Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Истеъмолчи сифатида ҳуқуқим бузилди, қаерга мурожаат қилай?» (видео)

«Xabar.uz» меҳмони — Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бош мутахассиси Саид Бобурхон Жўраев истеъмолчи ҳуқуқлари бузилишига ноқонуний реклама қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вазифалари нималардан иборат?

– Агентлигимиз 2019 йил 11 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан тегишли фармонга асосан ташкил топган. Вазифамиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солишдан иборат.

Агентлик 17 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг поймол бўлган ҳуқуқлари бўйича мурожаатларини кўриб чиқди, 80 фоиз мурожаат ижобий ҳал бўлди. 16 млрд. сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчиларга қайтарилди.

Истеъмолчилар сизларга қай тартибда мурожаат қилишади?

– Агентлигимизнинг 1159 қисқа рақами бор. Барча ҳудудлардан мурожаат қолдирса бўлади. Ҳозирги кунда оммалашиб бораётган ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаат қилишади. Телеграмда, инстаграм, фейсбукда расмий профилларимиз мавжуд, телеграм-бот орқали мутахассислар билан боғланиш имконияти бор. Сonsumer.gov.uz веб-сайтимиз орқали барча маълумотларни олиш ва мурожаат қилиш имконияти яратилган.

«Реклама тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан кутилаётган натижалар, умуман, шу қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қандай эҳтиёж бўлганди?

– Рекламанинг айланиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, шу жумладан, истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш, реклама бозори иштирокчиларига учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 7 июнида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва 9 сентябрда кучга кирди. Реклама бозори тез ривожланадиган бозорлардан ҳисобланади. Аввалги реклама тўғрисидаги қонунда кўп тушунчалар йўқлиги, ваколатли органларнинг ваколатлари кераклича ёритилмагани, реклама берувчи ва тарқатувчиларнинг ҳуқуқлари белгиланмагани боис янги қонун қабул қилишга эҳтиёж туғдирди. Янги қонунда шу камчиликлар бартараф этилди. Асосий ўзгаришлардан биттаси реклама энди фақат давлат тилида берилади. Тадбиркор эҳтиёжига кўра, бошқа тилларда маълум шартлар асосида таржимаси берилиши мумкин.

– Кейинги вақтларда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган дори воситалари рекламаларида уларнинг арзон, қулай нархда эканлигига урғу берилиб, таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари жалб қилинаётганига гувоҳ бўлаётгандик. Қолаверса, шахсларнинг доридан аҳволи буткул яхшилангани бўйича миннатдорлик ва эътирофларидан фойдаланиш ҳолатлари видео, аудио ҳамда фотосуратлари билан берилиши кузатилаётганди. Дорилар рекламасининг бундай тарзда берилиши тўғрими? Уларни ким назорат қилади?

– Албатта, халқимиз бундай рекламаларга ишониб, шифокор маслаҳатисиз ҳам дори воситаларини харид қилавериши мумкин. Оқибатда баъзиларининг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатиш ўрнига зиён етказади. Бундан ташқари, харид қилган пулларига куйиб қолаётганлар ҳам бор.

Қонуннинг 34-35-моддаларида дори воситалари ва биологик қўшимчаларга маълум бир чекловлар ўрнатилган. Янги қонунга кўра, рекламалар биологик фаол қўшимчалар даволаш хусусиятига эга, деган тасаввур уйғотмаслиги керак. Бундан ташқари, учинчи шахсга миннатдорлик билдирмаслик керак. Ушбу маҳсулотлар дори эмаслиги, қўшимча, шунчаки биофаол маҳсулот эканлиги огоҳ қилиб ўтилиши керак. Дори воситалари реклама қилинганда эса энг самарали, энг хавфсиз деган ибораларни айтиш тақиқланди. Ва таниқли шахслардан фойдаланиш мумкин эмас. Агар шундай йўл тутилса, биз беморлар шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволашига йўл қўйиб берган бўламиз. Йўриқнома билан қабул қилинг, деган огоҳлантириш рекламада айтиб ўтилиши керак.

Қонун қабул қилингандан кейин дори воситалари рекламаси бўйича мурожаатлар тушдими?

– Биологик фаол қўшимчалар ҳақида саволлар тушди. Биологик қўшимчаларни сотиб олиб, сеҳрли таъсирини кўришмаганини айтишди. Шу боис тарғибот ишлари орқали қонуннинг моҳияти ва таҳрирлари тушунтирилмоқда, янги киритилган ўзгаришлар ҳақида тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Қонуннинг 7-моддасига кўра, нотўғри реклама орқали сотиб олинган товар маблағи тўлиқ қайтарилиши керак. Шу асосда агентлигимиз томонидан дори ва биологик фаол қўшимчалар рекламаси орқали жабр кўрганларга 70 млн. сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди.

Рекламаларда қонунда, хусусан тақиқланган тамаки, алкогол, гиёҳванд, наркотик, порнографик, қурол каби маҳсулотларни реклама қилганлик, нотўғри реклама берганлик, дори, энергетик ичимликлар ва бошқалар рекламасига қўйилган талабларни бузган юридик шахсларга қандай жавобгарлик белгиланган? Буларнинг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Агент ўрганишлари давомида 297 ҳолатда алкогол ва тамаки маҳсулотлари, 162 ҳолатда букмекерлик ва қимор ўйинлари рекламаси аниқланди. Реклама тўғрисидаги янги қонун билан молиявий санкциялар жорий этилган бўлиб, қонунчиликни бузганга тегишли молиявий санкцияларимиз бор, нотўғри реклама берганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бошқа ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда 50 дан ортиқ букмекерлик ва қиморга асосланган сайтларга кириш чекланди.

Қимор ўйинларининг ўзи ноқонуний, фақат рекламаси эмас. Ижтимоий тармоқдаги машҳур шахслар ушбу тақиқнинг мавжудигини билмаган ҳолда ўзларининг шахсий саҳифалари орқали ёритиб борган. Санъаткорлар ичида, машҳур шахслар билан бу ноқонуний эканлиги мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Агентлик расмий сайтида ҳам қимор ўйинлари ноқонуний эканлиги ҳақида доим огоҳлантирамиз.

Баъзан телевидение ва радио орқали берилаётган кўрсатув ва эшиттиришлар оралиғидаги реклама ва реклама ҳақидаги анонслар товуши меъёрдан баланд кўтарилиб кетаётгани истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат кекса ёшдагилар, кичик ёшдаги болажонларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Янги таҳрирдаги қонунда рекламалар товуши баландлигига меъёр белгиланганми?

– Реклама тўғрисидаги қонунда баланд овозли рекламалар бериш мумкин эмас. Махсус ваколатли ташкилот бор. Истеъмолчилардан эътироз келадиган бўлса ҳар бир телеканалга бириктирилган ходим кунлик реклама ҳажми, овоз баландлигини мониторинг қилиб боради. Экспертларнинг хулосасига кўра, рекламанинг овози кўтарилган бўлса, яъни реклама қонуни бузилган бўлса, махсус комиссия иш қўзғатади.

Бугунги кунда тижорат телеканалларида ўтказилаётган ютуқли телеўйинлар ҳақида олдиндан одамларни қизиқтирувчи рекламалари бериб борилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Телеўйинлар ўтказилади, унда бир қатор иштирокчилар ютуқ ва совринларга эга бўладилар, аммо соврин ва ютуқлар ўз вақтида берилмайди. Буни ижтимоий тармоқларда уларнинг қолдирган кўплаб мурожаатларидан билишимиз мумкин. Мазкур ҳолатда муаммоларга сабаб нима? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бу масалага қандай баҳо беради? Рағбатлантирувчи акция иштирокчиларидан тушган мурожаатлар борми, уларнинг ечими қандай?

– Агентлигимизга ютуқли ўйинлардан жуда кўп шикоятлар келмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, совринлар ютиб олингани ва совринлар белгиланган муддатда етказилмагани аниқланди. Қонунга ўзгартириш киритилмасдан олдин тадбиркор, айтайлик, ўз фаолиятини бошлаганда ҳали бренд бўлмаган товарни сотиб олишингиз учун 100 та уй ёки машина ваъда қилади. Энди янги таҳрирдаги қонунда тадбиркор ютуқли акция ўтказиши учун унда жамғарма борми-йўқми аниқланади. Яқинда шундай ютуқли ўйинларнинг бирида қонун бузилиши кузатилди ва барча акция ғолибларига совринларни белгиланган муддатда етказиб бериш бўйича кўрсатма берилди. Афсуски, ташкилот кўрсатмани бажармади — пулни тўлай олмади. Маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тегишли хат чиқарилди. Бундан ташқари, барча материаллар йиғилиб, фирибгарлик аломатлари мавжудлиги боис, Ички ишлар вазирлигига хат чиқарилди.

Маҳсулотни сотиб олишда ғолибликка қизиқмаслик тавсия қиламиз. Ғолиб бўлишдан олдин сифатига қарашсин. Ўша ташкилотнинг салоҳияти, жамғармаси борми, шуларга эътибор бериш керак. Агар бу масала бўйича изланиб топишолмаса, «акцияда қатнашмоқчиман, рекламасида шу соврин ваъда қилинган, жамғармасини текшириб берилишини сўрайман», дейилса, тегишли тартибда ўрганиб чиқилади. Йил якунига кўра, ютуқли акциялар бўйича ўрганиш ўтказилади. 2020 йил якуни бўйича агентлигимиз томонидан шундай ташкилотлар фаолияти ўрганилди ва 20 га яқин истеъмолчига совғалари етказиб берилди.

Бугунги кунда кўпчилик электрон тижоратдан фойдаланади. Маҳсулотлар харид қилишади, хизматларга буюртма беришади. Электрон тижоратда маҳсулот рекламаси қандай берилиши керак? Чунки маҳсулотни ушлаб кўришнинг имкони йўқ, таъмини таътиб кўриб бўлмаса.

– Мурожаат қилаётганлар жуда кўп. Қонунга мувофиқ, касса чекини олишларини сўрардик. Бу эртага бизга мурожаат қилишганида, шикоятларини кўриб чиқиш учун асос бўлади. Буларни тадбиркор деёлмаймиз, чунки буларда касса аппаратлари мавжуд эмас. Маҳсулот сифатсиз чиқса буни қайтариш ёки тасдиқлаш жуда қийин бўлади. Ушбу ташкилотнинг юридик манзили борми, сертификати борми, рўйхатдан ўтганми, шуларга эътибор бериш керак.

Сўнги вақтларда интернет ва ижтимой тармоқларда бизнес-тренинглар, тақдимотлар, маҳорат дарслари, мотивацион дарсларни реклама қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда ва бу туркумдаги тадбирлар бугунги кунда асосий муҳокама мавзусига айланмоқда.

– Бундай тренингларнинг фойдалилик ёки фойдасизлигини белгилаш имкони йўқ. Лекин тренинглар бўйича аниқ сизга фойда беради, ҳаётингиз тубдан ўзгаради, чўққиларга эришасиз, деган рекламалар мумкин эмас. Баъзи бизнес-тренинг семинарчиларининг у қадар билими юқори эмаслигини кўрамиз. Мутахассиснинг профессионаллигига қараш керак. Агар шундай ҳолат аниқланса, агентлигимиз томонидан реклама материаллари ўрганилади ва маблағи қайтарилади. Қонун талаблари, шуниндек, ўзларини реклама қилаётган психологларга ҳам тегишли.

Маданий мерос объектларига ташқи рекламаларнинг жойлаштирилганига кўзимиз тушади. Агентлик томонидан бундай рекламалар аниқланиб, чоралар кўрилганми?

– Нафақат агентлигимиз, балки Маданий мерос агентлиги, ҳокимият вакиллари ҳамкорликда барча маданий мерос объектлари хатловдан ўтказиб турилади. Жорий йилда 340 та ҳолат аниқланган, маданий мерос объектлари ва туташ бўлган ҳудудларда баннерлар, ташқи ёзувлар қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарорига мувофиқ, ташқи реклама жойлаштириш мумкин эмас. Реклама тўғрисидаги янги қонунда ҳам маданий мерос объектларига ташқи реклама жойлаштириш тақиқланган. Ҳудудий бошқармаларимиз томонидан мунтазам текширувлар олиб борилиб, бартараф этилган.

Мазкур суҳбатдан фойдаланган ҳолда хулоса ўрнида истеъмолчиларга қандай тавсияларни бериб ўтасиз.

– Аҳоли орасида агентлигимиз томонидан молиявий саводхонлик дарслари, истеъмолчилик маданияти юзасидан ўқув семинарлари ўтказилмоқда, ана шу тадбирлар доирасида биз ўзимиз ҳақимизда мунтазам маълумотлар бериб борамиз. Қолаверса, истеъмолчилар ҳуқуқлари қандай ва реклама тўғрисидаги қонун бўйича саволлар пайдо бўлса, бизнинг қисқа рақамимиз — 1159, ижтимоий тармоқдаги расмий профилларимизга ҳамда Сonsumer.gov.uz веб-сайтимиз орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг