Самарқандда Ислом дунёси маданият вазирлари йиғилди

2025 йилда «Ислом дунёси маданият пойтахти» деб эълон қилинган Самарқанд шаҳри 26-27 май кунлари ушбу мақом доирасидаги тадбирларга мезбонлик қилади.
Айни дамда «Боқий шаҳар»да «Самарқанд шаҳри – 2025 йил Ислом дунёси маданий пойтахти» тадбирлари доирасида «Ислом дунёси маданий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва бирдамлик» форуми бўлиб ўтмоқда.
– Ислом маданиятининг улуғвор мероси – бу хаттотлик, мусиқа ва шеърият каби санъат ва фанларнинг нурли уйғунлиги бўлиб, у нафақат ўтмишимизни ёритади, балки инсониятнинг маънавий тараққиёти учун муҳим маёқ бўлиб хизмат қилади. Ушбу маданий бойликлар – авлодларни, халқларни ва минтақаларни ўзаро боғлаб, билим, ижодкорлик ва маънавият асосида барпо этилган ягона тараққиётнинг чинакам тимсолига айланмоқда, – деди ўз нутқида маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Бугун инсоният инсоний қадриятлар таназзулининг даҳшатли даврини бошдан кечирмоқда. Одамлар энг хавфли таҳдид – анти-маданият эпидемияси билан юзма-юз турибди. Бу жамиятни ичидан емираётган, инсон маънавияти ва маданиятига қарши йўналтирилган жиддий хавф деб ҳисоблайман. Ислом маданиятининг асрлар оша ўзгармай келаётган қадриятлари айнан шу фалокатли вазиятда инсониятни қутқариш учун ягона ишончли йўл. Ислом маданияти – бу шунчаки диний ақидалар тўплами эмас. Бу – инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ёритувчи юксак тафаккур ва одоб мактабидир. Таъкидламоқчиманки, айнан шу нуқтада ISESCO нинг аҳамияти ёрқин намоён бўлади.
Вазир нутқи давомида ISESCO билан ҳамкорликда номоддий-маданий мерос ва маданий туризм соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг маданият ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун грантлар ажратиш, келгуси йил юртимизда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» ва Мақом санъати анжуманини ташкил этиш таклифларини билдираркан, «ҳамкорликда Ўзбекистонда исломий санъат, каллиграфия, миниатюра, мусиқа ва театр санъатига оид қисқа муддатли курслар, таниқли олим ва профессорлар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ», деди.
Самарқанд азалдан инсоният тамаддуни, жумладан ислом маданияти ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу ерда яшаб ижод қилган буюк аждодларимизнинг илм-фан ва маданиятнинг кўплаб соҳалари тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини дунё тан олган.
Бу хақда Иордания маданият вазири Мостафа Насер Мостафа Алравашдех шундай деди:
– Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий сингари беназир алломаларнинг муборак номлари бутун дунёга машҳур ва уларнинг меросини ўрганишга эътибор кучайди.
Бугун 2025 йил Ислом маданияти маркази деб тан олинган бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар бетакрор тарихий ёдгорликлари машҳур. У нафақат сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ, балки исломий меросга бой шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳарни бежизга машҳур араб сайёҳи ёқут шаҳар ёки соф ва бағри кенг одамлар юрти деб атамаган. Ислом маданиятининг кенг қулоч ёйиши ва ислом қадриятларининг сақланиши, бутун дунё мусулмонларини бу йўлда бирдамликка чорлайди. Чунки маданиятнинг, маърифатнинг бошланиши ислом оламидан бошланган.
Тадбир доирасида Туркий халқлар маданияти ва мероси фонди жамғарма президенти, Турксой ташкилоти, Татаристон, Маракко, Ироқ, Буюк Британия, Россия, БАА, Озарбайжон, Гамбия каби давлатлардан келган маданият соҳаси вакиллари бу конференция илм-фан, маърифат, маданий мерос, ислом қадрини яна бир бор англатишини алоҳида таъкиладилар.
Бугунги халқаро анжуман доирасида маданий меросни ўрганиш, ислом тамаддунига давлат даражасида катта эътибор берилаётганига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчимиз. Хусусан, Ислом академияси ҳузурида ISESCO нинг махсус кафедраси ташкил этилди. Шунингдек, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти сингари муассасаларнинг фаолияти йўлга қўйилгани нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter