Тол шохига осилган эчкилар
«Эчкига ҳазил қил деса, толнинг шохига осилибди», деган мақол бор. Бу мақол ҳазил қиламан деб қовун тушириб юрадиган, моҳиятини англамай «ҳазиллашадиган» беқилиқ «ҳазилкашлар»га нисбатан қўлланилади. Телеграм каналида тарқалган бир «ҳазил»ни кўриб, беихтиёр шу мақол ёдимга тушди.
Осиё Кубогидан футболчиларимизнинг доимгидек эрта қайтиши футбол ишқибозлари кайфиятига ёмон таъсир қилди. Терма жамоамизга атаб танқидий, кинояли фикрлар ёғилди, шеърлар тўқилди, мақолалар ёзилди. Шулардан руҳланиб кетишганми ёки термамизга «нафрат»ини ўзларича изҳор қилишни мақсад қилишганми, бир гуруҳ қизиқчи йигит (аслида масхарабоз)лар бачкана ҳазил қилиб кўришган.
Ҳазил мазмуни: бир «ватанпарвар» футбол ишқибози «Ўзбекистониз ҳеч қачон ютмиди, футболдан нима фойда бор», дегани учун хотинини ўлдирибди. Кейин қайнонасини ҳам гумдон қилибди. Бечора қайнонаси, футболингни қўй, сериал кўрамиз, дебди-да. «Қотиллик»ка унинг дўстлари ҳам қарашворибди: «Энди оғайнимизде, бизам қараб турмаду». Ҳар ҳолда диванда чипсми-гипсми еб ўтирган йигитлар бамайлихотир шундай дейишди. «Жиноятчи»ни милиция сўроқ қиляпти. Қарангки, милиционер ҳам «қотил»нинг асабига тегди: «...оддий футболга шу ишши қиласанми?..» Ва полда иккита мурданинг ёнидан милиционернинг ҳам мурдаси жой олди... Якунда «Сетора» гуруҳининг ўша машҳур қўшиғи янграйди: «Бор, сен учун қалқон бўлгувчи... ўғлонларинг бор...»
Ҳа, энди бу бир ҳазилда... Балки бу фикрлардаям жон бордир. Лекин ҳазилда ҳам сал-пал мантиқ бўлиши керакку. Ҳазил ҳам эви билан, дейилмайди бежиз. Йигитлар бу билан нимани исботламоқчи бўлишди. Фанатликними? Ёки шу усулда кулмоқчи бўлишдими? Ҳар иккиси бўлганда ҳам айнан қотиллик саҳнаси танланиши шартмиди? Бу билан улар ўзлари билмаган ҳолда қотилликни тарғиб қилиб қўйишмаяптими? Агар бу лавҳани қанча-қанча футбол ишқибозлари кўришини, улар ичида аламини кимдан олишни билмай юрганлари ҳам борлигини ҳисобга олсак, бу ҳазилдан «илҳомланиб» кетадиганлар топилмаслигига ким кафил?
Гўринг нурга тўлгур машҳур актёр Эргаш Каримовнинг футбол ҳақидаги телеминиатюрасини эслайлик. «Пахтакор» ютганда уйига қандай кириб келадию ютқазиб қўйганда қандай? «Теполмас экансан, тўпни бизга ташламайсанми номард, ёриб ташламаймизми?..» Ҳеч қандай қўполлик йўқ, самимий кулгуга бой. Минг марта кўрсангиз минг бор куласиз. Ҳамон ундаги ибораларни бир-биримизга айтиб кулишиб юрамиз.
Юқоридаги ҳазилни кўриб очиғи кулмадим, кулолмадим (йигитларнинг мақсади ҳам аслида кулдириш эмас, нафрат уйғотиш эканмикин ё). «Қотил» ролини ўйнаган ёш актёр йигитни анчадан бери биламан. Иқтидорли актёр, ажойиб чиқишлари бор. Лекин бу гал талантини ўтин ёришга сарфлаб қўйибди бояқиш.
Ҳазилдан олган хулосам эса шундай: терма жамоамиз футболда кутилган натижага эришолмаса, хотинни ҳам, қайнонани ҳам (шу бечора қайноналар кейинги пайтларда қизиқчиларимиз нишонига айланиб қолган ва бу алоҳида мавзу) ва яна милиционерни ҳам шарт ўлдириш мумкин. Ва бу гўёки ватанпарварлик. Шундай қилсангиз сизни «Сетора» олқишлайди... бор... қалқон бўлгувчи азамат ўғлонларинг бооооооооооооорррррр!..
Усмонжон Йўлдошев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter