Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин АҚШ ва Германияга «жавоб» ваъда қилди

Путин АҚШ ва Германияга «жавоб» ваъда қилди

Парадда Путинга мудофаа вазири А.Белоусов ва ҳарбий денгиз флоти қўмондони А.Моисеев ҳамроҳлик қилган.

Фото: «Известия»

АҚШ Германия ҳудудига олис масофага учувчи ракеталарини жойлаштирса, Россия бу ҳаракатни жавобсиз қолдирмайди. Бу ҳақда президент Владимир Путин  Ҳарбий денгиз флоти куни муносабати билан Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилган парадда гапирди.

Путинга кўра, Қўшма Штатлар ракеталарининг Германияда пайдо бўлиши Россиянинг муҳим давлат ва ҳарбий бошқарув объектлари, мудофаа инфратузилмаси ва маъмурий-саноат марказлари эҳтимолий нишонда эканини англатади. Ядро каллакларини ташиши мумкин бўлган ракеталарнинг Россия ҳудудидаги нишонларга келиш вақти эса ўн дақиқани ташкил этади.

Путин воқеалар бу тахлит ривожланса, мамлакат биринчи навбатда ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни ривожлантиришга доир мораторийдан воз кечишига шама қилган.

Таъкидланишича, Россия АҚШ ва унинг Европадаги «малай»лари ҳаракатига ҳамоҳанг равишда бошқа жавоб чоралари ҳам кўради.

«Известия» газетасининг ёзишича, Вашингтоннинг ҳаракатига жавобан Москва ўз қўшнилари (масалан, Беларусь) ҳамда АҚШ билан яқин ҳудуддаги Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларига ракеталарини жойлаштириши мумкин. 

Аввал хабар берганимиздек, НАТОнинг жорий йил 10 июль куни бўлиб ўтган саммитида АҚШ Россиянинг ҳарбий салоҳиятини тийиб туриш ва Шимолий альянс доирасидаги ҳамкорларини ҳимоя қилиш учун Европа бўйлаб узоқ масофага учувчи ракеталарни жойлаштириш режасини эълон қилди. 2026 йилдан Германияга Tomahawk русумли қанотли ракеталар ва олис масофадаги нишонларни уришга мўлжалланган бошқа аслаҳалар келтирилади. АҚШ ва Германия томонидан берилган қўшма баёнотда айни пайтда Европада жойлаштирилган ракеталардан узоқроқ масофага учириладиган SM-6 зенит ракеталари ва товушдан тез парвоз қилувчи қурилмалар ҳақида гап боради.

Қарийб 50 йиллик танаффусдан кейин Қўшма Штатлар ракеталарининг Россияга яқин ҳудудда пайдо бўлаётгани Москвада хавотир билан қаршиланди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Вашингтон ва Берлиннинг бу қарорини «совуқ уруш» даврига қайтиш деб баҳолади.

«Коммерсантъ» газетаси Германияда жойлаштирилган АҚШ ракеталарининг эҳтимолий парвоз масофаси ва нишонлари чизмасини ишлаб чиқди. Унга кўра, SM-6 русумли ракеталар 740 км масофага учиши мумкин. 1800 км га қадар парвоз қилувчи Tomahawk қанотли ракеталари Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларга етиб боради. Товушдан тез учувчи ракеталар (LRHW Dark  Eagle) эса 2775 км гача парвоз қилиб, Мурманскдан то Волгоградга қадар бўлган ҳудудлардаги нишонларга йўқ қилиш қувватига эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг