Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон жаҳон динлари етакчиларининг машваратига мезбонлик қилади

Қозоғистон жаҳон динлари етакчиларининг машваратига мезбонлик қилади

Жорий йил 14-15 сентябр кунлари Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойи бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қурултойда ислом, насронийлик, яҳудийлик, синтоизм, буддавийлик, зардуштийлик, ҳиндуизм вакиллари иштирок этади. «Постпандемия даврида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг инсоният руҳий ва ижтимоий тараққиётидаги ўрни» деб номланган машваратда, шунингдек, етакчи диний ташкилотлар ва давлатлар вакилларидан иборат делегациялар қатнашади. Рим папаси Франциск бевосита қатнашиши, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллаши кутилмоқда.

Тадбир давомида динларнинг замонавий дунёда маънавий қадриятларни мустаҳкамлашдаги ўрни, ўзаро ҳурмат асосида яшаш, адолат ва тинчликни таъминлашда таълим ва диний маърифатнинг роли, диний экстремизм ва радикализмга қарши курашда диний етакчилар ва сиёсатчиларнинг ҳиссаси, хотин-қизларнинг ижтимоий мақомини қўллаб-қувватлашда диний ҳамжамиятнинг роли каби мавзуларда муҳокамалар ўтади.

Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи илк бор 2003 йилда ўтказилган. Ўшанда буён қурултой Қозоғистон раҳбарияти ташаббуси билан динлараро ва конфессиялараро мулоқот анъаналарини мустаҳкамлаш, диний жамоалар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳурматни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилиб келади. Бунга қадар Қозоғистон 2006, 2009, 2012, 2015, 2018 йилларда қурултойга мезбонлик қилган.

Тадбирга БМТ, БМТ цивилизациялар алянси, ЮНЕСКО, Жаҳон ислом лигаси, Муқаддас Эжидио жамоаси, МДҲнинг Динлараро кенгаши, «Тинчлик учун дунё» конференцияси, Черковларнинг бутунжаҳон кенгаши, Динлараро мулоқот бўйича Доҳа халқаро маркази ва бошқа тузилмалар катта қизиқиш билдирган.

БМТ раҳбарияти ҳам жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойи цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини эътироф этган.

Кузатувчиларга кўра, қурултой нафақат турли диний қарашлар ва маданий жиҳатларни баҳам кўрадиган одамлар, балки йиллар давомида бир-бирига қарама-қарши бўлган давлатларнинг фуқаролари учрашадиган ноёб мулоқот майдонига айланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг