи шахс содир қилгани фош этилди. Айбдор 21 ёшда. Бу, албатта, ёшларнинг ижтимоий тармоқларга сингиб кетиб, улардан ғайир мақсадларда фойдаланишаётганини кўрсатади. Улар ҳар бир нотўғри ташланган қадам жазосиз қолмаслигини жиноят содир этгунига қадар тан олишни исташмайди»,- дейди Умид Баракаев.
Худди шундай молиявий жиноятлардан яна бири Шофиркон туманида юзага келган. 19 ва 22 ёшли Арабхона ҳамда Дўрмон маҳалласида яшовчи шахслар томонидан содир этилган. Икки шахс ўзаро тил бириктириб, «Сохта пул» номи билан канал очиб, ҳақиқий пулларга ўхшаш бўлган сохта пулларни арзон нархларда сотишни айтиб, «мижозлар» ишончини қозонишган. Ўзларида сохта пул мавжуд бўлмаса-да, амалда бирор бир фуқарога сохта пулларни етказиб бермасдан, Когон шаҳрилик 2007 йилда туғилган фуқарога ҳақиқий пулга ўхшаш купюраларни етказиб беришини айтиб, 600 минг сўм пулларни бошқа пластик картага ўтказган. Бироқ, ҳеч қандай пулларни етказиб бермасдан, фирибгарлик жиноятини содир этишган.
Ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter