Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамиятда мустақил фикр бўғилса радикаллашув кучаяди

Жамиятда мустақил фикр бўғилса радикаллашув кучаяди

Нимагадир дин мавзуида жуда эҳтиёт бўлиб ёзиш ёки гапириш керак, дейишади. Аммо нега? Балки зиёлилар, олимлар, тадқиқотчилар ортиқча эҳтиёт бўлаётгани сабаб бугун мутаассиблик кучайиб, ёшлар ёт ғояларга эргашиб кетаётгандир. Мақола ёзиш асносида баъзи бир манбаларни кўздан кечиришга тўғри келди.

Мутаассиблик нима деган саволга Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси Пўлатхон КАТТАЕВ, («Ҳидоят»журналининг 2020 йил 9-сони) шундай жавоб берган: «...Луғат китобларида «мутаассиблик» қаттиққўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриб олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади.

Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.

Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор: диний мутаассиблик, ирқий мутаассиблик, қабилавий мутаассиблик, табақавий ёки ижтимоий мутаассиблик, фикрий мутаассиблик ва ҳоказо.

«Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир», дейилади мақоланинг давомида.  «Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради. 

Мутаассиб кенг фикрлашга қодир эмас. Уни фақат ички эмоционал туйғу бошқаради. Ўзгаларнинг янглиш фикри билан ҳаракат қилади. Айнан шунинг учун муқобил томон фикрини тарозуга солиш ва ҳурмат қилиш имконидан маҳрумдир».

Олимжон МАЗАМОВ

«Ҳилол-нашр» нашриёти таржимони Олимжон МАЗАМОВ янада ихчамлаштириб ўз фикрларини шундай баён қилди:

– Мутаассиблик ўз фикрига нотўғри бўлса ҳам ёпишиб олиб бошқанинг фикрини қабул қилмаслик. Унинг зидди бағрикенглик бўлади. Ғулув ҳаддан ошиш, чуқур кетишдан иборатдир. Бу нарса турли ҳолатларда бўлиши мумкин, унинг турли кўринишлари бор: кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, қабиласи, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши. Ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси меъёрдан ошса, мутаассибликка айланиб, эгасини ҳалокатга тортади. Чунки мутаассиб ҳақиқатни кўролмайди, кўрса ҳам, ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ дея олмайди, муроса йўлига юрмайди. Суҳбатдошини тинглашни истамайди, ҳар қанақасига ўзининг устози, қабиласи, ватандоши ва ҳоказоларнинг тарафини олиб, тутган маслаги ва ушлаган фикрини маъқуллаб, мутлақо тўғри, деб тураверади.

Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг қуйидаги сўзлари Ислом динининг мутаассибликка муносабатини ихчам тарзда ифода этади: «Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…».

Анвар НАЗИР

Бизнинг анъанавий исломга мутаассиблик қанчалик зарар етказади, деган саволимизга сиёсий таҳлилчи Анвар НАЗИР шундай жавоб берди:

– Давлатни дунёвий эмас, шариат асосида қуриш дегани бу айнан мутаассиблик ҳисобланади. Ҳатто тарихимиздаям шариатга юз фоиз таянилмаган. Масалан, шайбонийлар даврида рассомчилик, мусиқа ривожланган эди. Ўша даврларда аёллар ҳар жабҳада фаол бўлган, дунёвий илмлар жуда кучли ўргатилган, шахмат ҳеч қачон таъқиқланмаган. Лекин яқинда ижтимоий тармоқларда гувоҳи бўлдингиз, шахматдан ғолиб бўлганлар ҳақидаги хабар остида бир неча инсон шахматни ҳаромга чиқарган. Ҳозир интернетда мутаассиблар баҳс олиб боради ва афсуски бу баҳслар ёшлар онгига салбий таъсир қилмоқда. Яъни айтмоқчиманки, бугунги мутаассибларнинг тарихий ислом, ислом меросига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Буларнинг тарихи XX асрнинг такфирчилари билан боғлиқ. Булар «ал-қоида», «ҳизбут таҳрир», «толибон», яъни XX асрда пайдо бўлган сиёсий ислом билан боғлиқ. Булар биз учун янги сиёсий-ижтимоий феномен. Буларнинг пайдо бўлишига албатта ўтган асрнинг сиёсий жараёнлари сабаб бўлган. Коммунистик даврда ҳам худди шу сиёсат муҳим эди, бировнинг шахсий ҳаётига аралашиш, бир хилликни тарғиб қилиш.

Радикализм — бу мутаассибликнинг бир кўриниши. Радикализм дунёвийликни, демократияни, инсон ҳуқуқларини, плюаризмни, тоқатлиликни, толерантликни, гуманизмни, маданият хилма-хиллигини рад этади. Радикализмда оппонент бўлмайди. Бу максимализм – ё сен менинг  фикримга қўшиласан, агар қўшилмасанг душмансан. Душман ва мен, деган тушунча бор. Радикализм муросани инкор этади. Радикализм ўзининг қарашларини конституцион қонунчиликдан устун қўяди. Ҳар бир сиёсий ҳаракатнинг ўзининг радикализми бор. Сиёсий, ижтимоий исломнинг ҳам радикаллари бор. Насронийликда ҳам радикализм бор. Радикализм энди вакуумдан кейин ёки узоқ турғунликдан кейин диний эркинлик берилган жамият ва одамлар орасида бўлади. Маълум вақт динда вакуум ҳосил қилинган жамиятларда кучаяди. Неофит деган тушунча бор. Бу эндигина динга муккасидан кетган одамлар бўлиб, ўшалардан кўп радикаллар чиқади.

Мустақил фикр энг катта иммунитет. Агар жамиятда мустақил фикр бўлмаса ўша ерда радикаллашув кучаяди. Биргина қатағон даврини эслайлик. Мустақил фикри бор жамиятнинг устози бўлган  60-70 фоиз дунёқараши кенг одамлар қатағон қилинган. 

Мусулмон одам ҳажга боради, номозини ўқийди, секуляр давлат тарафдори, толибон тарафдори бўлмайди. Динни сиёсатлаштириш ва ҳар бир воқеа-ҳодисага диний тус бериш мутаассиблик ҳисобланади. Шахсий ҳаётнинг дахлсизлигини тан олмаслик, ўзининг ҳаётини, дунёқарашини бошқаларга куч билан сингдириш, виждон эркинлигига дахл қилиш мана шу мутаассиблик. Масалан, Хитойда озчилик уйғурлар, Шимолий Корея, Комбоджадаги озчилик мусулмонларга бўлаётган хатти-ҳаракатлар ҳам радикаллашувнинг бир кўриниши. Ёки Ироқда радикал шиалар суннийларни камситишни бошлаган. Исломнинг ичидаги исломофобия, деймиз буни. Булар худди ўша йўлдан кетаяпти. Ҳеч қанақа муроса йўқ, бизга қўшилмаганлар исломофоб, деб ҳисоблашади.

Ҳуқуқий давлат ва демократия мана шу мутаассиблар томонидан рад этилади. Хўш, яна ким исломофоб ҳисобланади? Кимда ким мусулмонларнинг барчасини террорист деса, ҳижоб ўраганнинг барчаси ёмон деса у исломофоб ҳисобланади. Бизнинг жамиятда исломофия деган атама манипулиация учун ишлатилмоқда. Баъзи диний блогерлар уларнинг фикрига қўшилмаган одамни исломофобга чиқаришмоқда, гўё сен толибга қаршимисан, сен қорини фикрига қўшилмадингми, сен диний блогерга қаршимисан, демак исломофобсан – бу нотўғри қараш. Ўша толибларга қарши бўлаётганларнинг орасида беш вақт номозини ўқиётган, закотини бераётган мусулмон ҳам бўлиши мумкин. Уни қандай қилиб исломофоб дейиш мумкин. Бу диний мутаассибларикнинг кучайганидан далолат. Бу Сталин давридаги «халқ душмани» деган гапга ўхшаш ҳолат. Чунки ўша пайтлари ким Сталинга ёқмаса, совет даври ёқмаса ёки қарши чиқса «халқ душмани» деган ёрлиқ ёпиштирилган.

Ҳозир дин мутаассиблари асосий дирижёр бўлиб қолаяпти. Бунинг тагида манипулиация, спекуляция ётибди. Исломофобия бу — мутаассибларнинг жамиятни қолоқтиришга ҳаракат қилиши. Аслида ҳақиқий ислом — цивилизацияга, илм олишга қарши эмас. Мустаассиблар оппонентини қоралаш, «буллинг» қилиш орқали жамиятни бир неча бўлакка ажратаяпти, бу тоталитар психологияда ниқоб қилиб олинаяпти ўша исломофобия деган фикр, дин ниқоби остида тоталитар менталитет ҳукм сурмоқда. Тоталитар менталитетнинг ҳукм суриши, сен ва мен – жамият яхшилар ва ёмонларга бўлинади деган манипулиация.

Дилсора ФОЗИЛОВА

Дилсора ФОЗИЛОВА, социолог, Британ Колумбияси университети (Канада) профессори: 

– Уламолар диний йўлни танлаган бўлсалар, илм олимлари дунёвий илмни тарғиб қилганлар, жадидлар эса диний илмлардан кечмаган, диний илмларга таянган ҳолда Европадаги энг кучли ривожланган соҳаларни олиб келишни истаган, у таълим бўладими, сиёсат бўладими халққа керакли нарсаларга олиб келишни истаган.

Жадидлар ўртадаги йўлни танлай билганлар. Радикаллашув эса ўша олтин ўрталиқни билмайди. Радикаллашув ўрганилиши керак бўлган жиҳатлардан биттаси. Сабаби жамиятда бўлаётган воқеалар баъзи қатламларнинг радикаллашишига сабаб бўлади.

Бир иллат бор ҳашамга берилиш – туғилган кун, тўй-ҳашамлар, уй-жой, охирги маркадаги машина. Ва буларга эришиш учун қайсидир йўл билан бўлса-да пул топиш. Жамиятдаги стандартларга етишиш иштиёқи кучлилиги учун айниқса ёшлар ҳар хил қинғир йўлларга кириб кетади.  Стандартларнинг баландлашиши қўлидан иш келмайдиган шахсларнинг камситилишига сабаб бўлади. Имконсизлик, қўрқув, кучсизлик ҳолати юзага келади. Кўпроқ пул топаман деса имкони йўқ, иш топай десая яхши иш йўқ, ўзини камситилгандай ҳис қилади. Ва охири ичида норозилик пайдо бўлади жамиятга нисбатан. Қўлига қурол берилса улар ҳар доим тополмаган қудратни ўзида ҳис қилади.

Ишсизлик, адолатсизлик, камбағаллик, жамиятдан қўрқув мана шу иллатларнинг борлиги радикалликни келтириб чиқаради. Америкадаям жуда юқори стандартлар қўйилган. Мана шу қатламга тушолмаётган одамлар бор. Жамиятларда юқори стандартларга етишолмаганларга эътибор қаратмаслик оқибатида радикаллашув содир бўлади.

Кўпинча репрессия керакдир дейишади, йўқ репрессия керак эмас, одамларнинг муаммоларига эътибор қаратиш лозим. Радикаллашишни пасайтириш учун репрессияни кучайтириш керак эмас.  Секуляр жамиятда диний қарашларига қараб камситиш умуман мумкин эмас. Бир-бирини «муртад», «кофир» ёки мўътадил мусулмонни «террорист» деб ҳақорат қилаётганлар учун жиноий жазо жорий этиш керак. Акс ҳолда жамият радикаллашиб боради!

Дин эркинлиги деганда юзлаб, минглаб масжидлар қуришни, минглаб одамларни ҳажга юборишнигина эмас, ҳамма мавжуд динларга шуниндек, исломнинг ҳамма йўналишларига ва шу билан бирга виждон эркинлигига бирдай толерант жамият яратишни тушунишимиз керак.

Хўш бу ҳақда қонунларимиз нима дейди?  

Виждон эркинлиги ҳуқуқи нима?

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг