Путин Пеленинг вафотига таъзия билдирди. Футбол қироли Россия президентига танбеҳ берган эди
Россия президенти Владимир Путин футбол қироли Пеленинг вафоти муносабати билан Бразилия раҳбарига таъзия мактуби йўллади.
«Мен ушбу ажойиб инсон билан бевосита мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлганман ва у ҳақдаги ёрқин хотираларни қалбимда абадий сақлайман. Афсонавий Пеленинг яқинлари ва қадрдонлари, шунингдек, мамлакатингизнинг барча фуқароларига самимий ҳамдардлигимни етказинг», – дейилади мактубда.
Таъзия хатида, Эдсон Арантес до Нассименто (Пеле) ўз иқтидори ва бетакрор маҳорати билан футболни миллионлар ўйинига айлантиришга улкан ҳисса қўшгани баён этилган.
Эслатиб ўтамиз, Пеле жорий йил июнь ойида В.Путинга Украина уруши борасида танқидий руҳда мактуб йўллаб, қирғинбаротни тўхтатишга ундаган эди.
«Зўравонликни оқлаш учун бирор бир далил-дастак мавжуд эмас. Ушбу ҳақсиз ва ёвуз ихтилоф фақат ва фақат дард-алам, қўрқув, даҳшат ва изтироб келтиради. Уни давом эттиришга эса ҳеч бир сабаб кўрмаётирман», – деб ёзган эди Пеле.
Атоқли футболчи уруш бегуноҳлар қонини тўкиб, норасидаларнинг орзуларини йўққа чиқаришини надомат билан қайд этар экан, қирғинбаротни тўхтатиш Путиннинг қўлида эканини урғулаган.
Россия раҳбари футбол қиролининг танбеҳига расман муносабат билдирмаган.Аввал хабар берганимиздек, 3 карра жаҳон чемпиони, XX асрнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган Пеле 29 декабрь куни 82 ёшида вафот этди.
Бразилияда футбол афсонасининг вафоти муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter