Тошкентда фуқаро ички ишлар ходимининг бурнига зарба бериб, жароҳатлади
Интернет тармоғида фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги ҳолат видеоси тарқалди. ИИББ ҳодиса юзасидан қуйидагича маълумот берган:
«28 август куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ патрул-пост хизмати ходимлари Ҳикматилла И. ва Фарходжон Х.лар Янгиҳаёт туманида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида ҳатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро – 27 ёшли Турсунбой Н. ва 30 ёшли Улуғбек Г.ларни кўриб қолишган.
Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзларини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиришди. Сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилиндилар. Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар. Турсунбой боши билан сафдор Ҳикматилла И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказган. Турсунбой ва Улуғбекнинг воқеа жойига йетиб келган патрул-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниш жараёни видеога тушиб қолган. Ҳуқуқбузарлар ИИБга, жабрланувчи эса – тиббиёт муассасига етказилди».
Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилган.
Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Турсунбой Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми («Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter