Тез орада айрим маҳсулотларнинг нархи назоратга олиниши айтилмоқда
Тез кунда Ҳукуматнинг стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга товарларнинг нархларини назорат қилиш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилиниши кутилмоқда.
Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмита ушбу қарорнинг қабул қилинишига сўнгги кунларда Аи-80 маркали бензин нархининг ошгани ва бунга қарши ҳуқуқий таъсир чоралари етарлилиги кенг муҳокама қилинаётгани сабаб бўлганини айтмоқда.
Қайд этилишича, мазкур қарор лойиҳасига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси:
- 45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар (бензин, кўмир, металл, цемент ва ҳоказо);
- 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол маҳсулотлари (ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик ёғи ва ҳоказо) нархларининг асоссиз оширилмаслигини назорат қилади.
Мазкур вазифани бажариш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси:
- ушбу маҳсулотлар нархларининг ўзгариш динамикасини мониторинг қилади, уларнинг тебранишига таъсир этган омиллар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади;
- нархларнинг асоссиз ўсиши, келишиб қилинадиган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар ҳолатларини аниқлаш учун белгиланган тартибда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг биноларига бевосита киради ҳамда омбордаги мавжуд захираларини хатловдан ўтказади;
- хатловда аниқланган маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини савдога чиқариш, асоссиз оширилган нархларни пасайтириш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома ва кўрсатмалар киритади;
- тақдимнома ва кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаган тақдирда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
«Мазкур қарорнинг қабул қилиниши стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади», – деб ёзмоқда Аксилмонополия қўмитаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter