2017-2024 йилларда Ўзбекистон олий таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижаси таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017–2024 йилларда Ўзбекистонда олий таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасини таҳлил қилди.
2017/2018 ўқув йилида олий таълим муассасалари (ОТМ) сони 72 тани ташкил этган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида уларнинг сони 219 тага етган (ўсиш — 304 фоиз). Бу даврда хорижий олий таълим муассасалари сони қарийб 4,5 баробарга ошиб, 31 тага етди.
Маълумот учун: 2024 йил ҳолатига кўра, Қозоғистонда 113 та, Қирғизистонда 61 та, Тожикистонда 27 та, Туркманистонда 23 та олий таълим муассасаси фаолият юритган.
2025 йилда Ўзбекистондаги 23 та олий таълим муассасаси QS (Quacquarelli Symonds) халқаро рейтингининг Марказий Осиёдаги топ университетлар рўйхатидан ўрин олди.
Times Higher Education (THE) Impact Rankings натижаларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистондаги 53 та (Қозоғистондаги 26 та) олий таълим муассасаси ушбу глобал рейтингга киритилди ва улардан 7 таси (Қозоғистондаги 3 та) «Топ-1000» та олий таълим муассасаси рейтингидан жой олган.
Маълумот учун: Times Higher Education (THE) Impact Rankings — БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишга университетлар қандай таъсир кўрсатишини баҳолайдиган халқаро рейтинг.
2024/2025 ўқув йили бошида 18-23 ёш оралиғидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш кўрсаткичи 47,7 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 8,3 фоизни ташкил этганди.
2024 йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 12,5 минг кишини ташкил қилди ва 2017/2018 ўқув йилидагига (1,3 минг нафар) нисбатан 9,6 баробар ошди. Мамлакатлар кесимида хорижлик талабаларнинг аксариятини Ҳиндистон (6 502 нафар), Туркманистон (1 430), Покистон (1 250), Россия (732) фуқаролари ташкил этади.
2024 йилда талабалар учун 27,3 минг ўринли тураржой барпо этилди. Шунингдек, талабалар тураржойига жойлашиш тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Энди талабалар ўз яшаш жойини масофадан туриб онлайн банд қилиши мумкин.
ОТМдаги ўқитувчилар сони 2017/2018 ўқув йилида 25,1 минг нафарни ташкил қилган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида 45,4 минг нафарга етди. Бунда профессор ўқитувчилар улуши 1 078 нафардан 2 074 нафарга, доцентлар улуши 4 091 нафардан 7 108 нафарга ошган.
2024 йилда Ўзбекистондаги 7 та олий таълим муассасасининг 39 та таълим дастури халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтказилди. Халқаро аккредитацияга эга дипломлар бошқа мамлакатларда ҳам тан олинади. 2025 йилда халқаро аккредитациядан ўтган дастурлар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сонли фармонига мувофиқ, давлат ОТМ магистратурасида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўлови давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Бу мақсад учун ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 2022 йил 18 июлдаги ПҚ–323-сонли қарор асосида, олий ва профессионал таълимда таҳсил олаётган хотин-қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитини ажратиш тартиби жорий этилди ва ушбу тизим 2024 йил 27 майдаги ПФ–82-сонли фармон билан такомиллаштирилди.
Таълим тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон-2030» стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган.
Жумладан:
- Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш;
- 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш;
- «Топ-500»га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш;
- Қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар тураржойини қуриш;
- 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли «Топ-1000» та олий таълим ташкилоти рейтингига киритиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter