Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Конституцияга зид». Блогерлар мактаб дарслиги пулли бўлишига эътироз билдирмоқда

«Конституцияга зид». Блогерлар мактаб дарслиги пулли бўлишига эътироз билдирмоқда

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда 2025-2026 ўқув йилидан дарсликлар ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизими қайта йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклиф этган бюджет лойиҳасида бир бола учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами ўртача 450-500 минг сўмга тушиши, эндиликда ушбу сумманинг 80 минг сўми (таннархнинг 16-18 фоизи) ота-оналар томонидан тўланиши кўзда тутилган.

2022 йилда жамоатчилик эътирозидан кейин дарслик ижара тўлови бекор қилинганди. Блогерлар, жамоат фаоллари яна уни қайта тиклаш режасига қарши чиқмоқда.

«Буни қандай тушунмоқ керак: ўзи кўп йиллар давомида Конституцияга зид равишда ота-оналардан дарсликлар ижараси учун пул олиниб, охири бу тўхтатилганди. Яъни Конституцияга амал қилиш бошланган эди.  Энди яна янги Конституцияга зид ҳаракатларни давом этадими? Ёки Президент топшириғи хато бўлганмидики, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Президент иродасини синдиришга уринса?

Агар бюджетни тўлдириш истаги бўлса, нима учун отнинг калласидек имтиёз берилган монополист ва ер ости бойликларини олиб, истаганча сотаётган гуруҳларга берилган солиқ имтиёзлари бекор қилинмаяпти?»деб ёзди собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев.

«Конституциясига «бу – ижтимоий давлат» деб ёзиб олган мамлакат мактаб ўқувчиларига берилаётган дарсликлар учун пул сўрашда  уялиши керак. Ҳеч бўлмаса шу – «ижтимоий давлат» деган ёзув учун ҳам уялиши керак. Бу ёзув ёзилганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ, уни «ўтган замондаги ёмонлар ёзиб кетган» деб бировга тўнкашга ҳам асос йўқ.

Давлат пул иқтисод қилиш ва орттириш учун мактабдан бошқа соҳани тополмаётган бўлса, ҳай, ишни бирдан ўқувчиларга дарслик солиғи солишдан эмас, шу дарсликларни чиқараётганларнинг ишини тафтиш қилишдан бошлагани маъқул (эҳтимол, дарсликлар аслида бунчалик қимматга тушмас. Ва Америка кашф қилишни тўхтатиб, бу соҳада ҳам нормал дунё қилаётган ишни қилган, нормал дунё юраётган йўлдан юрган маъқул», – деб ёзди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

https://t.me/muhrim/2777

Иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика тизимига триллионлаб субсидиялар ажратилаётган бир пайтда «бюджет маблағларини тежаш мақсадида» деган афсонага ишониш қийин деб ҳисоблайди.

«Дарсликлар ижараси билан ҳам худди шундай. Ижара тўловлари бюджет маблағларини тежаш учун эмас, бу маблағларни бошқа каналлар орқали совуриш учун тикланмоқда. Бу бюджет маъно мазмуни бўйича инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, тенг имкониятлар яратиш, инсон сифатини яхшилашга хизмат қилмайди. Афсуски, биз учун бюджетни муҳокама қиладиган, самарали бюджет учун тортишадиган парламентимиз йўқ», – дейди О.Бакиров.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов фикрича, асосий муаммо дарсликларни янгилаш учун бюджетдан яна 1,3 млрд сўм ажратилиши ёки дарслик ижараси учун қайта тўлов жорий қилинишида эмас.

«Ягона дарслик» тизимидан воз кечилиши керак. Аниқ ўқув дастурлари эълон қилиниши керак ва шу дастурга мос ҳар қандай дарслик яшашга ҳақли бўлиши керак. Дарсликларни нашриётлар ўз ҳисобидан яратиши, мактаблар ва ўқитувчилар дарсликларни танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, вазирлик эса айнан ўқитувчилар танлаган дарсликларни мактаб кутубхоналарига олиб бериши керак. Нашриётлар эса ўз дарсликларини эркин савдога чиқара олиши, ота-она истаса, фарзандига дарсликларни сотиб олиб бера олиши керак. Бутун нормал дунё шундай қилади.

Тўғри, бундай тизимда кимлардир нималардандир қуруқ қолиши мумкин, лекин охир-оқибат дарсликлар сифати таъминланади ва улар арзонроққа ҳам тушади. Ва асосийси, миллионлаб болалар хатоларга тўла дарсликлар асосида ўқишга мажбур қилинмайди», – дея таклиф берган К.Жалилов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг