Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муддао нима ўзи?

Муддао нима ўзи?

Кейинги бир ҳафта ичида исломга тааллуқли терминлар икки бор нотўғри ишлатилди. Бир марта «намозхон қотил», иккинчиси эса «шаръий никоҳдаги фирибгар». Яна денг расмий сайтларнинг мақолаларида, устига устак, сарлавҳаларида! Мазкур терминларнинг мақола мазмунига алоқадор бўлса, кошки.

Бундай бузуқ ва бузуқи иборалар ишлатилиши кишини хавотирга солмоқда. Ижтимоий тармоқларда ишлатилаётган киноя ва мазахлардан узоқда туриб айтаманки, бундай уринишлар менга қасддан қилинаётгандек ҳам туюлмоқда. Мақсад жамиятда исломофобик кайфиятни яна қайта уйғотиш. Бундай хавотирим асоси — жамиятда салбий муносабат кучайишига қарамай, сайт таҳририяти оммадан узр сўрамагани ва кейин бошқа сайт айнан шу йўлдан борганлиги бўлди. (Балки мен узр сўралганини кўрмагандирман, лекин ҳозирча бундай маълумотга эга эмасман).

Олдинроқ «Дин ва давлат равнақи учун қўлни қўлга берайлик» ташаббуси билан чиққан эдим. Мақсад олдимизда турган муаммоларни биргаликда ечиш, бугунги чақириқлар олдига елкадош бўлиб чиқиш ва оқибат жамият бирлигига эришиш эди. Юқорида айтилгандай ғаразли хатти-ҳаракатлар эса жамият бирлигига қаттиқ зиён етказади. Бу журналистнинг шунчаки «хато»си дейилиши мумкин. Айнан шундай «хатолар» ижобий маънода ишлатиладиган терминларни бузишга, жамиятда идеал билинадиган тушунчаларни хиралаштиришга хизмат қилади.

Бошқа томондан бундай муаммолар муҳокамаси ортиқча ҳиссиётларга сабаб бўлаётганини ҳисобга олиб, бир таклиф айтмоқчиман. Биз қонунчилик устивор ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Бундай ғаразли хатти-ҳаракатларга муносабат шовқин-сурон билан эмас, ўзининг ҳуқуқий баҳосини олиши билан якунига етишини истардим. Бинобарин, бу борада билимдон кишилардан мана шу йўналишда ёрдам беришларини сўрардим.

Очиқроқ айтганда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш эҳтимоли бўлган хатти-ҳаракатлар, айниқса, исломофобик қараш уруғларини экишнинг олдини олиш учун жавобгарликка тортиш амалиётини қўллаш керак.

Мубашшир Аҳмад,
Тошкент Ислом институти мударриси, исломшунос

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг