Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро шаҳар ҳокими: «Ҳоким кўринмаяпти, деган савол... мени ўйлантириб қўйди»

Бухоро шаҳар ҳокими: «Ҳоким кўринмаяпти, деган савол... мени ўйлантириб қўйди»

Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бундай анжуман Қурбон Турсунов томонидан биринчи марта ўтказилди. У лавозимга 2024 йилнинг 1 майида тайинланган. Бунга қадар Қурбон Турсунов Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари вазифасини бажариб келган.

Қатор оммавий ахборот воситалари ходимларига Бухоро шаҳар ҳудудига тегишли турли мавзулар, айниқса, қурилиш ва бунёдкорлик соҳасидаги муаммолар ҳамда аҳоли томонидан шикоят-аризалар ошиб кетгани боис, соҳа вакилларини кўплаб саволларга жавоб қизиқтираётган эди.

Бухоро шаҳридаги ноқонуний қурилишларни бартараф қилиш, ободонлаштириш ишлари, шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилиши мавзусига бағишланган матбуот анжуманида илк савол: «Бухоро шаҳрида ҳоким борми ўзи, нима учун кўринмайди?» бўлди.

Xabar.uz мухбири Лайло Ҳайитованинг ушбу саволига Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов қуйидагича жавоб берди.

«Кўринмайди, деганда нимани назарда тутяпсиз? Қўлдан келгунча, мен саволи бор, муаммоси билан келган ҳар бир фуқарони қабул қиламан. Ҳар куни кечқурун соат 20:00 дан бошлаб, шанба ва якшанбадан ташқари, охирги одам қолгунича қабул қиламан. Энди матбуот котибимизга келадиган бўлсак, бу штат бизда 3-4 ой бўш қолди. Фаолиятни ёритиб, яна фаол бўлишга ҳаракат қиламиз. Лекин кўринмаяпти, деган савол... мени яна ўйлантириб қўйди. Яна бир оддий мисол: телефонимни кўтаролмай қолсам, албатта, ўша шахсга қайтиб қўнғироқ қиламан. Барча соҳалар бўйича муовин ва ёрдамчилар бор, улар орқали ҳам саволларга етарлича жавоб олиш, муаммолар ечимига киришиш мумкин. Халқ билан, одамлар билан қанчалик учрашиш муҳим бўлса, шунчалик учрашамиз. Менинг кунимнинг ва вақтимнинг ярми фуқаролар билан гаплашишга ўтади. Келганимга бир йил бўлган бўлса, шу давр фақат одамлар билан суҳбатлару уларнинг муаммолари ечими билан ўтди. Айниқса, Бухорода кечаётган ва шов-шувларга сабаб бўлаётган қурилишлар, ўтган йиллар давомида реновация дастури асосида қуриб, фойдаланишга топширилиши лозим бўлган иншоотлар, уй-жойлар қурилишини якунлашга доир аввалги ўрганишларда берилган топшириқлар ижроси билан бўламиз. Дуч келинаётган муаммоларни манзилли ўрганамиз. Хуллас, мен фақат кундузлари кўчада бўламан. Ҳа, айтмоқчи, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан биринчи маротаба учрашяпмиз. (Матбуот котибига қараган кўйи): Дилшод, кўпроқ кўрсатиш керак экан мени!»  – деди Қурбон Турсунов.

Бухоро шаҳар ҳокимига кўра, «шаҳар ҳокимининг кўринмаётгани» гўёки фаолиятнинг кўпроқ матбуотда ёритилмаётгани билан боғлиқ...

Матбуот анжуманида Бухоро шаҳри ҳокими ноқонуний қурилишлар бўйича таҳлилларга таянди. Унга кўра, кадастр агентлиги шаҳар бўлими томонидан 2024 йилда ҳудудда ерлардан фойдаланиш аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилган. 345 та ҳолатда ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаш ва ноқонуний қурилиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 127 та ҳолатда фуқаролар томонидан юзага келган ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда бартараф этилган. 218 та ҳолатда қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Тегишли судларга бу қурилмаларни бартараф этиш тўғрисида даъво аризалари киритилиб, уларни буздириш юзасидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

«Худди шундай ҳолат жорий йилнинг шу кунига қадар 164 та ҳолатда қайд қилинган бўлиб, кўрилган таъсир чоралари, огоҳлантиришлардан сўнг 105 та ҳолатда қурилмалар фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бузилди. Аммо 59 та ҳолатда ўзбошимча, қонунбузар фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, судларга бу қурилмаларни бартараф этиш тўғрисида даъво аризалари киритилди», – деди шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шундан сўнг Бухоро шаҳар ҳокими айрим тадбиркорлар томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларининг бузилаётгани ва бу шаҳар ташқи кўринишига акс таъсир қилаётгани хусусида сўз очди. 

Билдирилишича, Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан ташқи реклама воситаларини «Давлат тили ва реклама тўғрисида»ги қонунчилик талабларига мослаштириш борасида ўрганишлар олиб борилмоқда.

 «Ўз субъекти қўним топган, қимматбаҳо тошлардан қад ростлаган биноларни ўзбошимчалик билан реклама-баннерлари билан тўсиб, шаҳар фасадининг бузилишига олиб келган тадбиркорлар кўплаб топилади. Ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида  вилоят бўйича 1728 та, жумладан, Бухоро шаҳри бўйича 916 та ҳолатда қоидабузарликлар аниқланди ҳамда уларнинг мингга яқини тушунтириш-тарғибот орқали жойида бартараф этилди. Тушунтириш-тарғибот тадбирларидан тегишли хулоса чиқармаган 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига нисбатан расмий огоҳлантириш хатлари юборилди. Қонуний тарзда амалий ишлар олиб борилаётган бир паллада турли ижтимоий тармоқларла «шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан тадбиркорлик фаолиятимизга тўсиқ қўйилмоқда» деган ноўрин муносабатлар тарқала бошлайди. Асл ҳолатда эса ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан ишлар бажарилади. Тадбиркорларни ва фуқароларни шаҳар кўркамлиги ҳамда ободлиги учун олиб борилаётган ишларда ҳамжиҳат бўлишларини, тўғри хулосалар чиқаришларини истардик», – деди Қурбон Турсунов.

Шунга қарамасдан, қонунчилик талабларини қасддан бузишда давом этган 33 та тадбиркорлик субъектларига тегишли чора кўриш бўйича рақобат бошқармасига хатлар тақдим этилган. Рақобат бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ўтказилган ўрганиш давомида ушбу субъектларининг 23 таси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган.

Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов шаҳар ташқи кўринишига таъсир қилаётган ҳолатлар, айниқса, ташқи рекламалар  эканини таъкидлади.

«10 та тадбиркорлик субъектларида Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонуни бузилганлиги аломатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, иш қўзғатилди. 187,0 миллион сўм миқдорида молиявий санкциялар қўлланилиб, ундирилди. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилда хатлов жараёнида 820 та ўрганиш ўтказилди. Шундан 485 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу юзасидан 16 та ҳолатда иш қўзғатилган бўлса, 10 та қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилди. 6 та тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилди. Айни кунда ҳар бир қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари ва тушунтиришлар берилган», – деди Акбар Рустамов.

Журналист ва блогерлар Бухоро шаҳридаги янги кўп қаватли уйлардан кўплаб мурожаатлар тушаётгани, кўп сонли аҳоли алданиб қолаётгани, фуқаролардан катта миқдорда пул тўлаб, «чув» тушишаётгани борасида қандай амаллар бажарилаётгани, шунингдек, Бухоро шаҳрида барпо этилиши режалаштирилган ва «тўхтатилган экан» деган муҳокамаларга сабаб бўлаётган «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази ҳақидаги охирги хабарларга ҳоким муносабати билан қизиқишди.

Шаҳар ҳокими бу борада тадбиркорлик субъектлари томонидан бунёд этилган кўп қаватли уйларда бораётган ички ва ташқи пардозлаш ишларини якунлаш, лифтларни ўрнатиш, болалар майдончалари қуриш ва бошқа зарур инфратузилмани таъминлаш кераклигини таъкидлади. Қурилиш ташкилоти ва харидор-фуқаролар ўртасида жиддий муаммолари мавжуд 31 та кўп қаватли уйларнинг 25 таси масаласи бартараф этилгани, айни пайтда 6 та шундай оғриқли муаммолари бор уйлар билан шуғулланилаётганини билдирди.

«Бухоро шаҳри ҳудудида муаммоларга сабаб бўлаётган ҳар бир кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш- монтаж ишлари жадаллаштирилиши билан боғлиқ ҳолатлар атрофлича муҳокама этилмоқда. Масъуллар қатъий огоҳлантирилди.

Қурилиш меъёрлари ва сифат талабларининг бузилишига, уйларнинг фойдаланишга қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштиришда сансоларликка йўл қўймаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди. Одамлар билан ўтказилаётган мулоқотларда энг кўп масала айнан реновация дастури асосидаги уй-жойлар қурилишини якунлаш билан боғлиқ бўлмоқда. Масъул-мутасаддилар зиммасига реновация асосида қурилаётган уйларда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бино-иншоотлар атрофини ободонлаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам юклатилди. Одамларни сарсон қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Вазифа битта: уй-жойлар қурилиши тезда якунланиши ва хонадон эгалари янги уйларда кўчиб кириши лозим. Бунинг учун қандай амалий ёрдам зарур бўлса берамиз. «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази қурилиши ишлари борасида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли қараш ва муносабатлар: миш-миш ва нотўғри шов-шув. Ва бу борада шу сўз: «Боқий Бухоро» тарихий-этнографик маркази бунёд бўлади», – деди Бухоро шаҳар ҳокими.

Матбуот анжуманида шаҳар ҳокими: «Ўзи шу ишни амалга оширишимиз керакми?»

Матбуот анжумани давомида «Xabar.uz» мухбири  томонидан бундан роппа-роса бир йил илгари интернет нашрда Давлат мадҳияси мусиқаси асосчиси Мутаваккил Бурҳонов ҳаёти, босиб ўтган йўли ҳақида мақола ва видеолавҳа чиққани,  унинг номидаги уй-музейида бастакорнинг ҳайкали ўрнатилмагани ва уни ўрнатиш билан боғлиқ масалалар 2020 йилдан буён ҳали ҳануз «уйқу»да эканини, жорий йилнинг апрел ойида ҳам ушбу масала «Mening YurtimMY5» телеканали орқали «Гапиринг+» кўрсатувида ҳам кўтарилгани хусусида билдириб, муаммо қачон ўз ечимини топиши борасидаги савол ўртага ташланди.

Ҳолатга кўра, ушбу масала юзасидан ҳеч қандай чора-тадбир белгиланмаган ва иш бажарилмаган. Мутал Бурхонов номига атаб ишланган ҳайкал 2020 йилдан буён тайёр ҳолатда. Бироқ, ҳайкалтарошга хизмат ҳақи тўланиши пайсалга солиб келинаётгани боис, ҳайкал ўрнатилмаган. 

«Ўтган йил ушбу масала юзасидан сиз билан гаплашгандан кейин қизиқиб кўрдим. Тўғри, тавсиялар жуда кўп. Аммо, уни молиялаштириш учун асос кўрмадим. Яъни бюстни ким буюртма берган? Бирор бир ҳужжат, асос борми, шунча миқдордаги пул билан боғлиқ? Мажбуриятни ким бўйнига олган? Балки ҳомийлик орқали, дейилгандир. Бу масаланинг тагига етмаганим учун маблағни бюджет ҳисобидан ўтказиш чорасини кўрмадим. Шу боис, очиқлигича турибди. Ҳайкалтарош ва ким ўртасида шартнома бор? Ўзи шу ишни амалга оширишимиз керакми?» – деди Бухоро шаҳар ҳокими.

Матбуот анжуманидан кейин журналист ўрганувида тадбиркор: «Ҳайкал керак – унинг шахси Ўзбекистон учун олтин фонд!»

Журналистик суриштирувга кўра, 2019 йилнинг 10 май куни Бухоро шаҳар ҳокими (марҳум) Карим Камолов томонидан Ўктам Жумаев раҳбарлигидаги «Феруз Фарҳод инвест” МЧЖ М.Бурхонов уй-музейи биносини замонавий кўринишга келтириш ва ушбу объектда қурилиш-монтаж ишларини ошириш тавсия қилинган. 2019 йилнинг 29 августида эса шаҳар ҳокимининг 201-сонли фармойиши билан «Мутал Бурхонов» уй-музейи олдида дам олиш масканини қуриш ҳамда музей ёнида бастакор ҳайкалини ўрнатиш ишларини амалга ошириш масаласи шу МЧЖ зиммасига юкланган. Бухоро шаҳар ҳокимининг ушбу фармойишидан келиб чиқиб, 2019 йилнинг 30 августида  «Феруз Фарҳод инвест» МЧЖ ҳамда Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ўртасида музейнинг таъмирланиши учун 15-сонли 131 385 599  сўмга тенг шарнома, музейнинг  олдини ободонлаштириш ҳамда бастакор ҳайкалини ўрнатиш учун 16-сонли 576 007 989 сўмга тенг шартнома тузилган.

«2019 йилдан буён шу масала ортидан сарсон-саргардонмиз. Шартномада кўрсатилган барча ишлар бажарилган. Тажрибали ҳайкалтарош Бекмурод Ҳакимов томонидан ишланган ҳайкал 90 фоиз тайёр ҳолатда. Унинг ортидан қанча меҳнат, қанча заҳмат чекилган. Масъул ташкилотлар томонидан шартномадаги маблағ масаласига панжа ортидан қараб келинаверган. Бу орада бир неча маротаба Бухоро шаҳри ҳокимлари ўзгарди. Айни пайтдаги амалдаги ҳоким қабулига ҳам шу масала юзасидан икки маротаба кирдик. Бироқ, ҳали ечим йўқ. Музейнинг ички интерьери учун фақатгина 50 миллион сўм олдиндан молиялаштирилган эди. Ташқи қисми эса умуман молиялаштирилмаган бўлса-да, ваъдага ишониб, кўп ишлар бажарилди. Тўғри, биз шаҳар ҳокимидан арзимиз йўқ, ваҳоланки, бу муаммо у амалга келишидан 4-5 йил илгаридан буён ўзгаришсиз. Бироқ, умид қиламизки, ёш ҳоким томонидан бизни узоқ йилдан буён қийнаб келаётган масала ечимини топиши керак. Мутал Бурҳонов хотираси учун бу ҳайкал керак ва бу бюстнинг асл шахси, нафақат, Бухоронинг, балки, Ўзбекистон учун олтин фонддир”– деди «Феруз Фарҳод инвест” МЧЖ иш юритувчиси ҳамда юристи Исмат Зокиров.

Маълум бўлишича, ушбу ҳайкални ўрнатиш учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош ва тадбиркор ўртасида 2019 йилнинг сентябрь ойида 5-сонли шартнома билан 53 777 475 сўмга хизмат кўрсатишга оид шартнома тузилган. Ҳайкалтарош эса Мутал Бурхонов ҳайкалини ҳеч қандай молиялаштиришсиз уни икки марта катталаштирилган масштабда юмшоқ лой формасини суратлар ва бастакорни таниган одамлар маслаҳатлари асосида яратган. Ҳайкалнинг 90 фоиз ҳолати тайёрланган. Бироқ, орадан шунча йил ўтса ҳам на пудратчи ташкилот ва на ҳайкалтарош маблағ билан таъминланмаган.

Ҳайкалтарош: «У жасад эмас, тарихий шахснинг сиймоси акс этган тирик санъат асари»

Аянчлиси, бу ҳайкал 2019 йилдан буён ташқарини «кўриш» умидида қоронғу деворлар ортида қолиб кетмоқда.

«Бухоронинг жуда кўп замонавий ва тарихий масканларида менинг ижодларим маҳсули ўрнатилган. Меҳнатларим қадрланган. Бироқ, салкам 5 йилдан ортиқ вақтдан буён буюк бастакор Мутал Бурхоновнинг яратилган ҳайкали оқ матога ўралган кўйи қолиб кетмоқда. Ҳар гал кўзим тушганда, этим жунжикиб кетади. Тўғри, у жасад ёхуд инсон танаси эмас, аммо, бир тарихий шахснинг сиймоси акс этган тирик санъат асари. Наҳотки, 5 йилдан буён бу тирик асарни ёруғликка олиб чиқиш учун маблағ топилмаяпти» – дея ўз санъат асарининг битмаган намунаси суратини бизга йўллайди ҳайкалтарош.

Маълумот ўрнида: Тадбиркор ҳамда ҳайкалтарошни, шунингдек, бастакор уй-музейи ходимларини ўйлантириб келаётган масалани Бухоро шаҳар ҳокимига яна бир карра билдиришга тўғри келди. Ҳоким ушбу масалани тўлиқ ўрганиб, хулосани маълум қилишини билдирди.

Мавзуга қайтамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг