Қозоғистон динлараро мулоқотни кучайтиришни таклиф этмоқда
Қозоғистон динлар ва тамаддунлар ўртасида мулоқот ташаббусларини қўллаб-қуввватлашни ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши деб билади. Бу ҳақда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Остонада ўтган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибиятининг XXI мажлиси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидланган.
«Геосиёсий танглик кучайиб, фундаментал таҳдидлар авж олаётган шароитда ахлоқ, эзгулик, инсонийлик каби қадриятларнинг аҳамияти ортмоқда. Шу билан бирга, янги халқаро хавфсизлик тизимини шакллантириш масаласига кун тартибига чиқмоқда. Бунинг учун тинчлик ва барқарорлик тарафдорларининг глобал миқёсдаги бирлиги талаб этилади. Бу хайрли ишда диний етакчилар муҳим роль ўйнаши мумкин», – дейди Қозоғистон раҳбари.
Қайд этилишича, Қозоғистонда 20 йилдан буён ўтказилаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи тамаддунлар мулоқотининг муҳим майдонига айланди.
«Қурултой динлараро тинчлик ва муросани мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва ўзаро кўмак ғояларини ёйиш ҳамда долзарб глобал муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшяпти. Машварат доирасида сайёрамиз диний етакчилари мунтазам учрашиб, курраи арз аҳлини ташвишга солаётган оғриқли масалаларни муҳокама қилмоқда», – дейди Қ.Тўқаев.
Қозоғистон сенати раиси Маулен Ашимбаев раислигида ўтган анжуманда 23 мамлакат вакиллари, ислом, насронийлик, яҳудийлик, синтоизм, буддавийлик, ҳиндуизм ва бошқа эътиқод намояндалари қатнашди.
Машваратда 2023–2033 йилларда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини такомиллаштириш концепцияси маъқулланди.
Тадбир якунида қабул қилинган коммюникеда расмий Остона таклиф этаётган тинчлик йўлида янги глобал ҳаракат тузиш ғояси қўллаб-қувватланган.
Қозоғистон 2003 йилдан буён Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини ўтказиб келади. Машваратдан кўзланган мақсад динлараро мулоқот анъаналарини мустаҳкамлаш, диний жамоалар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳурматни чуқурлаштиришдан иборатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter