Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қарор юзасидан расмий муносабат билдирилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Туризм қўмитаси томонидан ушбу қарор атрофида юзага келаётган турли талқинлар бўйича расмий муносабат билдириб ўтилди.
«Шу кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида мазкур қарордаги айрим жиҳатлар бўйича шахсий қарашларга асосланган нотўғри талқинлар тарқалмоқда.
Мазкур қарор билан зиёратларни ташкиллаштириш ҳуқуқи маҳаллий туроператорларга тақдим этилмоқда. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ҳуқуқи маҳаллий туроператорларга берилмоқда!
Шу йўл билан «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда рақобат муҳити яратилиши режалаштирилмоқда.
Туризм қўмитасининг веб-сайтида туроператорлар хизматидан фойдаланган зиёратчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар рейтинги шакллантирилади. Натижада, энг сифатли хизмат кўрсатувчи туроператорлар юқори поғоналарни эгаллаши ва бўлғуси зиёратчилар учун танлов имкониятлари оширилиши кўзда тутилган.
2023 йил 1 октябрдан «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Баҳолаш тизими Туризм қўмитасининг махсус сайтида эълон қилиб борилади.
Қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланилади», – дейилади Туризм қўмитаси томонидан берилган расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли қарорига мувофиқ «Умра» хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш таъқиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter