Германия кўмагида иқлим ўзгаришларига доир йирик лойиҳа амалга оширила бошлади
Ўзбекистонда Германия кўмагида иқлим ўзгариши соҳасида янги минтақавий лойиҳа амалга оширила бошлади. Шу муносабат билан Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида битим имзоланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Марказий Осиёда иқлим ўзгариши хавфларини бошқариш лойиҳаси 2022-2026 йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган. 10 миллион евролик лойиҳа Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилади.
Лойиҳа экология қўмитаси ҳамда иқлим ўзгариши соҳасидаги давлат идоралари мутахассислари учун кадрлар салоҳиятини институционал ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари билан иқлим муаммолари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Айни пайтда «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш Ўзбекистон учун ҳам устувор мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада эса иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш талаб этилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, янги лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг «Яшил Марказий Осиё» минтақавий дастури доирасида ишлаб чиқилган.
Кейинги йилларда бутун дунё, жумладан, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришлари хатари тобора кучайиб бормоқда. Бу эса ташқи сиёсат борасида ҳам ёндашувларни ўзгартириш, биргаликда сиёсий ечим излашни кун тартибига чиқармоқда. Расмий Берлин Марказий Осиё билан бошқа соҳалар қатори трансчегаравий сувларни бошқариш, иқлим ўзгаришлари хатарини камайтириш, атроф-муҳим муҳофазаси йўналишларида ҳам ҳамкорликни фаоллаштирмоқда. Жумладан, Германия ташқи ишлар вазирлиги шафелигида амалга татбиқ этилаётган «Яшил Марказий Осиё» лойиҳаси иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, минтақавий мулоқотни фаоллаштиришга қаратилган.
2020 йил январь ойида «Яшил Марказий Осиё» доирасида Берлин шаҳрида минтақа вазирлари иштирокида таъсис анжумани ўтказилган. Унда томонлар иқлим, атроф-муҳит ва сув манбалари барқарорлиги бўйича сиёсий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Орол денгизи ҳудудида иқтисодий ва экологик тараққиётга доир лойиҳани ҳам амалга татбиқ этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter