«Конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди» — Акмал Саидов
Бугун «Инсон қадри» онлайн платформаси ва «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўплами тақдимотига бағишланган халқаро тадбир ташкил этилди.
Тараққиёт стратегияси маркази томонидан ўтказилган тадбирда Акмал Саидов конституциявий ўзгаришлар жаҳон билан ҳамнафас эканини таъкидлади. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар бермоқда.
«Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»ни жуда яхши ўрганганман. Унинг биринчи жумласида айтиладики: «Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди», деб. Мен шуни сал бошқача қилиб айтардим, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди. Бугун дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида конституциявий ислаҳотлар кетмоқда. Мамлакатимиз конституциясини янада демократлаштириш муҳтарам президентимизнинг сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан илгари сурилган эди», — деди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари.
Шунингдек, Саидов тараққиёт стратегияси деган ном бежиз танланмагани, бу ном аввало мазкур Тараққиёт стратегияси 2017 йил февралида тасдиқланган ва кейинги беш йил ичида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг янги босқичдаги мантиқий давоми эканини англатишини ҳам таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақидаги ташаббус билан чиққанди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter