«Бухоро нефтбазаси» харидорлардан асоссиз пул ундиргани аниқланди
«Бухоро нефтбазаси» МЧЖ томонидан юклаб жўнатиш харажати учун харидорлардан қўшимча ҳақ ундирилганлиги ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолатлар бўйича бошқарма нефть маҳсулотларини сақлаш (қуйиш, тўкиш юклаб жўнатиш) бўйича истеъмолчилардан тўлов ундирганлик ёки ҳисобланган ҳолатларни қайта кўриб чиқиб, аниқланган асоссиз ундирилган (ҳисобланган) тўловларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот тақдим қилишни сўраб, «Бухоро нефтбазаси» МЧЖга мурожаат қилган.
Расмий хат орқали «Бухоро нефтбазаси» МЧЖ истеъмолчилардан нефть маҳсулотларини масъул сақлаш бўйича ортиқча тўлов ундирилмаганлигини, аксинча истеъмолчилар билан алоҳида шартнома тузган ҳолда етказиб бериш бўйича харажатлар ундирилганлигини маълум қилган.
Олинган маълумотларни асосли эканлигини аниқлаш мақсадида, бошқармага келиб тушган мурожаатлар ҳамда тегишли ташкилотлардан олинган сўров маълумотлар ўрганилиб, иш жараёнида қуйдагилар аниқланган: «Бухоро нефтбазаси» МЧЖ томонидан 6 та харидорлардан нефть маҳсулотларини юклаб жўнатишда жами 62,1 млн.сўмлик асоссиз қўшимча ҳақ ундирган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида кўрсатилган қонунбузарлик содир қилинган деб топилиб, «Бухоро нефтбазаси» МЧЖга нисбатан бошқарма махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди ва махсус комиссия ваколат доирасида 07.09.2020 йилда кўрсатма берилди.
Кўрсатма талабларига мувофиқ, «Бухоро нефтбазаси» МЧЖ томонидан нефть маҳсулотларини юклаб жўнатиш бўйича асоссиз ундирилган 62,1 млн. сўмлик тўловлар харидорларга ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter