Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро: Авария ҳолатидаги боғча ўрнига янгиси қуриладиган бўлди

Бухоро: Авария ҳолатидаги боғча ўрнига янгиси қуриладиган бўлди

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилояти, Жондор туманидаги 25-МТМ биноси авария ҳолатига келиб қолгани ва шу аҳволда ҳам болаларни қабул қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

«Xabar.uz»нинг Бухородаги махсус мухбири Лайло Ҳайитова вазиятни ўрганди.

Жондор туманидаги 25-мактабгача таълим муассасаси жорий йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирларига асосан,  3 млрд. 375 млн. сўм маблағ эвазига 125 ўринга мўлжалланган замонавий кўринишда фаолият бошлайди. Бу ҳақда Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов маълум қилди.

Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги Жондор тумани 25-мактабгача таълим муассасаси аҳволи хусусида ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хабарлар кўпчилик эътиборини ўзига қаратди.

Жондор туманидаги «Ушод» маҳалла фуқаролар йиғини биноси 1952 йилда ҳашар йўли билан мактаб сифатида қурилган. 1998 йилдан бошлаб эса аҳолининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, ушбу бино 70 ўринга мўлжаллаб, мактабгача таълим муассасасига мослаштирилган. Муассаса биноси хабарларда кўрсатиб ўтилганидек, ҳақиқатан таъмирга муҳтож, деворларининг сувоқлари тўкилган. Иссиқ ва совуқ кунларда ҳам ташқи ҳожатхонадан фойдаланиб келишган. Шунингдек, электр энергияси ҳамда иссиқлик таъминотидан  ҳам муаммоларга дуч келишган.

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқлардаги чиқишлардан сўнггина мазкур мактабгача таълим муассасасида қисман таъмирлаш ишлари олиб борилган.

«Айни пайтда Жондор туман ҳокимлиги кўмагида ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Муассасада қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида электр энергияси узлуксизлиги таъминланиб,  қўшимча юқори босимли табиий газ қувури  тармоғи тортилди», — деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси қурилиш бўлими бош мутахассиси Раҳмат Акобиров.

Билдирилишича, муассаса биноси узоқ йиллардан буён шундай аҳволда. Ҳолатни ўрганиб, бажарилган ишларни кузатар эканмиз, туман ҳокимлиги шу ҳомийлик кўмагини илгарироқ амалга ошириши ҳам мумкин эди-ку, деган савол туғилади. 

«Тўғри, муассаса биноси ҳолати қониқарсиз, аммо унга маблағ ажратиб, мукаммал таъмирлаш фойдасиз бўлгани сабабли таъмирлаш учун йирик маблағ ажратилмаган. Яқинда тумандаги корхона-ташкилотларнинг беминнат кўмаги билан иситиш печлари белгиланган меъёрлар асосида қайта жиҳозланди. Муассаса ошхонаси қўшимча суюлтирилган газ баллони билан таъминланди. Болалар краватлари санитар – гигиена меъёрлари асосида жойлаштирилиб,  яроқсиз ҳолга келган хоналардаги пол қопламаси жорий таъмирланди. Бинонинг том қисми эса шифер қопламаси билан қопланган. Қиш мавсумида муаммолар юзага келмайди», — фикрини баён этди Жондор туман мактабгача таълим бўлими мудири Ибодулла Саъдуллаев.

Муассаса мудираси Венера Саидованинг билдиришича, қишлоқ ҳудудида 3-7 ёшли болалар сони 188 нафар, ота-оналар талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, 80 нафарга яқин бола тарбияланиб келинмоқда.

«Аксарият хоналар таъмирга муҳтож. Болалар ташқи ҳожатхонадан фойдаланиб келишади. Хоналарда краватларнинг етишмовчилиги ҳам бор гап. Бир неча бор маънан эскирган ҳолатдаги бинони йиқитиш мақсади кўзланган. Лекин арқоннинг иккинчи учи бор: қишлоқ ҳудудида бошқа боғча йўқ. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар аҳолининг, ота-оналарнинг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, бинодан фойдаланиб туришга тўғри келмоқда», — деди Венера Саидова. 

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ота-оналар билан суҳбатлашдик.

«Мен боламни шароит ва имконияти етарли бўлмаса-да, шу боғчага қўйишга мажбурман. Иккинчи фарзандим ҳам эрта-индин боғча ёшига етиб қолади. Уни ҳам навбатга ёздириб қўйганман. Ахир ҳар кун туман марказига қатнаш биз учун қийинчилик туғдиради», — деди боғча тарбияланувчиси Шаҳинбек Тўймуродовнинг онаси Ситора Шарипова.

«Фарзандим Жавлонбек Жумаев шу боғчада тарбияланади. Мен авария ҳолатида бўлса-да, боламни шу боғчага беришга мажбурман. Икки йилдан буён маҳаллада янги боғча тикланади, деган ваъдани эшитиб келаяпмиз. Лекин то янги муассаса биносини топширишмагунча, биз ота-оналар бинонинг йиқитилиши ёки боғча фаолиятининг тўхталишига қаршимиз», — дея фикрини билдирилади Маржона Раҳматова.

«Қизим Моҳинисо Баҳодирова икки йилдан буён мазкур 25-мактабгача таълим муассасасига қатнайди. Янги боғча шу йилнинг сентябрь ойида қуриб, фойдаланишга топширилади, дейишяпти. Шунга умид қилиб турибмиз. Аммо, янги боғча  тиклангунча, ушбу муассаса фаолияти тўхтатиладиган бўлса, айтинг-чи, биз боламизни қаерга қўямиз. Шундай-да ҳам маҳалламизда боласини боғчага жойлаштира олмай, навбат кутиб турган ота-оналар бир қанча», — дейди тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Шаҳноза Болтаева.

Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси қурилиш бўлими бош мутахассисининг билдиришича, вилоятда мавжуд 430 та мактабгача таълим муассасалари биноларининг 282 тасини жорий йилдан бошлаб, тегишли Давлат инвестиция, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида реконструкция қилиниши тўғрисида манзилли рўйхатлар шакллантирилган. 2018 йил давомида вилоят бўйича жами 388 та мактабгача таълим муассасаларининг 48 таси 126 млрд. 700 млн  сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилган. Шундан Жондор туманидаги жами 26 та МТМдан 5 тасида капитал таъмир ва реконструкция ишлари бажарилган.

Энди шу майдонда янги боғча қурилади. Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов мақолада кўрсатилган айрим ҳолатларга аниқлик киритар экан: «Ушбу бинода ҳар қанча таъмирлаш, созлаш  ишлари олиб борилишига қарамай, муаммоларини тўлиқ бартараф этиш жуда қийин. Устига-устак, катта маблағ талаб этади. Ваҳоланки, бино маънан эскирган. Бироқ, бу болалар хавфсизлигини таъминлашда салбий оқибат келтириб чиқаради, дегани эмас. 2019 йилда фақатгина Инвестиция дастури асосида вилоят бўйича жами 44 та муассаса биносида 141 млрд. 750 млн. сўмлик реконструкция ишлари бажарилиши белгиланган.  4 таси Жондордаги мактабгача таълим муассасаларига тегишли. Айнан 25-мактабгача таълим муассасаси ҳам 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги»  ПҚ 4067-сонли қарорига кўра, 3 млрд. 375 млн. сўм маблағ эвазига 125 ўринга мўлжалланган замонавий кўринишда 0,50 гектар ер майдонидаги янги бинода фаолиятни давом эттиради. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, жорий йилнинг 1 сентябрида ушбу муассасанинг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган», — деди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг