Брюс Ли билан тўққиз йил
Кунг-фу ва каратэнинг мислсиз устаси, дунёга машҳур киноюлдуз Брюс Лининг рафиқаси – америкалик Линда Ли ҳақида нималар маълум? Фред Вайнтрауб хотираларини ўқисангиз, унинг Брюс Ли учун қанчалик яқин инсон бўлганини англаб оласиз: «Брюс менинг яқин дўстим эди. Унинг қалби меҳрга лиммо-лим бўлса-да, қалбан жуда ёлғиз эди. Брюс ҳеч кимга ишонмай бу дунёдан ўтди. Фақат... фақат Линда бундан мустасно».
− 1963 йилнинг 23 октябригача Брюс билан танҳо учрашмаганман, − дейди Линда Ли (қизлик фамилияси Эмери). − Мен уни севиб қоламан, деб ўйламагандим. Чунки эндигина 18 ёшга тўлган, турмушга чиқишни хаёлига ҳам келтирмаган шаддодгина қиз эдим. Қисқаси, мен кунг-фуни ўрганишга келган талабалардан бири бўлганман. Бир куни машғулотда кунг-фу билан шуғулланаётганимизда Брюс зарбамни қайтариб, ерга йиқитди... ва ресторанга таклиф этди.
Ҳаммаси худди кинодагидек бўлди. Брюс менга ёқар, шунинг учун унда яхши таассурот қолдиришни истардим. Учрашувга энг сўнгги урфдаги кўйлагимни кийиб бордим.
Ёдимда, оқшом шукуҳли, мен учун ҳаммаси гўзал эди. Брюс билан узоқ суҳбатлашдик. Мен у ҳақида кўпроқ билгим келар, турли саволларга кўмиб ташлардим. Брюс фалсафа ва психологияни ўқигани, ўрганганини айтиб, ўз фалсафий қарашларидан мени ҳам огоҳ этди.
− Севги, бу − ўтга тушган дўстлик. Аланганинг бошланиши, сержило, қайноқ ва қудратли бўлади. Лекин буларнинг ҳаммаси милтиллаётган чироқдир. Аммо ёш ўтган сайин юрагимиз, ўчириб бўлмас икки тафт билан ёнаётган лахча севгимиз ҳам зийрак ва сезгир бўлади, − деди Брюс.
Шу учрашувдан сўнг уни севмасликнинг имкони йўқ эди мен учун. Университетдаги ўқишим, аниқроғи, инглиз тили курси менга оғирлик қила бошлади. Шунда Брюс менга ёрдамга келди. Асли она тили хитой тили бўлса-да, у инглизчани шу қадар мукаммал ўрганган эдики, сўз бойлиги кўпгина америкаликларга нисбатан ҳам анча бой эди.
1964 йилнинг июлида ҳаётимдаги энг муҳим масалани ҳал қилишимга тўғри келди. Гап шундаки, Брюс кунг-фу машғулотлари биз яшаб турган Сиэтлда яшаш учун етарли маблағ келтирмаслигини, Калифорния штати эса бу борада жуда қулай жой эканлигини айтиб қолди. Шундан сўнг Калифорниянинг Окленд шаҳрига кетиб, яқин дўсти, қатор жанговар санъатлар устаси Жеймс Ли билан маслаҳатлашиб, август ойида қайтди. Жеймснинг хотинидан никоҳ узугини ҳам олиб келибди.
Биз дастлаб Жеймс Лининг уйида яшадик, Кейин бошқа масканга кўчиб ўтдик. Кўп ўтмай Жеймснинг хотини икки гўдагини ташлаб оламдан ўтди. Мен уй юмушлари билан машғул бўлар, болаларга қарар, Жеймсга ёрдамимиз тегаётганидан хурсанд эдим.
Брюс билан тўққиз йиллик ҳаётимизда 11 маротаба уйдан-уйга кўчдик. Аммо бундан кайфиятимизни туширмасликка ҳаракат қилардик. Тўғрисини айтсам, Брюс билан бирга бўлишнинг ўзи мен учун чексиз бахт эди.
Брюснинг фильмлари кетма-кет намойиш қилина бошланди. Кундан-кунга унинг шуҳрати ошиб, киноюлдузга айланиб борди. Афсуски, машҳурлар ҳақида фақат яхши гаплар айтилавермайди. Мени турли миш-миш ва ғийбатлар саросимага соларди. Ҳар сафар Брюс бирор актриса билан роль ўйнаса, албатта, гап-сўзлар тарқаларди. Унинг ўлимидан сўнг ҳам фисқу фасод тинмади. Ғаламислар турли воқеаларни тўқиб чиқаришар, мен ҳам ногаҳонда «Эрим мени шунча пайт аҳмоқ қилдимикан?» деб ўйлаб қолардим.
Брюс кўпинча, «Сен тақдирнинг менга ато қилган беқиёс хазинаси, болаларим билан ёнимда бўлсанг бас, бу ҳаётим учун жуда зарур», дерди. Унинг гаплари самимий ва дилдан айтиларди. Мен буни қалбим билан ҳис қилар, шунда ҳар хил гумонли хаёллар миямни тарк этар эди.
Брюс Ли машиналарни яхши кўришини яширмасди. Аммо энг севимли машғулоти китоб ўқиш эди. Ҳеч қачон китобларга эътиборсиз бўлмас, уларга «ғояларнинг сарчашмаси» деб қарарди. Брюснинг кутубхонасида фалсафий китоблар ниҳоятда кўп эди. Мен унинг китоблар, газеталар ёки қадимги Хитой Дао-монахларининг кураши акс эттирилган суратлар дунёсига ғарқ бўлиб ўтиргани, чуқур ўйга чўмиб шеър ёзаётган ёки таржима қилаётган пайтларини эслашни яхши кўраман.
Куз ёмғири,
Кезар қора булутлар,
Гулларнинг боши хам, ой юзи рангпар
Қушлар шошиб учиб кетар қайгадир.
Мана куз ҳам келди,
Бизларга
Ёлғизлик, ҳижронни туҳфа этгали
Айрилиш фурсати етди ниҳоят.
Кўп сўзлар айтилди орада, бироқ
Дилни тарк этмади туйғулар мутлоқ.
Зеро, қолгусидир сенга бу оят.
Ёлғизлик азоби этганда ҳамла
Кимсасиз гўшада сен уни эт ёд
Ва яна билгинки: барча ўйларим
Сен ҳақингда эди, фақат сен ҳақда.
Мен Брюс билан яшаган йилларимда нима ҳақда орзу қилиш мумкин бўлса, ҳаммасини топдим. У кайфияти тез ўзгариб турувчи қайноқ ва таъсирчан инсон эди. Танишларим мени вазмин ва ҳиссиётли аёл деб ҳисоблашади. Мен Брюс билан ҳамфикр бўла олар, унга осойишталик, самимий муҳаббатимни бера олардим.
Бугун Брюс ёнимда йўқ. Усиз азоб чеккан пайтларимда Хитой шоири Цзу Ейнинг қуйидаги сатрларини ёдга оламан. Дарвоқе, уни Брюс хитой тилидан инглизчага ўгирган эди.
... Ахир сену мен
Бир улкан дарахтнинг икки бутоғи
Сен кулсанг
Менинг ҳам қалбимда кулгу
Ўксидинг −
Менинг ҳам дилимда қайғу
Фақат ишқ!
Бўлиши мумкинми ҳаёт ўзгача?
Ва ё мен?
Ва ё сен.
Иззат Аҳмедов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter