Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент совғаси сифатида берилган хонадонга сохта кадастр ҳужжати ясаб пул ишламоқчи бўлганлар ушланди

Президент совғаси сифатида берилган хонадонга сохта кадастр ҳужжати ясаб пул ишламоқчи бўлганлар ушланди

Фото: ИИВ матбуот хизмати

2021 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВга фуқаро Г.Н. ариза билан мурожаат қилади.

У пул зарурлиги туфайли «Тохир» ва «Гулмира» исмли шахслардан $10 минг қарздор бўлиб қолгани, вақт ўтиб қарзини фоизи билан $17300 қилиб қайтариб беришини талаб қилишаётганини маълум қилади.

Фуқаро Г.Н.да бунча пул йўқлигини билган «Тохир» ва «Гулмира» унга яшаш хонадонини сотиб, пулларни беришларини талаб қилади. У эса ушбу хонадон уларга кўп болали оила бўлишганлиги учун президент совғаси сифатида берилганлигини, уйнинг кадастр ҳужжатлари ҳали расмийлаштирилмаганлигини айтади.

Бундан фойдаланган «Тохир» ва «Гулмира» фирибгарлик йўли билан мўмай даромадни қўлга киритиш мақсадида тил бириктириб, унга уй учун кадастр ҳужжатини тайёрлаб беришларини айтишади. Сўнгра уйнинг кадастр ҳужжатини $10 минг эвазига Миробод тумани ҳокимиятидаги танишлари орқали расмийлаштиришганлигини айтиб, ушбу пулларни ҳам қўшиб, жами $27300 ни беришини талаб қилади.

Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар У.Т. ва А.Г.лар «Ялпиз» кафесида $27300 ни олиб, унга ноутбукда ясалган сохта кадастр ҳужжатини бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. 

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг