Катта сиёсатчининг «кичик уйи»га саёҳат — Ангела Меркел (фото)
Дунёнинг энг катта таъсир кучига эга аёллари рўйхатини сўнгги ўн йилликларда ҳеч ким Ангела Меркелчалик кўп бошқармаган. Ўн олти йилдирки, ҳеч бир сиёсатчи эркакка Германиядек қудратли давлат ҳукумати жиловини бу нозик қўллардан олиш насиб этмади.
Унча кўзга ташланмайдиган, юзларига упа-элик бегона, одмигина кийинадиган Меркел хоним. Кейинчалик айни шу камтарлик унинг «ташриф қоғози»га айланди. Катта сиёсатчи, маоши зўр, бироқ оддий квартирада яшаб, бозорни ўзи қиладиган ҳақиқий немис аёли.
Олтинчи уй
Ангела Меркел ишхонасига яқин жойда — Купферграбен кўчасидаги беш қаватли 6-уйдаги квартирасида яшайди. Деразасидан пастга қаралса, Шпрее дарёси кўзга ташланади.
Купферграбен — Берлиндаги оддий кўчалардан бири. Бу кўчадан ҳам тинмай трамвайлар ўтиб туради. Дарвоқе, бу хизмат квартираси эмас, немис ҳукуматини бошқаришга келишидан аввал Меркел хоним шу уйга кўчиб кирган.
Ангела Меркелдан олдинги канцлер Герхард Шрёдер ҳукумат ажратган 200 квадрат метрли кенг ва шинам хонадонда яйраб ишлаган. Меркел эса Берлиндаги эски уйидан ишга қатнаётганини эшитиб, тўғриси, немисларнинг унга бўлган ҳайрат, ҳурмат, ишончи каррасига ошиб кетди.
Меркелнинг уйи олдида полиция патруллари тинмай навбатчилик қилади. Бироқ канцлер яшайдиган уй олди ҳеч қачон тўсиқлар билан ўраб олинмаган, Купферграбен кўчаси бирон марта бекитилмаган. Уй подъездига келиб, қўнғироқ қилмоқчи бўлганларнинг кўзи профессор Йоахим Зауернинг номи ёзилган лавҳага тушиши мумкин — канцлернинг турмуш ўртоғи.
Уйни суратга олиш, хавфсизликни кўзда тутиб, тақиқланган. Бир неча йиллар аввал канцлернинг уйи фасадини «Google Street View»да бежаб қўйишни таклиф қилишганида рад қилганди: «Нега энди? Қаерда яшашимни шундоқ ҳам ҳамма билса».
Қум рангли, дераза ромлари ёғочдан ишланган уйнинг тўртинчи қаватида Меркел хоним турмуш ўртоғи билан яшайди. Ён-атрофида ресторанлар, сувенир дўконлари, супермаркет бор. Маҳаллий журналистлар ва блогерлар Меркел ва эрининг бошқа кўчмас мулкларини ҳам қидириб, роса овора бўлишган. Шунча пуллари бўлсаю оддий квартирада яшашса, мантиқ қани?..
Германия ОАВлари ёзишича, Меркел йилига 300 минг евро ишлайди.
Охири топишди, сиёсатчининг дачаси бор экан.
Берлиндан 100 чақирим олисда, Темплин шаҳрига яқинроқдаги оддий қишлоқ уйи. Яқин-атрофида на бир ошхона, на бир дўкон бор. Эр-хотин дам олиш кунлари бориб туришаркан: чиройли табиатни томоша қилиш, тоза ҳавода сайр қилиш, ўрмон кезиш, кўлда чўмилиш учун.
Меҳмон-пеҳмон келиб қолса, Меркел хоним ўз полизида етиштирилган сабзавотлардан қилинган овқатлар билан сийлашни хуш кўради. Таниш-билишлари бир сирни очишди: айниқса, олмали пироги ва картошкали шўрваси бошқача.
Эски одатлар ва янги давр
Канцлер хоним бозор-ўчарни ўзи қилишини айтдик, аммо ён-атрофида доим тансоқчилар ҳушёр туришади. Интернет Меркелнинг супермаркетдаги фотолари билан тўлиб кетган. Қизиғи, худди бошқа тежамкор немислар каби канцлер ҳам дўконга ўз сумкаси билан боради.
Ангела Меркел шарқий Германия (ГДР) туғилиб вояга етган. Шунинг учун кейинчалик янгича ҳаёт тарзига кўникиши осон кечмаганига ўзи ҳам иқрор бўлган.
Эр-хотин ҳашаматли курортлар ўрнига тоғлар бағрида жойлашган оддийроқ отелларни танлашади. Масалан, Жанубий Тиролдаги ярим пансион тоифали меҳмонхонанинг икки хоналисида бир кеча қолиш — 200 евро. Хонанинг деразасидан энг баланд Ортлер тоғи кўриниб туради, сауна ва бассейнлар меҳмонлар хизматида.
Меркел хоним дам олишга одатда тарихий китобларини олиб кетади — папарацилар унинг балконда китоб ўқиб ўтирганини кўп суратга олишган. Машҳурларни овловчилар учун бундан ортиқ жазо бўлмаса керак...
Ангела Меркел қойилмақом ғоялари, эсда қоларли имижи билан ҳеч қачон ҳеч кимни лол қолдирмаган. Нотиқлиги ҳам ўртамиёна. Немислар нима учун ёқтиришади? Ҳамма минадиган «Volkswagen Golf»да юради, шаҳар ташқарисидаги томорқасида экин-тикин қилади, қўли ширин — хуллас, оддий немис аёли. Бир неча марта пазандалик кўрсатувларига бориб, севимли овқатларини қандай тайёрлашини кўрсатиб берганидан кейин кўплар унга «онажон» деб ном қўйиб олишган.
Баъзи бировларнинг фикрича, Ангелага лидерлик сифати етишмайди, кўнгилчан, кўзга ташланмас, ҳар хил тузоқларга тушириш осон. Катта-катта ваъдалар бермайди, бироқ дебатлардан ўзини олиб қочмайди, саволларга тўғри жавобни айтиб қўяверади.
Аксарият кузатувчилар Меркелни қаттиққўллик етишмаслигида айблашади, ҳатто немис тилида «merkeln» (меркеллаш) феъли ҳам пайдо бўлган, буни «қатъиятсиз бўлмоқ» деб таржима қилиш мумкин.
Аммо... немис халқининг ўзи Меркелни айнан самарали бошқарувчилиги, ҳар қандай вазиятдан олиб чиқиб кета оладиган раҳбар сифатида ҳурмат қилади.
Оила бошлиғи
Канцлер кўпчилик инсонлар каби шахсий ҳаётини очиқлашни истамайди. Шуниси маълумки, биринчи марта университетда ўқиб юрганида турмушга чиққан. Беш йил давом этган никоҳдан ҳозирги фамилияси қолган. Олдинги турмуши ва ҳозиргисидан фарзанд кўрмаган.
Ангела иккинчи турмуш ўртоғи Йоахим Зауэр билан ГДР Фанлар академиясида 80-йилларда танишган. Меркел сиёсат оламида қанчалик машҳур бўлса, Зауэр фан оламида ундан кам бўлмаган нуфузга эга дунёга таниқли тадқиқотчи олим. Оила билан борди-келдиси бор инсонлар шоҳидлик беришича, бу оилада кўпроқ Йоахимнинг сўзлари тош босади.
Гумболдт номидаги Берлин университети профессори, квант кимёси бўйича мутахассис, профессор Зауэр чинакам олимлигининг бир исботи — доим кўздан нарида бўлишга уринади. Ҳатто рафиқасининг биронта инаугурациясида кўриниш бермаган. Фақат маданий тадбирларга бирга бориб туради.
2021 йил 26 сентябрь куни ўтказиладиган сайловлардан сўнг Германиянинг янги канцлери иш бошлайди. Ангела Меркел нафақат мамлакатдаги энг катта лавозимдан, балки сиёсатдан буткул кетишини аллақачон эълон қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter