Журналистга Самарқандда ўлдириш билан таҳдид қилинди
Россияга кетиш истагидаги ўнлаб меҳнат мигрантларига авиачипталар сезиларли даражада қиммат нархда сотилган. Масалани ўрганаётган Kun.uz мухбирига Самарқанд шаҳрида таҳдид қилингани айтилмоқда.
Қайд этилишича, айни вақтда Россиядаги «Пик Индустрия», «Технострой» каби қурилиш ташкилотлари орқали Россияга ишлашга борган ватандошлар дуч келган муаммолар таҳририят томонидан ўрганилмоқда.
Ўрганишлар чоғида, меҳнат мигрантларига авиачипталар 4,5 млн сўмдан сотилгани, чипталарни Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 47-уйда жойлашган, «Пик Индустрия», «Технострой» каби ташкилотларнинг шартнома асосида Ўзбекистондаги ишончли вакили ҳисобланган «Панорама болалар уйи» МЧЖ сотгани ҳақида маълумотлар тўпланган.
Шу боис, сайтнинг ушбу шаҳардаги ҳудудий офиси ходими Анвар Мустафоқулов шу йил 19 март куни мавжуд маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида айрим саволлар билан фирма идорасига борган.
Аммо, мухбир у ерда фирманинг масъул ходимлари бўлиши мумкинлиги эҳтимол тутилаётган шахсларнинг таҳдидига учраган.
Мухбирнинг айтишича, дастлаб, ундан телефонни ўчириб туришни, вазият бўйича гаплашиб олишларини билдиришган, сўнгра турли ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилишган ва куч ишлатишга уринишлар бўлган. Вазият жиддийлиги ойдинлашгач, мухбир у ердан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.
Журналист унга бўлган таҳдид юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБга ариза киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter