Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Улуғбек ҳақида билган-билмаганларимиз. Абдулатиф отасини ўлдирган... дейилса миллат шаънига таъсири бўладими? (биринчи мақола)

Улуғбек ҳақида билган-билмаганларимиз. Абдулатиф отасини ўлдирган... дейилса миллат шаънига таъсири бўладими? (биринчи мақола)

Ҳали кўп бўлмади — Самарқанд қадамжоларини жамоа билан биргаликда зиёрат қилдик. Темурийлар даври обидалари, улар билан боғлиқ ривояту ҳақиқатлар турган-битгани ҳайрат. Лекин Улуғбек расадхонасида таъкидланган, аксаримиз аввал эшитмаган, илмий маълумот деб айтилган гап ҳаммасидан ўтиб тушди. Даргоҳ ходими, тарихчи Икромиддин Сирожиддинов «Улуғбекни ўғли ўлдирган деган гап Абдулатифга туҳматдир» деди.

Мавзуга кириб келишимизнинг ибтидоси шу бўлди. 600 йил давомида айтиб, ёзиб келинган «падаркуш» тавқи лаънатидан Абдулатифни соқит қилиш учун гиднинг аниқ асослари бўлиши керак. Яхши ният билан ана шу далилларни ўқувчиларимизга тақдим қилмоқчи эдик...

«Бобурнома»да Абдулатиф ҳақида ёзилган-ку...

Икромиддин Сирожиддинов Улуғбекни душманлар ўлдириб, ўғли Абдулатифга туҳмат қилинганлиги тўғрисида Тошкентда учта китоби чиққанини айтади. Суҳбатдошимизга кўра, унинг мавзуга оид биринчи мақоласи эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб, Улуғбек расадхонаси музейи учун янги бино қурилиши бошланган. «Шу жараёнда Улуғбекнинг ғамзада ҳайкали ўрнида унинг донишмандлиги акс этган янги санъат асари ўрнатилди, музейдаги Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси ва қурол-яроғлар экспозициядан олиб қўйилди. Даргоҳ мемориал музейга айлантирилди», дейди Икромиддин ака.

Икромиддин Сирожиддинов таъкидлаган «Юлдузлар илми султони бўҳтонлар қурбони» сарлавҳасидаги  биринчи мақола «Зарафшон» газетасида 2010 йилнинг 20 мартида эълон қилинган. Бунда муаллиф фикрини далиллаш мақсадида «Бобурнома»дан иқтибос келтиради ва шу асосда мулоҳаза юритади:

«Улуғбек баҳри улуми хирад,

 Ки дунёву динро аз у пушт,

Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид,

Шудаш ҳа таърих «Аббос кушт»

Яъни, «илоҳий ва дунёвий илмлар денгизига ғарқ бўлган Улуғбек Аббос туфайли шаҳид бўлди. Абжад ёзувида битилган «Аббос кушт» дан у ўлдирилган сана келиб чиқади». Аммо манбада Абдулатиф ҳақида ҳеч нарса дейилмаган» (таъкид бизники — М.Т.)

Самарқандлик тарихчи олимлар — Амриддин Бердимуродов, Раҳим Қаюмов, журналист Озоджон Ҳамидовлар «Бобурнома» Улуғбек Абдулатиф фармойиши билан ўлдирилгани ҳақидаги энг ишончли ва холис манба деб ҳисоблайдилар. Улар, буни англаш учун «Бобурнома»дан келтирилган иқтибосдан аввал ва кейинги жумлаларни ҳам ўқиш кифоя эканини уқтиришади.

«Шоҳруҳ мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек мирзоға бериб эди. Улуғбек мирзодин ўғли Абдулатиф мирзо олди. Беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди. Улуғбек мирзонинг фавтининг тарихи тавре воқиъ бўлубдур. Назм:

«Улуғбек баҳри улуми хирад,

Ки дунёву динро аз у пушт,

Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид,

Шудаш ҳа таърих «Аббос кушт»

Агарчи ўзи ҳам беш-олти ой салтанат қилмади, бу байт машҳурдирким:

Падаркуш подшоҳиро нашояд,

Агар шояд ба шаш моҳаш напояд.

Анинг тарихи ҳам тавре воқи бўлубдур».

«Аббос кушт» («Аббос ўлдирди») ҳарфларини абжад ҳисоби билан рақамга айлантирилса, 853 ҳижрий йил чиқиши бор гап. Бобур машҳур байт сифатида Низомий Ганжавийнинг мисралари эса «Отасини ўлдирган подшо бўлмайди, агар бўлса ҳам олти ойга етмайди» деган маънони беради.

Бобур Абдулатифнинг ўлими тарихи билан боғлиқ байт ҳам келтириб «Бобо Ҳусайн кушт» деб ҳарфлар абжад ҳисоби билан рақамга айлантирилганда 853 ҳижрий йилни келтириб чиқаради.

Икромиддин Сирожиддинов Улуғбек Мўғлуқхоннинг ясоқ қонуни билан ўлдирилди деб даъво қилиб турган вақтда таниқли тарихчи олим Амриддин Бердимуродов Бобо Ҳусайн Улуғбекнинг садоқатли, хос навкари бўлган деб таъкидлайди: «Бобо Ҳусен Туркистоний нимага хонни эмас, Абдулатифни ўлдирган. Бобо Ҳусен Туркистоний Улуғбекнинг энг яқин хос навкари бўлган, Мўғлуқхон деган қўғирчоқ хонни эмас. Абдулатиф ўлдирмаган деган гапда ҳеч қандай асос йўқ».

Абдулатифнинг отаси исмини ёздирмаган тангаси

Тарихдан маълум, аввалига Чингизхон авлодлари хонлик қилиши, Амир Темур авлодлари эса, жумладан, амирлик қилиши белгиланган. Яъни, қонун чиқарувчи ҳукумат хон, подшо, ижроия ҳокимият эса амирлик ҳисобланган.

Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳмирзо эса ўзини ҳоқони саид, яъни подшо, қонун чиқарувчи деб эълон қилган. Шоҳруҳ мирзо вафотидан кейин Улуғбек ҳукмронлиги даври бошланганда у ҳам ўзини султон деб эълон қилади. Давлатни мустақил идора қилади.

Икромиддин Сирожиддинов

Икромиддин Сирожиддинов: «Улуғбекни Аббос ўлдирган. Аббос эса Мўғлуқхон деган хоннинг фармони билан ўлдириб Абдулатиф отасини ўлдирди деган туҳмат қилинган. Абдулатиф салтанатга келгач, Чингизхон ва Темурийлар авлодлари ўртасида совуқ урушлар олдини олиш мақсадида Мўғлуқхонни хонликка кўтарди».

Амриддин Бердимуродов

Амриддин Бердимуродов: «Энди ўзингиз ўйланг, Абдулатиф подшо бўлса, унинг отасини ўлдирармишу, отасини ҳақиқатан яхши кўрадиган бўлса, ҳеч кимга чора кўрмас эмиш. Кулгили гап-да. Абдулатифни бевосита ўлдирган одам Аббос. Аббос ёлланган, банда одами эмас. У Абдулатифнинг хос навкари, шахсий садоқатли одами. Шунинг учун қўғирчоқ хонга тўнкашнинг ҳеч кераги йўқ. Қўғирчоқ хон ҳеч нимани ҳал қилолмасди».

Суҳбатларида бўлганимиз бу икки тарихчининг фикрлари кесишадиган ва баҳсга ўрин қолдирмайдиган маълумотлар: Улуғбек ва Абдулатиф ўртасидаги қуролли жангда Улуғбек енгилади. Улуғбек тахтини тўлалигича Абдулатифга топшириб, қолган умрини илм фанга сарфламоқчи бўлади. Бундан олдин эса ҳажга боришни ният қилади. Фикрини Абдулатифга айтганда, у отаси фикрини қувватлайди ва ҳамроҳликка аввал ҳажга бориб қайтган Муҳаммад Хусравни қўшиб юборади.

Шу ерда фикрлар қарама-қаршилиги бошланади.

Икромиддин Сирожиддинов: «Амир Темур ҳеч қачон ўзларининг ўғиллари, набираларига салтанатни 100 фоиз топширмаган. Бирор бир амир бу ишни қилмаган. Улуғбек салтанатни буткул топширгандан кейин Абдулазиз отасини ўлдиришида ҳеч бир мантиқ йўқ».

Амриддин Бердимуродов: «Абдулатиф ва унинг маслакдошлари Улуғбекни очиқдан-очиқ оддий бир кишини ўлдиргандек ўлдиролмас эди. Шунинг учун улар бу ишни иложи борича шариат қоидалари асосида амалга оширдилар. Шунда «Улуғбекдан бесабаб жабр кўрганмиз» деганларни йиғиб, хоннинг ҳузурига бориб хун талаб қилишлари учун йўлланади. Ўзини беайб кўрган деб ҳисоблаганлар орасида сулдуз қабиласи бошлиғининг ўғли Аббос ҳам бор эди. Улуғбек Аббоснинг отасини золимлиги ва бошқа номаъқул ишлари учун қатл эттирган эди. Қўғирчоқ хон дарҳол Аббосга хун олишга ижозат берди».

Икромиддин Сирожиддиновнинг фикрича, «Абдулатиф кўтарган Мўғлуқхон, барибир бу одам келадию, қўшин йиғиб келади ва яна қайта жангларни бошлаб юборади деган хавотир бўлади унинг ичида, бу ўзини султон деб эълон қилди, бизлар хон бўлмасдан киммиз деган ўйда, ғаразли мақсадда Улуғбекни ўлимга буюриш учун фармон чиқаради».

Амриддин Бердимуродов, «Улуғбек ва кейинги ўғли Абдулазиз қўшин йиғиб, яна жангларни бошлаши аввало Абдулатиф учун хатарли эди. Қолаверса, Улуғбек ва Абдулатиф ўртасидаги муносабат доимо таранг бўлган» дейди.

Икромиддин Сирожиддинов, фожиалардан бир йилча аввалроқ Абдулатиф сил касалига чалинганда, уни Улуғбек даволагани ва касал ўғлига Хуросон ерларидан суюрғол мулк бергани ҳақида Абдураззоқ Самарқандийдан манба келтиради (Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн»).

Амриддин Бердимуродов, Абдулатифнинг отасига муносабати борасида мисол келтиради: «Бизда бир археолог, нумизмат (тангашунос) Борис Дмириевич Кочнов деган кучли олим бор эди. Ўша киши айтиб қолди: «Абдулатиф туширган тангани топдим. Унда Абдулатиф Улуғбек ўғли эмас, Шоҳруҳнинг ўғли деб ёзилган. Улуғбекнинг номини келтирмаган». Яъни тангадаги ёзув «Абдулатиф ибн Шоҳруҳ» экан.

Қабртошдаги битик

Икромиддин Сирожиддинов Абдулатиф отасини ўлдирмаган деган хулосага келишида Улуғбек қабри устидаги ёзув ҳам асос бўлишини айтади. «Улуғбекнинг жасади дастлаб бошқа жойга кўмилган ва кейинчалик Абдулатиф ўлдирилганидан кейин Гўри Амир мақбарасида қайтадан дафн этилган. Лекин қабртошига ўғли отасига тиғ тортиб ўлдирган деб нотўғри гап ёзиб қўйилган».

Амриддин Бердимуродовнинг «Гўри Амир мақбараси» илмий-оммабоп рисоласи бир неча марта чоп этилган. Унда 1941 йилги экспедиция маълумотларига кенг ўрин берилган. Жумладан, Улуғбек қабртоши ҳақида шундай дейилади: «Экспедиция аъзолари 18 июнда Улуғбек қабрини очишга киришдилар... Қабрнинг оғзи қалин мармар тахта билан беркитилган бўлиб, унинг сиртида ёзув мавжуд:

«...У марҳум султон, халифат қувончи, дунё ва дин кўмакчиси оромгоҳига Аллоҳ нур ёғдирсин. Улуғбек султондирки, у 796 ҳижрий (1394 милодий) йилда Султония шаҳрида туғилди ва 810 ҳижрий (1408 милодий) йилнинг зулҳижжа ойида Самарқанд дориламонига хилофат мустақилликка эришди ва Аллоҳнинг иродаси ила «ҳар ким буюрилганича сузади» дейилганидек, унинг ҳаёти муддати ниҳоясига еткач ва қазову вақти келгач, ўғли қарши чиқиб ханжар тиғини унга урди ва натижада шаҳид бўлиб бағишловчи ва шафқатли Аллоҳ томон йўл олди. Бу ҳодиса наби ҳижратининг 853 йили рамазон ойининг ўнинчи куни (1449 йил 27 сентябрда) содир бўлди».

Икромиддин Сирожиддинов битикни «ҳужжатсиз туҳмат ёзув» дейди. «Мирзо Улуғбек ўғлининг «тиғ тортиши» билан эмас, балки қотил Аббос томонидан Мўғлуқхоннинг фармойиши билан ўлдирилган» деб ёзади.

Улуғбекнинг боши танасидан жудо қилингани, тиғ тортилгани бор гап. Экспедиция кундалигидан: «...Унинг боши танасидан нарироқда, юзи ерга қаратилган ҳолда қўйилган бўлиб, бош чаноғи билан бирга учта бўйин умуртқаси ёпишиб турарди. Учинчи умуртқада ўткир тиғнинг изи яққол кўриниб турарди...»

Лекин, бевосита тиғ тортган киши Аббос деб ёзилмагани, воқеанинг моҳиятини қанчалик ўзгартиради? Аббос, Мўғлуқхон ва Абдулатиф ўртасидаги бутун бошли қиссани, мумкин қадар лўнда ёзилиши керак бўлган қабртош ёзувига сиғдириш мумкинмиди?

Сирожиддинов аввалига Амир Темур мақбарасида Мирзо Улуғбекнинг қабри ҳам, қабртоши ҳам бўлмаганини таъкидлайди. «Бошқа ерга яшириб қўйилган қабртош Абдулатиф ўлдирилганидан сўнг Улуғбекнинг жасади билан келтириб қўйилган».

Тарихий манбалар Улуғбекнинг жасади дастлаб бошқа жойда бўлганини тасдиқлайди. Лекин бу Абдулатиф отасини ўлдирмаган деган гапга асос бўла оладими? 1941 йил экспедицияси Улуғбек жасади анча вақт кўмилмай, усти очиқ қолганини ҳам аниқлади. Нега олим ҳурмат-иззатини ўрнига қўйиб бирйўла Темур ёнига дафн этилмади? Нега Абдулатиф ўлимидан кейин? Улуғбекнинг қатлининг учинчи кунида иккинчи ўғли Абдулазизнинг ўлдирилиши нимага ишора беради? Тамға солиғи бекор қилингани-чи?

Суиқасднинг асосий сабаби

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади олам анингдек.

Амриддин ака билан суҳбатда Алишер Навоийнинг байти тилга олинмади, лекин Улуғбек энг халқпарвар ҳукмрон экани айтилди. «Унинг ўлдирилишининг асосий сабаби шу эди», дейди олим.

«Амир Темур даврида тамға солиғи жорий қилинган. Бу савдо-сотиқни нормативи олинган солиқ. Тамға солиғи Пайғамбаримиз (САВ) даврида йўқ эди. У вақтда савдо-сотиқ энди энди шаклланаётган бўлган. Темур даврига келиб савдо-сотиқ ривожланиб кетди. Тегирмонлар, ҳунармандчилик устахоналари, карвонсаройлар катта-катта бойлар қўлида тўпланиб қолди. Тамға солиғини Амир Темурдан кейин Улуғбек тиклади. Бунинг эвазига халқдан олинадиган ер солиғини камайтирди. Бу бой мулкдорларга ёқмади. Абдулатиф уларга тожу тахтни эгалласа, тамға солиғини бекор қилиши борасида ваъда берди. Отаси билан жангда ғалаба қозонишида солиқни йўқолишига умидвор кучларнинг таъсири бўлган албатта. Шу зайлда тожу тахтга ҳаваси баланд Абудлатифнинг ўзи ҳам бир ҳовуч бадавлатлар қўлида қўғирчоқ бўлди. Улуғбек ўлдирилган куннинг эртасидан Самарқандда тамға солиғи бекор қилинишининг ўзи масалага ойдинлик киритади», дейди тарихчи.

Абдулатиф отасини ўлдирган деган гап – а) миллат шаънига тўғри келмайди; б) тарихга зўравонлик бу

Амир Темур мақбараси... Не-не синоатлар яширинган макон бу. Бу ердан ҳам зиёратчиларнинг кети узилмайди. Бу ерда ҳам гидлар – тушунтирувчилар ҳар куни тухфа меҳмонларга Темурийлар ҳақида гапирадилар. Маълум бўлишича, бу ерда ҳам Улуғбекни Абдулатиф ўлдирмаган деб айтиларкан.

Акмал Раззоқов

Амир Темур мақбараси ходими Акмал Раззоқов шундай дейди:

— Яхши ният билан зиёратга келган меҳмонларга мен бирор марта Абдулатифни падаркуш деб айтмайман. Чунки бу бизнинг динимизга ҳам, шаънимизга ҳам, миллатимизга ҳам тўғри келмайди. Падаркуш ўғли ўлдирган десак меҳмон, хоҳ у ўзимизники бўлсин, хоҳ у четдан келган бўлсин, у энди бошқа кўз билан қарайди.

Акмал билан ҳали суҳбатимизни тугатмаган эдик, мақбаранинг исмини айтишни истамаган бошқа бир ходими келиб битта гап айтди: «Ўнинчи йиллар бошларида юқоридан, падаркуш демайсизлар деган кўрсатма бўлганди!»

Амриддин Бердимуродов тарихни ўзга қиёфада кўрсатишга уриниш калтабинликдир дейди.

— Тарих нима учун тарих? Тарих ўзининг асли билан тарих. Қошининг ўрнига қалам билан чизиб қўйгани билан ўзгариб қолмайди. Қандай бўлса шундай қабул қилиш керак. Абдулатифнинг падаркушлиги ҳақида 10-15 та манбада ёзилган. Мозийни бузиб кўрсатишга уриниш бу тарихга зўравонликдир! XV асрдаги воқеанинг бугунда тушкун ёки ёрқин руҳиятини кўрсатишнинг нима кераги бор. Шаҳидлик мақомида эгнида кўмилган кийимни қабрдан олиш қанчалик аҳмоқлик бўлса, энди уни кўргазмадан олиб ташлаш ҳам шунчалик аҳмоқлик! — таъкидлайди у.

Улуғбекнинг қонли кўйлаги парчаси бугунда қаерда сақланаётгани номаълум. «Xabar.uz» бу жиҳатни алоҳида ўрганишга киришган.

(Давоми бор)

Мустаҳкам Тангриёрова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг