Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бобур қўрғони – ривоятми, ҳақиқат?

Бобур қўрғони – ривоятми, ҳақиқат?

Фото: Xabar.uz

Халқимиз тарихида буюк шахслар, саркардалар, алломалар кўп ўтган. Ана шундайлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур бўлиб, у миллатимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Бобур билан боғлиқ жойлар, ривоятлар халқимиз орасида тилдан тилга кўчиб юради. Шулардан бири билан танишамиз.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги «Оқработ» қишлоғи Ҳисор тоғ тизмаларининг этагида «М-39 – Тошкент-Термиз автомобил йўли» ёқасида Сурхондарё вилояти билан чегара ҳудудида жойлашган. Қадимий «Буюк Ипак Йўли» ҳам шу қишлоқ ҳудудидан ўтганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Оқработ қишлоғининг энг юқори қисми Дара деб аталади, даранинг бошида арчазорлар орасида тошдан қурилган қўрғон бўлиб, халқ орасида «Бобур қўрғони» деб юритилади. Мазкур қўрғон ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда учрамаса ҳам, лекин ота-боболаримиздан, яъни авлоддан авлодга ўтиб келаётган оғзаки маълумотлар, ривоятлар орқали кўпчиликка таниш ҳисобланади.

Қишлоқ кексаларидан Ҳайит бобо Раҳмон ўғлининг (96 йил умр кўриб 1992 йил вафот этган) ҳикоя қилишича, Бобур деган подшоҳ Шайбонийхондан енгилгач Каттапойга келиб макон тутади (Каттапой – Даранинг тепа қисми) ва деҳқончилик қилади, ғалла экади. Бобур Каттапойда минг қўш юритган, деган ривоятлар ҳам бор.

Бобур рақиби Шайбонийхон тўсатдан ҳужум қилишидан хавотирда яшаган ва йўлни кузатиб туришга одамларини қўйган. Айғоқчилари ёрдамида Бобурнинг Каттапойда истиқомат қилаётганлигидан воқиф бўлган Шайбонийхон кучли ҳийла ишлатади. Яъни юзлаб аскарлари билан бирга минглаб от ва эшакларга шох-шабба судратиб, чанг-тўзон кўтариб, Бобурга қарши «уруш» бошлайди. Бобурнинг нигоҳбонлари узоқдан қиёмат қўпиб, катта лашкар келаётганлигининг хабарини Бобурга етказадилар.

Бу хабардан сўнг Бобур ошиқни қўлига олиб, олчи, умма, чикка ўзимники, дикка Шайбонийхонники деб уч марта ошиқни ташлайди, учаласида ҳам дикка тушади. Шу билан жангсиз чекиниб, Хуросонга ўтиб кетган экан.

Бобурнинг ҳозирги Афғонистон ҳудудига ўтиб кетиши милодий 1503 йилларга тўғри келади. Афсуски, «Бобурнома»да ўн йилдан ортиқ давр воқеалари ёзилмаган. Бобур қўрғони билан боғлиқ воқеалар ҳам ана шу даврга тўғри келади.

1984-1985 йилларда Деҳқободлик машҳур бахши Қодир бахши Раҳимов ҳам Бобурнинг Оқработда яшаган даври ҳақида «Ойчинор» номли достон битган.

Қишлоқ кексалари гурунгида «Шайбоний келди — Бобур қочди» ибораси ҳозиргача қўлланилади. Бу ибора кўпинча даврага бирор киши келиб қўшилганда бошқаси даврани тарк этганда айтилади.

Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев сайёҳлик соҳасини ривожлантириш учун бир қанча қарорлар чиқарди. Бобур қўрғонини ҳам аслидек асраб, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борсак, сайёҳларни жалб қилсак, шонли тарихимизнинг бир парчасини яхшироқ ўрганишга ва келажак авлодга етказишга катта ҳисса қўшган бўлар эдик.

Бахтиёр Назаров,
Деҳқонобод туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси

PS: Оқработ қишлоғидаги ушбу тарихий жой ва унинг туристик салоҳияти ҳақида Xabar.uz'да аввал ҳам мақола чоп этилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг