Ўрмончиларга чора кўрилди
Сурхондарё вилояти Бойсун давлат ўрмон хўжалигида табиат дунёсига зарар етказган ўрмон хўжалиги масъул ходимларига чора кўрилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган “Бойсун давлат ўрмон хўжалигига қарашли Кенгдала ўрмон бўлимида мавжуд бўлган Зарафшон арчалари ноқонуний равишда кесиб кетилмоқда” мазмунидаги мурожаатлар Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармасининг тезкор гуруҳи томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида Кенгдала бўлимининг 2-айланма 6-кварталининг “Туя” массивида 2 туп ўсувчанлигини йўқотмаган Зарафшон арчаси таг қисмидан, ноқонуний кесилгани, шунингдек, мазкур бўлимнинг 3-айланма 8-кварталида 3 туп Зарафшон арчаларининг ён шохларини ўсиш даражасидан тўхтамайдиган даражада шикастлантирилганлик ҳолатлари аниқланди.
Бундан ташқари, Кенгдала ўрмон бўлимининг ҳудудида тана олди диаметри 20 см бўлган, 1 туп ўсувчанлигини йўқотмаган Зарафшон арчасининг таг қисмидан кесилгани аниқланган. Бойсун давлат ўрмон хўжалиги Кенгдала ўрмон бўлими ҳудудларида яратилган кўчатхоналар фаолияти ўрганилганда ўрмон бўлимининг 3-айланма 8-кварталидаги 2 та кўчатхона назоратсиз қолдирилгани, ўрмон ходимларининг ўз ишига совуққонлик билан ёндашиши оқибатида ташкил қилиниши лозим бўлган 70 фоиз кўчатлар жойида мавжуд эмаслиги аниқланди.
Юқорида қайд этилган ҳолатларни содир этган 2-айланма 6-квартал ўрмончиси Ф.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 миллион 500 минг сўм жарима қўланган, бу ҳаракат билан ўсимлик дунёсига 2 миллион 700 минг сўм зарар етказилган.
Шунингдек, 3-айланма 8-квартали ўрмончиси С.Э.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан 1 миллион 500 минг сўм жарима қўлланган, бу ҳаракат билан ўсимлик дунёсига 270 минг сўм зарар етказилган.
Шу билан биргаликда, 3-айланма 8а-квартал ўрмончиси Б.Э.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан 1 миллион 500 минг сўм жарима қўлланган, бу ҳаракат билан ўсимлик дунёсига 1 миллион 950 минг сўм зарар етказилган.
Кенгдала ўрмон бўлими ҳудудларида ташкил этилиши белгиланган кўчатхоналар назоратсиз қолдирилгани сабабли мазкур бўлим бошлиғи К.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 80-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 10 баробари миқдорида жаримага тортилди.
Мазкур мурожаат Бойсун давлат ўрмон хўжалиги томонидан ҳам ўрганилган бўлиб, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда Ўрмон хўжалиги ваколати доирасида таъсир чораларини кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter